Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Эронга қарши ўтказадиган ўртоқлик учрашувига чекланган миқдорда мухлислар киритилишига рухсат берилди. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол ассоциацияси (ЎФА) хабар бермоқда.

Фото: ЎФА

Қайд этилишича, мазкур учрашувни карантин талабларига риоя этган ҳолда ташкил этиш бўйича ҳукумат доирасида махсус йиғилиш бўлиб ўтган.

Унда қабул қилинган қарорга кўра, «Пахтакор» стадиони мезбонлик қиладиган Ўзбекистон—Эрон ўртоқлик учрашувига 1000 нафар томошабин киритилишига рухсат берилган.

Шунингдек, «Ўзбекистон» спорт мажмуасида ўтадиган футзал бўйича Ўзбекистон—Эрон ўртоқлик ўйинига ҳам томошабинлар киритилишига рухсат берилган. Мазкур учрашувга 200 нафар томошабин ташриф буюриши мумкин.

Ҳар иккала учрашув чипталари сотилмайди, уларни тақсимлашда эса Суперлига ва Про Лига жамоаларининг фан клублари ёрдамидан фойдаланилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон—Эрон учрашуви 8 октябрь куни соат 18:00 да бошланади. Футзал жамоасининг ўйинлари эса 7 ва 9 октябрь кунларига белгиланган.

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!