Хайрулло Бозоров Фарғона вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Бу ҳақда 25 сентябрь куни Президент администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов ва Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов бошчилигида Фарғона шаҳрида бўлиб ўтган вилоят фаоллар йиғилишида маълум қилинди.

Хайрулло Бозоров.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Йиғилишда вилоятга 2011 йилдан буён раҳбарлик қилиб келган Шуҳрат Ғаниев бошқа ишга ўтаётгани муносабати билан вилоят ҳокими лавозимидан озод этилгани тўғрисидаги Президент фармони ўқиб эшиттирилган. Давлат раҳбарининг бошқа фармони билан шу кунгача Наманган вилояти ҳокими лавозимида ишлаб келган Хайрулло Бозоров Фарғона вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинлангани билдирилган.

Хайрулло Бозоров, Зайнилобиддин Низомиддинов ва Абдулла Арипов.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Аввалроқ Ўзбекистон Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси лавозимида ишлаб келган Шавкатжон Абдураззоқов Наманган вилояти ҳокими этиб тайинлангани маълум бўлганди. Шуҳрат Ғаниев бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимини эгаллаши кутилмоқда.