Қирғизистон бош вазири Кубатбек Бўронов мамлакатда парламент сайловидан кейин бошланган намойишлар ва тартибсизликлар ортидан истеъфога чиқди. Бу ҳақда Meduza хабар берди.
Қирғизистон парламенти собиқ депутат Садир Жапаровни мамлакатнинг янги бош вазири этиб тайинлаш учун овоз берди. Садир Жапаров 5 сентябрь куни намойишчилар томонидан Бишкекдаги қамоқхоналардан биридан озод қилинган. У тартибсизликлар ташкил қилиш айби билан 10 йиллик қамоқ жазосини ўтаётганди.
Аввалроқ Қирғизистон парламенти раҳбари Достон Жумабеков истеъфога чиққан. Мамлакат президенти Сўронбой Жээнбеков мухолифат билан музокараларга тайёрлигини маълум қилган.
Бишкекда 5 октябрь куни мамлакат парламентига ўтказилган сайлов натижаларидан норози бўлган минглаб кишилар намойишга чиқди. Намойишлар тартибсизликка айланиб кетди, тартибсизликларда бир неча юз киши жароҳат олди, бир киши вафот этди. Намойишчилар мамлакат парламенти ва президент администрацияси жойлашган бинони эгаллаб олди, шунингдек, мамлакатнинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев ва собиқ бош вазир Сапар Исаковни қамоқдан озод қилди.
Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси 6 октябрь куни парламент сайлови натижаларини ҳақиқий эмас деб топди.
Аввалроқ Бишкек шаҳрига намойишчилар томонидан янги мэр тайинлангани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)