4 октябрь куни Қирғизистонда парламент сайловлари бўлиб ўтди — расмий натижаларга кўра, унда мамлакат президенти Сўронбай Жээнбековнинг оиласига ва бошқа нуфузли мансабдорларга яқин бўлган партиялар ғолиб бўлди. 5 октябрь куни мухолифат тарафдорлари кўчаларга чиқди — уларни куч вакиллари шафқатсизлик билан тарқатиб юборди. Аммо 6 октябрга ўтар кечасиёқ мухолифатчилар бир нечта маъмурий биноларни, шу жумладан, Оқ уйни эгаллаб олди. Натижада Марказий сайлов комиссияси сайловлар якунларини ҳақиқий эмас деб эълон қилди, бош вазир Кубатбек Бўронов истеъфо берди, аммо амалдаги президент ҳокимиятдан воз кечмади. Meduza ушбу ҳудуд бўйича мутахассис, сиёсатшунос Аркадий Дубновдан Қирғизистонда содир бўлаётган воқеалар юзасидан асосий саволларга жавоблар олди.

Фото: AFP

Бу норозилик намойишлари кутилганмиди? Ўзи Қирғизистонда сўнгги вақтларда нималар бўлган эди?

Шахсан мен учун Бишкекда воқеаларнинг бундай ривож олиши кутилмаган бўлди. Бироқ Қирғизистондаги вазият жуда тезкорлик билан ўзгаради. Ҳар сафар ҳукумат ва унга қарши чиқувчилар бир хил хатони такрорлайди — натижада қонли тўқнашувлар юз беради, бунинг чўққиси давлат тўнтариши бўлиши мумкин. Бу «хато» — мамлакатда содир бўлаётган воқеаларга етарлича баҳо бермаслик, уларнинг моҳиятини тушунмаслик, воқеалар ривожини таҳлил қила олмаслик ва ҳеч бўлмаганда бир-икки қадам олдинни кўра билмаслик. Қирғизистонда содир бўлаётган нарсаларнинг барчасига ўз сиёсатчилари ва ҳукуматининг аҳмоқлиги сабаб бўлмоқда. Уларга ҳеч ким — на Москва, на Пекин таъсир қилмоқда.

Амалдаги президент (Сўронбай Жээнбеков) — Қирғизистоннинг бешинчи президенти. Қирғизистон президентининг ҳокимият тепасига келиши доим республикадаги парадигманинг навбатдаги ўзгариши билан боғлиқ бўлади, у аслини олганда (тоғ тизмаси билан) икки қисмга бўлинган: жануб ва шимол. Ҳокимиятда жануб ва шимол вакиллари бор — Қирғизистонда бу ҳақда гапиришни унча ёқтиришмайди, аммо доим буни назарда тутишади. Жорий президент жанубий кланлар (уруғлар) вакили ҳисобланади.

Жээнбеков мамлакатни бор-йўғи уч йилдан буён бошқармоқда. Мамлакат жуда камбағал, у ерда янги инвестициялар олиш ва қарзларни тўлаш имкониятлари мавжуд эмас — Бишкек чуқур қарз ботқоғига ботган, энг кўп қарз — Хитойдан. Мамлакат жуда оғир аҳволда, айниқса, пандемияга қарши курашдан кейин. Пандемия катта рол ўйнади: Қирғизистон ички сиёсий ағдар-тўнтарлар вирусга қарши кураш оқибатлари билан боғлиқ бўлган мамлакатлардан биридир.

Нима учун сайлов натижалари намойишчиларни норози қилди?

Натижалари бундай шиддатли тўлқинларни келтириб чиқарган бу галги парламент сайловлари Жээнбековнинг президентлиги давридаги биринчиси бўлди. Анча у пухта сиёсатчи бўлиб, у ёки бу сиёсий партияга нисбатан тенг масофада эканлигини айтиш орқали овозларнинг адолатли ҳисобланишини таъминлашига умид қилган эди. Аммо, афсуски, у мамлакатдаги одамлар унинг укаси (Асилбек Жээнбеков) раҳбарлик қилувчи партияни ҳукуматпараст деб қабул қилмасдан қолмаслигини негадир ҳисобга олмаган. Шундай бўлиб чиқди ҳам — бу партия расман президентдан айри бўлса-да, анчагина маъмурий ресурсдан фойдаланди.

Иккинчи партия тепасида эса мамлакатдаги таниқли арбоб — божхона хизмати раҳбарининг собиқ ўринбосари Раим Матрайимов бўлиб чиқди. Ҳеч кимга сир эмаски, у ўзининг улкан бойлигига мамлакат чегараларидаги коррупциявий схемалар орқали эришган. У судланмаган, устига устак, унга партия тузиш имконияти берилган, у эса катта пуллари эвазига юз минглаб сайловчиларнинг овозларини сотиб олган. Одамлар олган кичик миқдордаги пуллар қарзларининг бир қисмини ёки уй-жой ва коммунал хўжалик тўловларини тўлашга етарли эди. Сиёсий масъулият ғоясидан одамларнинг узоқ эканлигини тушуниш мумкин — мамлакат жуда камбағал.

Бу икки партия энг кўп овозларни тўплади. Агар сайловлар ҳақиқий деб тан олинганида, парламентдаги мутлақ кўпчиликни жанубий клан ташкил қилган бўларди. Бу парламент маррасидан ўта олмаганларни норози қилмай қўймасди. Оқибатда улар одамларни кўчаларга чиқишга чақирди. Маъмурий ресурсдан фойдаланиш, коррупционэрларнинг пойгага қўйилиши нималарга олиб келишига етарлича баҳо бермаслик ҳамда норозилик етакчиларининг масъулиятсиз хатти-ҳаракатлари хаос ва тартибсизликни келтириб чиқарди.

Юз бераётган нарсаларни инқилоб ёки тўнтариш деб аташ мумкинми?

6 октябрга ўтар кечаси юз берган ҳолатни «тўнтаришга сал етмай қолиш» деб ҳисоблаш мумкин. Ҳамма бало шундаки, намойишчиларнинг умумий фикрни ифода қилиши мумкин бўлган сиёсий етакчиси йўқ. Бугунги кунда партияларга исмини ҳеч ким танимайдиган ёш одамлар етакчи бўлмоқда — уларнинг масъулияти ва тажрибаси ҳам бўлиб ўтган воқеада ўз ролини ўйнаган.

Навбатдаги президент ҳокимиятдан ағдарилиши билан боғлиқ ҳодисаларни тўнтариш деб ҳисоблаш мумкин бўларди. Ҳозир ҳукумат кўчадаги босим қаршисида оломоннинг собиқ президент, бош вазир, депутатларни ҳибсдан озод этишга интилишлари қаршисида ожиз бўлиб қолди. Бу куч вакиллари халқ томонига ўтишидан аввал эди. Аммо президент айни пайтда ҳокимиятдан воз кечгани йўқ.

Кўпчилик ҳозирги воқеаларни Беларусдаги норозиликлар билан қиёсламоқда. Бу тўғрими?

Фикримча, Қирғизистон ва Беларусдаги норозиликларни қиёслаб бўлмайди — худди думалоқни яшил билан таққослаб бўлмагани каби. Украина собиқ президенти Леонид Кучманинг «Украина — Россия эмас» деган китоби бор эди. Шунга ўхшатиб, Қирғизистон — Беларусь эмас, дейишим мумкин. Икки халқ мутлақо ўхшамайди.

Қирғизистондаги сайловолди ташвиқоти сиёсий партиялардан бирининг мамлакат бўйлаб отда марш юришларини ўз ичига олиши мумкин. Бу у ерда нормал ҳисобланади, чунки қирғизлар болалигидан отда юришни ўрганади. Агар бундай марш Беларусь ўрмонларида бўлиб ўтганида ҳамма уларни мамлакатдаги вазиятни қўлда қамчи билан ўзгартирмоқчи бўлган чет элликлар деб ўйлаган бўларди.

Қирғизлар қизиққонроқ, уларнинг темпераменти бошқача. Муносабатларни ойдинлаштириб олиш вазифасини эркаклар ўз бўйнига олади, шу жумладан, сиёсий муносабатларни ҳам. Муносабатларни намойишчилар ва куч вакиллари ойдинлаштириши мумкин, шу туфайли ижтимоий тартибнинг бузилиши келиб чиқмоқда. Беларусда норозиликлар анча тинчроқ ўтади. Масалан, Қирғизистонда намойишга болаларни олиб чиқиш жуда хавфли — бу ота-оналар томонидан кўрсатиладиган масъулиятсизликдир.

Президент ҳали вазиятни ўнглай оладими ёки кетишига тўғри келадими?

Агар президент куч тузилмаларини ўзига яқин шахсларнинг кучлари билан бирлаштира олса. Аммо биз чуқур кризис вазиятини кўряпмиз. Мамлакатдаги воқеалар назоратини ўз қўлига олишга норасмий, собиқ раҳбарлар, куч вакиллари, таниқли сиёсатчилар уринмоқда. Уларнинг баъзилари авторитетга эга. Аммо ҳукумат улар билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини мен кўрмаяпман.

Қандайдир мувозанатни қайта тиклашга бўлган яна бир уриниш бор — аллақандай мувофиқлаштирувчи кенгашнинг таъсис этилиши, унга Омурбек Бабанов каби собиқ бош вазирлар асос солган. Бироқ ҳозирча президент вазиятни барқарорлаштириш учун улар билан мулоқотга киришишга тайёрлигини кўрмаяпман. У ҳақиқий ҳокимиятни қўлдан чиқаришдан ва кланлар мувозанатини тескари томон фойдасига ўзгартиришдан қўрқаётганга ўхшайди.

Жээнбеков ўз таъсирига, воқеалар ривожини назорат қилиш қобилиятига жиддий даражада путур етказди. Бу унинг ҳозир кетиши кераклигини билдирадими? Бунга шубҳам бор, чунки акс ҳолда бу хаосга ва бошқа қонуний ҳукумат тузилмалари мавжуд бўлмаган бир пайтда мамлакатдаги вазият устидан назоратнинг тўлиқ бой берилиши олиб келади, ахир парламент йўқ, ҳукумат ташкиллаштирилмаган. Президент бўлган воқеани эътиборга олиб қўйиши ва жавобгарликдаги ўз улушини тан олиши керак. Ҳамда бу хатоларни тузатишга — унга қарши бўлганлар ёки ундан норози бўлганлар билан муросага келишга уриниб кўриши керак.