XVI асрда Ёвуз Султон Салим, Сулаймон Қонуний ва унинг ўғли Салим II даврларида Усмонли давлати ўз қудратининг юқори чўққисига чиқди. Айнан Султон Салим II даврида Усмонли қудратининг секинлик билан заифлашуви ҳам бошланди. 1571 йил 7 октябрь куни Усмонлининг қудратли давридаги энг йирик денгиз мағлубияти куни сифатида тарихда қолди. Шу куни Усмонли денгиз флоти Европанинг христиан денгиз иттифоқчиларидан тузилган Муқаддас Лига флотидан мағлуб бўлди. Жанг тарихда Лепанто жанги, турк манбаларида Инебаҳти денгиз жанги дея қайд этилди. «Дарё» сана муносабати билан бугун ушбу денгиз жанги ҳақида ҳикоя қилади.
Тарихий шароит
Усмонли давлати қуруқликда қандай қудратга эга бўлса, денгизда ҳам шундай қудрат соҳиби эди. Ўша даврда Ўрта денгизда жойлашган Қибрис (Кипр) ороли Миср–Истанбул денгиз савдо йўлидаги энг муҳим тўсиқлардан бири эди. Орол венецияликлар қўлида бўлиб, у ердаги насроний қароқчилар Венеция расмийлари қўлловида денгиздаги савдо ва ҳаж кемаларига тез-тез ҳужумлар уюштириб турарди. Шунда Қибриснинг фатҳи учун фатво олиниб, Қибрисга уруш очилди. Лефкоша, Мағуса каби шаҳарлар эгалланди ва 1570–1571 йилларда Қибрис эгалланиб, бейлар беклиги этиб белгиланди. Шу тариқа Қибрис ҳам Усмонли ҳудудига айланди.Қибриснинг Усмонли томонидан эгалланиши Европада хавотир уйғотди. Натижада Папа Пи, Испания қироли ва Венеция графи Усмонлига қарши иттифоқ тузди. 1571 йил 15 майда тузилган мазкур иттифоқ Муқаддас Иттифоқ деб номланди. Иттифоққа, шунингдек, генуяликлар ва Мальта рицарлари ҳам қўшилди. Усмонли давлати эса мазкур иттифоқдан хабар топди ва девон Европага қарши кучли бир флот тайёрлаш ҳақида қарор қабул қилди. Аммо девондаги беқарорлик сабабидан флот бошига қуруқлик қўмондонларидан бири Муэззинзода Али Пошо келтирилди. Ушбу жанг 1570–1573 йиллар орасида юз берган Усмонли-Венеция уруши доирасидаги бир денгиз жанги эди.
Флот таркиби
Ушбу жангга Муқаддас Лига Европа шу пайтгача кўрмаган катта куч йиғди. Флотдаги барча кемалар сони 300 тани ташкил қиларди. Шулардан 108 та Венеция галералари (ҳарбий кема), 81 та испан галераси, 32 та Рим папаси ва бошқа италян давлатлари томонидан юборилган галера эди. Бундан ташқари, олтита йирик галеас – елканли йирик жанг кемалари ҳам лига ихтиёрида мавжуд эди. Улардаги жами инсон капитали 84 мингни ташкил қилар эди. Аскарлар орасида машҳур испан адиби Мигель де Сервантес ҳамда унинг укаси Родриго ҳам бор эди. Флотга Испания қироли Карл V нинг ноқонуний ўғли Дон Жуан қўмондонлик қилди.Усмонли
Усмонли флоти ҳам шунча кемаларга, жумладан, 210 та галера ва 66 та галиотга эга эди. Инсон капитали эса 88 мингни ташкил қилар эди. Юқорида айтилганидек, флотга Муэззинзода Али Пошо қўмондонлик қилган эди. Усмонли тарихчилари унинг шу пайтгача умрида бирорта ҳам денгиз жангида қатнашмаганини таъкидлайди.Жангнинг бориши, йўқотишлар, натижа ва оқибатлар
1571 йил 7 октябрь куни эрта тонгда икки флот бир-биридан хабарсиз Лепанто шаҳри яқинидаги Ион дарёсидаги Патрас кўрфазида учрашди. Кўрфазга кириш лига флоти томонидан тўсиб қўйилди, натижада у ердан чиқиб кетишнинг имкони қолмади. Чиқиш учун, албатта, тўқнашув бўлиши керак эди. Денгиз жанги кемалар бортидаги пиёда жангларига айланиб кетди. Лиганинг галеаслари турклар ҳимоясини тартибсизликка учратди. Саросимага тушган турклар тарқалиб кетди.Жанг давомида Усмонли қўмондони жойлашган кема Дон Жуан томонидан эгалланди. Адмирал Муаззинзода Али Пошонинг калласи олиниб, испан флотининг асосий кемаси бошига илиб қўйилди. Жанг кечга яқин насронийлар ғалабаси билан якунланди. Аммо шу куни денгиз икки томондан ҳам берилган қурбонлар қони билан қизил рангга бўялган эди.
Жанг оқибатида насронийлар тарафдан етти минг аскар ҳалок бўлгани ва 20 минги жароҳат олгани айтилса, Усмонлининг 20 минг аскари ҳалок бўлди ва жароҳатланди. 3 500 дан беш минггача турк аскари асир олинди. Яна бир қисм асирлар юнонлар томонидан қириб ташланди.
Усмонлининг 117 та галераси ва 13 та галиоти Лига флоти томонидан қўлга киритилди, 62 та галераси эса чўктириб юборилди. Насронийларнинг эса бир неча 10 кемаси йўқ қилинди. Шунингдек, Усмонлининг 450 та тўплари тортиб олинди. Усмонлининг Улуч Али Пошо қўмондонлигидаги бўлинмасигина Истанбулга қайтиб келишга муваффақ бўлди.
Мазкур жангдаги мағлубиятга қарамасдан, Усмонли ўзини тиклаб олди ва 1572 йилнинг ёзида Улуч Али қўмондонлигидаги Усмонли флоти венецияликларни мағлубиятга учратди. Венеция эса сулҳ тузишга мажбур бўлди. Қибрис Усмонли мулки бўлиб қолаверди. Венеция эса 300 минг дукат ўлпон тўлаш мажбуриятини олди.
Мазкур жанг XVI асрдаги энг йирик денгиз жанги бўлиб қолди. Ушбу мағлубият Усмонлининг енгилмаслиги ҳақидаги гап-сўзларни йўққа чиқарди, деб ҳисоблайди тарихчилар. Гегелнинг фикрича, мазкур ғалаба нафақат Италияни, балки бутун Европани Усмонли босқинидан сақлаб қолди. Аммо Лиганинг ушбу ғалабаси урушнинг умумий ҳолатига унча катта таъсир қилмади ва юқорида айтганимиздек, Қибрис Усмонли қўлига ўтди. Усмонли садри аъзами (бош вазири) Сокуллу Меҳмет Пошо Венеция элчиси Маркантанио Барбарога мазкур мағлубият ҳақида қуйидагиларни айтган эди:
«Сиз бу ерга бизнинг омадсизлигимизни қандай қабул қилганимизни кўргани келгансиз. Лекин сиз бизнинг йўқотишимиз ва ўзингизнинг йўқотишларингиз орасидаги фарқни билиб олишингиз керак. Қибрисни қўлга киритиб, биз сизнинг қўлингизни кесдик, сиз эса бизни Лепантода мағлуб этиб, соқолимизни қирдингиз. Кесилган қўл қайта ўсиб чиқмайди, лекин қирилган соқол янгидан мустаҳкам бўлиб ўсиб чиқади».
Жаҳонгир Остонов тайёрлади.
Изоҳ (0)