Хирмон тўлиб тўкилди дон

Ноннинг ушоғи ҳам нон

Ҳар қандай халқнинг ўз таомномаси ва унда асосий ўринни эгаллайдиган егуликлар бўлади. Болажон халқимиз дастурхонидаги энг тансиқ неъмат нима деб сўрасангиз, ҳеч иккиланмай унинг марказига нонни қўйиш мумкин. Чиндан ҳам бу табаррук неъматни ҳамиша қадрлаб кўзга сурамиз, унинг ушоғини ҳам исроф қилмай эъзозлаймиз. Нонга нисбатан бундай инсоний муносабат болалигимиздан қон-қонимизга сингиб кетган.

Бугун бамисоли бир пиёла сувдек қалқиб турган безовта дунёда озиқ-овқат, жумладан, нонга бўлган эҳтиёж ҳар қачонгидан ҳам юқори бўлиб қолаётганини кўриб-билиб турибмиз. Аҳоли сонининг муттасил ортиши, экологик мувозанатнинг бузилиши, бунинг устига табиий ресурсларнинг борган сари қисқариши бу неъматларнинг қадрини бир неча баробарга ошириб юборди.

Шукрки, шундай мураккаб бир шароитда ўз донимиз, ўз нонимизга эгамиз. Давлатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим омиллардан бири бўлган мўл-кўл ғалла ҳосилини етиштириш, ун ишлаб чиқариш ва истеъмолчиларга етказиб бериш соҳасида ишончли тизим фаолияти йўлга қўйилган. Бу эса ўз навбатида халқимиз дастурхонидаги маъмурликка сабаб бўлаётир.

Имконият, имтиёз, натижа

Сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабнинг ортаётгани хусусида бежиз фикр билдирмадик. Айниқса, бугунги пандемия шароитида айни ҳолатни яна-да теранроқ ҳис қиляпмиз. Аслида шундай мураккаб ва олдиндан прогноз қилиш қийин бўлган беқарор вазиятларда тириклик манбаи - озиқ-овқатни ғамлаш, эртанги кундан кўнгилни тўқ қилиш ҳар бир оиланинг табиий эҳтиёжига айланади. Энди бу фикрни яна-да ривожлантириб, кўпмиллионли аҳолига эга мамлакат мисолида олиб кўрсак-чи? Келинг, шу ўринда рақамларга эътибор қаратайлик.

2020 йил ҳосили учун республикамиз фермер хўжаликларининг 1,2 млн гектар ер майдонига уруғлик дон қадалди. Бу иш «Ўздонмаҳсулот» акциядорлик компанияси тизими корхоналари томонидан аванс тариқасида, кейин тўлаб бериш шарти билан уларга тарқатилган 316,1 минг тонна уруғлик дон ҳисобига амалга оширилди.

Бундан ташқари, фермер хўжаликларига мўлжалдаги ҳосилни етиштиришда зарур бўладиган агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли бажариши учун ёнилғи мойлаш материаллари, кимёвий ва минерал ўғитлар сотиб олишга давлатимиз томонидан 3,4 трлн. сўмлик имтиёзли кредит маблағлари ажратилди. Албатта, тақдим этилган бундай имконият ва имтиёз ўз самарасини берди: республикамиз бўйича жами 6 млн. тонна ялпи ҳосил етиштиришга эришилди.

Фермер хўжаликлари: улуш, дон сифати ва нарх сиёсати

Баъзан айрим муаллифларнинг интернетдаги веб-саҳифалар ва ижтимоий тармоқларда ўзини гўёки фермер хўжаликларининг жонкуяри сифатида тақдим этишга уриниб, бот-бот «шартномавий қарамлик», маҳсулот нархини белгилашдаги «муаммо»лар ҳақида жар солинган мақола ва постларига кўзимиз тушади. Муайян масалага ечим излаганда албатта унинг моҳиятини чуқур англаш талаб этилади. Айниқса, бирор соҳани яқиндан ўрганмай туриб, аҳамияти ва вазифасини тушуниб етмасдан унинг фаолиятини фақат бирёқлама, нохолис баҳолаш адолат мезонларига тўғри келмайди.

Келинг, яхшиси мавзудан чалғимай, баъзи рақамларга эътибор қаратайлик. Жорий йил деҳқонларимиз томонидан етиштирилган ҳосилнинг 2,9 млн тоннаси (49 фоизи) Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 15 июндаги «2020 йил ҳосили учун экилган бошоқли дон ҳосилини ўз вақтида ва сифатли ўриб-йиғиб олишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан «Ўздонмаҳсулот» АК тизимидаги корхоналар томонидан белгиланган нархларда давлат эҳтиёжлари учун харид қилинди.

Албатта, юқорида фермер хўжаликлари учун берилаётган улкан имконият (уруғлик доннинг аванс тариқасида берилиши) ва имтиёзлар (ёнилғи мойлаш, кимёвий ва минерал ўғитлар учун атиги 10 фоизли кредит!) хусусида мулоҳаза юритдик. Ана шу преференсияларни тақдим этиш баробарида етиштирилган ҳосилнинг 3,1 млн. тоннаси (51 фоизи) фермер хўжаликлари ихтиёрида қолдирилди. Булар шунчаки рақамлар эмас, балки ернинг ҳақиқий эгаси бўлган деҳқоннинг пешона тери эвазига топган қўшимча даромадидир. Ва айни пайтда фермер хўжаликлари ихтиёрида қолган бундай улкан хирмонни кўриб кўрмасликка олиш, юртимиз деҳқонлари эришаётган ютуқдан кўз юмиш юмшоқ қилиб айтганда, инсофдан эмас.

Яна бир гап. Мамлакатимиз иқлим шароити юқори сифатли дон етиштириш имконини бермайди. Бу илмий жиҳатдан исботланган ва асосланган ҳақиқат. Шундан келиб чиққан ҳолда жорий йил ҳисобидан етиштирилган доннинг 95,3 фоизи 3 синфга, атиги 4,7 фоизи эса 4-5 синфларга қабул қилинди.

Кези келганда маҳсулот нархи ҳақида ҳам тўхталиб ўтсак. Келинг, шу ўринда авваламбор, битта саволга жавоб излаймиз. Хўш, «Ўздонмаҳсулот» АК дон маҳсулотларига нарх белгилаш ваколатига эгами? Албатта, йўқ. Компания бундай масъулиятли ваколатга эга эмас. Давлат эҳтиёжлари учун дон қабул қилиш ва унинг сифатини аниқлаш жараёнлари бевосита Вазирлар Маҳкамаси Ҳузуридаги Давлат дон инспецияси ҳамда «Ўзстандарт» агентлиги мутахассислари иштирокида амалга оширилади. Ўзи умуман, давлатга донни харид қилиш нима учун керак? Бироз кескин ва қатъий қўйилган бу саволга жавобни қуйидан излаймиз.

Чекловлар ва барқарорлик

Қайд этиш лозимки, пандемия шароитида қўшни давлатлар томонидан дон ва ун маҳсулотлари экспортига чекловлар қўйилди. Яъни, экспортёр давлатлар томонидан киритилган квоталар туфайли маҳаллий бозорга ўтган йиллардагига қараганда кам миқдорда дон ва ун кириб келди. Бунинг натижасида ички бозорда ушбу маҳсулотларнинг нархлари сезиларли даражада ошди.

Юзага келган тақчилликнинг олдини олиш мақсадида қисқа фурсатда «Ўздонмаҳсулот» АК тизимидаги корхоналар томонидан қўшимча қувватлар ишга солинди. Бу эса ўз натижасини узоқ куттиргани йўқ. Ўтган йилнинг 8 ойи давомида 952,8 минг тонна ун ишлаб чиқарилган бўлса, жорий йилнинг мос даврида бу кўрсаткич 1118,9 минг тоннага етказилди. Бошқача айтганда, ўтган йилгидан кўра 166,1 минг тонна кўп ун ишлаб чиқарилди. Ўз вақтида кўрилган бу чора провардида ички бозорда ун маҳсулотлари нархининг кескин ошиб кетишининг олдини олишга хизмат қилди.

Юқорида дон сотиб олиш давлатга нима учун керак, деган саволни қўйгандик. Шу ўринда мазкур саволга жавоб бериш мавриди келди. Айнан давлат харидлари учун сотиб олинган дон ҳисобидан нон ишлаб чиқариш корхоналарига буғдой уни мақбул нархда таклиф этилмоқда. Бунинг натижасида аҳоли учун ҳамёнбоп ун ва нон маҳсулотлари етказиб берилмоқда. Мисол учун мамлакатимизда бир дона қолипли ноннинг нархи 1600-1700 сўмни ташкил этяпти. Бу, ҳатто, ғаллани экспорт қиладиган давлатлардаги нон баҳосидан ҳам бир неча баробар арзондир.

Юқоридагилар шунчаки оддий рақамлар йиғиндиси эмас. Айнан ана шу барқарор нарх аҳолининг турли қатламлари, айниқса, кўп болали, ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган оилалар, пенсионерлар, талабаларнинг оғирини оз бўлса-да, енгиллаштириш билан бирга ижтимоий кайфиятни шакллантиришда ҳам ўз аксини топади.

Иллат бедавоми?

Модернизация энг яхши ечим

Юртимизда коррупцияга қарши курашишга давлат сиёсати даражасида аҳамият берилаётгани сир эмас. Боиси ҳокимият ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, ўзлаштириш ёки растарата йўли билан талон-тарож қилиш ва бошқа салбий иллатлар туфайли давлат ва жамият пойдеворига дарз кетади. Шахсий бойлик орттириш йўлида ҳар қандай пасткашликдан қайтмайдиган нопок кимсалар эса барча соҳада ҳам учраб туради. Афсуски, тизимдаги айрим корхоналар ҳам бундан мустасно эмас. Ҳолбуки, эл ризқига кўз олайтириш - унга хиёнат қилиш билан баробар ва бундай кимсалар албатта қонунга мувофиқ жиноий жавобгарликка тортилиши аниқ. Бироқ юрт нафратига дучор бўлиш ҳаммасидан кўра оғирроқ жазо.

«Ўздонмаҳсулот» АК тизим корхоналарида турли сохтакорлик ва коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш ва уларни ўз вақтида бартараф этиш доимий назоратда. Ана шу мақсадда донни қабул қилиш, сақлаш ва қайта ишлашда инсон омилини чеклашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Соҳага рақамли технологияларни татбиқ этиш ва модернизация туфайли бунга эришиш кўзда тутилган. Хусусан, тизим корхоналари тасарруфида бўлган дон қабул қилиш масканларидаги донни ўлчайдиган эски механик автомобиль тарозилари замонавий электрон тарозилар билан алмаштирилди. Шаффофликни таъминлаш мақсадида ҳамда ҳосил топширувчилар жараённи ўз кўзлари билан кўриб-кузатишлари учун тарозихоналарда мониторлар ўрнатилди.

Гапнинг индаллоси

Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда дон ва ун маҳсулотлари тайёрлаш ҳамда аҳолига етказиб беришга ихтисослашган, ўта муҳим ҳаётий аҳамиятга эга тизим яратилган. Республикамиз аҳолисини сифатли ва мақбул нархлардаги дон маҳсулотлари билан таъминлаш бундан кейин ҳам «Ўздонмаҳсулот» АКнинг бош мақсади бўлиб қолаверади. Зеро, эл-юрт дастурхонининг тўкинлиги иқтисодий фаравонлик асосидир.

Норали ОЧИЛОВ, журналист

Реклама ҳуқуқи асосида.