Россия таркибига кирувчи Хакасия давлати Олий суди Ички ишлар вазирлигининг республика бошқармаси гиёҳванд моддаларни назорат қилиш бошқармасининг собиқ бошлиғи Юрий Зайцевни умумий режимдаги колонияда саккиз йилга озодликдан маҳрум қилди, деб хабар бермоқда Meduza.

Кадр: YouTube / Хакасия ахборот агентлиги

У пора олиш ва давлат сирларини ошкор қилишда айбдор деб топилган. Собиқ полиция ходими ҳам 156 минг рубль миқдорида жаримага тортилиб, ҳам подполковник унвонидан маҳрум қилинди. Зайцев ҳимоячиси суд ҳукми устидан шикоят қилишини айтди.

Тергов маълумотларига кўра, 2018 йил декабрь ойида Зайцев интернетда гиёҳванд моддалар сотувчиси билан боғланиб, 52 минг рублга тенг биткоинларда пора эвазига шу сотувчидан гиёҳванд моддаларни ўғирлаган шахсни ҳибсга олишга рози бўлган.

Зайцевга қарши иш 2019 йил март ойида очилган. Бундан бир оз олдин, турмуш ўртоғининг сўзларига кўра, Зайцев вилоят гиёҳванд моддалар назорати бошқармаси раҳбарияти интернет дўконлар орқали гиёҳванд моддалар савдосини ҳимоя қилаётганини билиб, бу ишни бас қилишни талаб қилган.

Бунга жавобан у «ички ишлар органлари ходимининг шаънига путур етказадиган хатти-ҳаракат» учун хизматдан четлаштирилган.

Зайцев рафиқасининг сўзларига кўра, унинг гиёҳванд сотувчидан пора олганлиги ҳақидаги маълумотлар терговчиларга Ички ишлар вазирлигининг Хакасия бўйича гиёҳванд моддаларни назорат қилиш бошқармаси бошлиғи, Зайцевни гиёҳванд моддалар савдосида гумон қилган юқори лавозимли полициячилардан бири Евгений Лисих томонидан етказилган.

2019 йил ноябрь ойида Зайцев Россия президенти Владимир Путинга видеомурожаат йўллаган. Унда бу жиноий схема ҳақида батафсил гапириб берган.

Шундан сўнг унга нисбатан давлат сирларини ошкор қилиш, камерада наркодилер билан махфий ёзишмаларнинг бир қисмини намойиш қилгани учун иш очилган. Зайцев уй қамоғидан тергов изоляторига ўтказилган.

Хакасия Ички ишлар вазирлиги Зайцевнинг ҳаракатларини «бўлимни обрўсизлантиришга уриниш» деб атаган. 2019 йил охирида Ички хавфсизлик хизмати текширишни бошлаган, аммо унинг натижалари ҳақида ҳеч нарса хабар қилинмади.