Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари Фарғона вилоятининг собиқ ҳокими Шуҳрат Ғаниев номзодини бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига маъқуллади. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати "Дарё"га хабар берди.

Шуҳрат Ғаниев.

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати

«2020 йил 25 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига Шуҳрат Ғаниев номзодини кўриб чиқди. Халқ вакиллари томонидан Шуҳрат Ғаниев номзоди маъқулланди», — дейилади Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабарида.

«Дарё»га маълум қилинишича, мажлисда Қонунчилик палатасининг 150 нафар депутатидан 122 нафари қатнашган. Қонунчилик палатасининг мажлислар залидан 50 дан ортиқ депутат иштирок этган. Депутатларнинг қолганлари эса хизмат сафарида бўлган ва вилоятлардаги студиялар орқали қатнашган. Мажлисда қатнашган 122 нафар депутатнинг бари Шуҳрат Ғаниев номзодини ма'қуллаган. Овоз бериш жараёнида қарши бўлган ёки бетараф қолган депутатлар бўлмаган.

Аввалроқ Шуҳрат Ғаниев Ўзбекистон бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимида иш бошлаши ҳақида хабар берилганди. Шу сабабли у Фарғона вилояти ҳокими лавозимидан озод этилган.

Шуҳрат Ғаниевнинг ўрнига шу пайтга қадар Наманган вилояти ҳокими сифатида ишлаб келган Хайрулло Бозоров Фарғона вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Наманган вилояти ҳокими лавозимига эса Ўзбекистон Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси лавозимида ишлаб келган Шавкатжон Абдураззоқов тайинланди.

Эслатиб ўтамиз, Шуҳрат Ғаниев 2020 йилнинг 20 сентябрь куни коронавирус асоратлари оқибатида вафот этган Ўзбекистон бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича собиқ ўринбосари Ўктам Барноев ўрнини эгаллади.