Бош вазирнинг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари – Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров Халқаро пресс клубнинг 26 сентябрь куни ўтказилган сессиясида давлатнинг камбағалликка қарши кураш сиёсати юзасидан маълумот берди.

Жамшид Қўчқоров

Фото: «Дарё»

«Камбағалликни одамларга пул тарқатиш орқали қисқартириб бўлмайди. Камбағалликни қисқартирадиган омиллари бу — иқтисодиёт, тадбиркорлик, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларининг ривожланиши. Шу сабабли пандемия шароитида ҳам иқтисодий тараққиётга хизмат қиладиган зарур чора-тадбирларни амалга оширилса бу қашшоқликка қарши курашдан далолат беради», — деган Қўчқоров.

Бош вазир ўринбосари таълим ҳамда соғлиқни сақлаш хизматларидан фойдаланиш имкони бўлмаса, оилалар яна ҳам камбағаллашиб, иқтисодиётда талаб яъни эҳтиёж камайиб, мамлакатнинг макроиқтисодий кўрсаткичлари тушиб кетишини қайд этди.

«Агар иқтисодий тараққиёт паст бўладиган бўлса, аҳолининг камбағаллиги камайиши ҳам жуда секин кечади, бошқа томондан камбағалликнинг қисқариши иқтисодий тараққиётга хизмат қилади. Хўш, бу қандай юз беради? Камбағал оилаларда соғлиқни сақлаш ва таълим хизматларидан фойдаланиш имкони бўлмаса, улар яна ҳам қашшоқлашади, иқтисодиётда эса талаб камаяди. Иқтисодиёт ўз эҳтиёжларини юқори сифатли кадрлар билан қоплай олмайди, соҳанинг кўрсаткичлари кескин пасайиб кетади», — дея таъкидлаган Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири.

Қўчқоровнинг таъкидлашича, коронавирус пандемияси шароитида апрель, май ва июнда ҳукумат, асосан, ишлаб чиқариш ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаган, август ойидан бошлаб эса аҳолининг кам таъминланган қатламига кўмак берилди.

Ҳукумат вакилининг сўзларига кўра, Қурбон ҳайити арафасида 182 минг кишига жами 154 миллиард сўм, яъни ўртача 850-900 минг сўмдан пул, кейинги босқичда 280 минг оилага 220 минг сўмдан пул тарқатилган. Шунингдек, 41 минг нафар тиббиёт ходимларига ҳам ёрдам кўрсатилган. Бундан ташқари, Мусулмонлар идораси ҳузуридаги «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан 150 миллиард сўм маблағ ажратилган. 845 минг нафар болалар учун 422 миллиард сўм (ҳар бирига 500 минг сўмдан) берилган.

Жамшид Қўчқоров Ўзбекистонда 2020 йил бошида 552 мингта кам таъминланган оилаларга ойлик ижтимоий тўловлар тўлангани, июнда ушбу кўрсаткич 774 мингта оилага, июлда эса 876 мингтага етгани, йил охиригача ижтимоий нафақалар тўланадиган оилалар сонини 1,2 миллионга етказиш кўзда тутилганини билдирди.

«Ўзбекистонда тахминан 8 миллионта оила борлиги ҳисобга олинса, уларнинг 15 фоизи декабргача ижтимоий нафақаларини олади… Масалан, Қорақалпоғистонда ҳар тўртинчи оила давлатдан ижтимоий тўлов олади, Қашқадарё, Сурхондарё, Сирдарё ва Жиззах вилоятларида ҳар бешинчи оилага ижтимоий нафақа тўланади», — деган Қўчқоров.

Вазир пандемиянинг ижтимоий ҳимоя борасидаги камчиликларни аниқлаш ва уларни бартараф қилиш чораларини амалга оширишга ёрдам берган деб ҳисоблашини билдирган.

«Орол денгизи бўйидаги Хоразм вилоятида иқлим ва бошқа муаммолар сабаб шароити оғирроқ ҳудуд ҳисобланади. Йил бошида вилоятдаги оилаларнинг 5 фоизига нафақа берилган, Навоий вилоятида ҳам қарийб 5 фоиз – аниқроқ айтилса 4,6 фоиз. Навоий вилояти Тошкент шаҳри ва пойтахт вилоятидан кейин камбағаллик кўрсаткичининг пастлиги бўйича учинчи ўринда. Лекин икки вилоятда (Хоразм ва Навоий) нафақа олувчилар сони деярли бир хил. Бу борадаги хатони тўғрилаяпмиз, энди Хоразм вилоятидаги 17 фоиз оилалар ижтимоий нафақа билан қамраб олинади», — дейди Жамшид Қўчқоров.

Давлат гранти асосида таълим олаётганлар, қизлар учун алоҳида грантлар ажратиш, олий таълимга қамраб олинган аҳоли сонини ошириш ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги бошқа чора-тадбирлар ҳам камбағалликни бевосита қисқартиришга қаратилган.

«Соғлиқни сақлаш тизимига келсак, даромади ўртача бўлган муайян оилада кимдир оғир, сурункали касалликка чалинса, ушбу оиланинг камбағал оилага айланиш эҳтимоли ҳам ортади. Шу сабабли таълим ҳамда соғлиқни сақлаш соҳалари камбағалликка қарши курашишда асосий мақсадлардан бири бўлиб қолади», — дейди вазир.