Россиянинг Самара вилоятидаги Кинель шаҳридан уч километр нарида ўз ватанига қайтишни истаган Ўзбекистон фуқаролари учун вақтинчалик палаткали лагер қад ростлаганига бир неча ой бўлмоқда. Карантин чоралари Россиядан чиқишнинг барча имкониятларини ёпиб қўйди. Эндиликда одамлар Кинелдан Тошкентгача бирор жойда тўхтамасдан ҳаракатланувчи поезд орқали олиб келинмоқда.
9 сентябрь ҳолатига кўра, лагердан етти мингга яқин одам олиб кетилган. Бу ҳақда вилоят администрациясига таяниб, «Новая газета» хабар берди. Кетганлар жойига ҳар куни ўртача 100-150 нафар янги муҳожирлар келмоқда.
Бу ҳолат март ойидаёқ Россия коронавирус пандемияси сабаб чегараларни ёпганидан сўнг бошланган эди. Муҳожирлар учун мўлжалланган биринчи лагер Маштаков туманида (Оренбург вилояти) пайдо бўлганди: Россия—Қозоғистон чегарасидаги автомобиль пунктида. Тезда тарқалган миш-мишларга кўра, айнан шу ердан ёпиқ Қозоғистон орқали Ўзбекистонга етиб олиш мумкин бўлган. Шу сабаб бутун Россиядаги ўзбеклар паспортлари билан Маштаковга оқиб кела бошлади.
«Ўзбекистон давлат рақамлари туширилган машиналарда кела бошлашди. Аввалига уларга ҳеч ким жиддий эътибор қаратмади, машиналар шунчаки далаларда турарди. Одамлар эса оқиб кела бошлади, ахир бу ерда асосий транзит йўл бор. Ўзбеклар, қозоқлар ва қирғизлар учун бу Россия чегарасининг тарихда биринчи бор ёпилиши, тушуняпсизми? Кўпчилик шунчаки мўлжални ола билмади. Дастлаб 20 та, кейин 30 та машина тўпланди, сутка давомида уларнинг сони 200 тага етди. Ўзбекистон йўлларни оч, биз бу ерда қолиб кетдик, дея талаб қила бошлашди. Одамлар борган сари кўпайиб кетди. Бирор чора кўриш керак эди», — дейди Маҳаллий ўзбек миллий-маданий автономияси кенгаши котиби Ёдгор Усмонов.
Шундан кейин муҳожирларни автобусларда Кинель туманига олиб келишди. Самара вилояти администрацияси бу ерда минтақавий бюджет маблағлари ҳисобидан вақтинчалик лагер қурди. Чунки Кинель — Жанубий Уралга кесишган Куйбишевск темир йўлига туташувчи йирик станция ҳисобланади. Бу ер муҳожирларни Ўзбекистонга юборадиган жойга айланди. Самарадан лагерга қадар қарийб икки соатлик йўл.
«Россияда карантин чекловлари бекор қилинди, уларнинг бу ерда иши бор, бироқ ишни ташлаб уйларига қайтишмоқчи. 30 мингга яқин одам ўртакашларга қўшимча пул бериб бўлса ҳам кетишга тайёр. Уйга боришингиз билан карантинда ўтирасизлар, деяпман. Уйда бизни кутишяпти, қариндошларга яқинроқ бўлиш тинчроқ, дейишмоқда. Ахир халқимиз оилапарвар. Бобоси ‘кел’ деса, муҳокама қилинмайди. Бу ерда қолишдан қўришяпти, ҳамма ваҳимада», — дейди Ёдгор Усмонов.
Бунга қадар ватанига фақат шахсий режалари ва ишлаб топган пулларига қараб боришган. Карантин одатдаги режаларни бузиб юборди.
Лагерга кираверишда машиналар карвонига дуч келиш мумкин: айримлари автотураргоҳда (афтидан анчадан буён ҳаракатсиз турибди), бошқалари йўловчиларни ташлаб, ортига қайтмоқда. Оилавий келаётганлар бор — бўхча, сафар қутиси, чамадонлар билан. Москва, Питер, Самара автомобиль рақамлари кўпроқ. Албатта, ўзбек рақамларини, яна Рязань, Оренбург, Волгоград ва ҳатто Карелияникини ҳам кўриш мумкин. Айтишларича, одамлар уйига қайтиш учун ўз автомобилларини ҳатто трассанинг ўзига ташлаб кетмоқда.
Одамлар ёмғир ёғаётган пайтда йўлдан тик нишаб бўйлаб қутилар, шишалар, пакетлар ва бошқа ахлатлардан ўтиб, тушиб келяпти. Кейин эса лой йўл бўйлаб 500 метр юриш керак. Лагер бийдек далада кўтарилган. Вилоят раҳбарияти лагерга 50 та катта палатка (чодир) ажратган, қолган 80 тасини ўзбеклар ўзи сотиб олган.
Ёмғир тинимсиз ёғаётганига қарамай, кўчада одамлар кўп — рўйхатга ёзилиб қўйиш учун боришмоқда. Лагернинг ўзи одамнинг ҳафсаласини пир қилади. Айрим жойларда ўчиб қолган гулханларни кўриш мумкин. Айтишларича, бу ерда иссиқ овқат фақат оловда пиширилмоқда, шунда ҳам ёмғир ёғмаганида. Шу сабабли бир четда ётган қозондаги ош охиригача пишмай қолиб кетган. «Шийпонлар йўқ, пишириш қийин», — дейди қозон эгаси. Нон, тарвуз-қовун жойлашган пештахталар ёмғирдан плёнка билан ёпилган — бу худди маҳаллий дўконга ўхшайди. Лагердан энг яқин қишлоққача 1,5 километрлик йўл. Шундай қилиб уйга жўнатишга мўлжалланган пуллар секин-аста сарфланмоқда. Чиқинди жуда кўп. Уларни қанча вақт оралиғида олиб кетишаётганини ҳеч ким аниқ айта олмайди. Лагер қўриқланмоқда: кириш йўлини ЙПХ автомобили тўсиб қўйган, унинг ҳудудида полициячилар ва «Росгвардия» ходимларини учратиш мумкин, лагердан ташқарида эса ФВВ машиналари кўзга ташланмоқда.
Электр энергияси таъминоти билан ҳам қизиқиб кўрдик:
—Йўқ, фақат симёғочлардаги прожекторлар бор. Яна фонарлар ҳам.
—Демак, овқатни ўчоқда пиширяпсизлар?
—Йўқ, сотиб олса ҳам бўлади. Нега буни сўраяпсиз? (бу каби саволларни бизга мунтазам беришди).
—Телефонларни қандай қилиб қувватлантиряпсизлар?
—Ҳув, анави ерда «движок» бор (қўли билан кўрсатади), пулга қувватлантириш мумкин, битта телефонни — 50 рублга.
—Навбат бўлса керак?
—Йўқ, бу каби «движок»лардан 7-8 та бор, навбат йўқ.
Ўзини Наврузжон дея таништирган 27 ёшли йигит ушбу палаткани бир аёл унга ташлаб кетганини, у уйланиш учун тезроқ уйига қайтмоқчилигини айтади. Телефонларни қувватлантириш учун нархни ким белгилагани ва ким пул йиғиб олаётгани тўғрисидаги саволларга эса жавоб беришни истамайди. Елкасини қисганича нари кетади. Қолганлар ҳам худди унингдек. Маҳаллий ҳукумат ҳақида гап кетадиган бўлса, бирваракайига мақташга тушишади: бизни бу ерда хафа қилишмаяпти, аксинча ёрдам беришмоқда, ичимлик суви олиб келишяпти, ҳожатхоналар ва ҳаммом қуриб беришди.
Лагерда деярли ҳеч кимда ниқоб учратмайсиз. Бу ердаги одамлар кун давомида нима иш билан шуғулланаётганига қизиқаман. Чамаси, эллик ёшлардаги баджаҳл эркак кескин жавоб қайтаради: кутяпмиз. Унинг ёнида ёмғирпўшда турган йигит эса қўшимча қилади: навбатга туряпмиз, бу рўйхатлар жуда қийнаб юборди. Кейин эса ўзининг она тилида нималардир деб, рақамини билиш учун одамлар орасига қўшилиб кетди. Бизга тушунтиришларича, рўйхат кимлар кетишини белгилаб беради. Тартиб рақами бу — худди уйга кетиш учун чиптадек. Лагерга келасан, рўйхатдан ўтасан ва орзу қилган рақамингни оласан. Поездларнинг қанча вақт оралиғида қатнаётганини билган ҳолда тахминан қачон жўнаб кетишингни ҳисоблаб олаверасан.
Қишки қалпоқ кийиб олган эркакка юзланаман:
—Рақамингиз неча?
—Уч минг нечадир ҳам.
Яна бир неча киши келади. Суҳбатга қўшилади. Айримлари ўзини таништиради, қолганлар буни хоҳламайди.
—Мен 3 сентябрь куни келганман. Бизни ёзиб олишган, бироқ навбатимиз нечалигини ҳали айтишмади.
—Исмим Санжар. Бизни шунчаки рўйхатдан ўтказишди, тамом. Бошқа ҳеч нимани билмаймиз. 29 август куни келганмиз, бугун 9 сентябрь, рақам ҳали йўқ.
—Мен Москвада ишлардим. Яна Москвага қайтаман. Бу ердан совуқ тушмасидан кетиб бўлмайди, — дейди тилла тишли эркак.
—Рўйхат қилиб юрган бир аёл бор эди. Биз 29 августда келганмиз, 4 сентябрда бизни навбатга қўйишди? Ахир бу қанақаси?
Ёдгорнинг сўзларига кўра, лагердан тезда кетиш имконсиз. Бу ерда 30 минг учун «ўз одамини» навбатсиз рўйхатга тиқаётган фуқаролар пайдо бўлмоқда (лагерда уларни олибсотарлар дейишмоқда). Тез-тез ўзини қайсидир давлат тизимида ишлайдиган деб таништириб, ўзларининг рўйхатини шакллантиришга уринадиган одамлар ҳам пайдо бўлмоқда.
Бизнинг ташрифимиз арафасида оломон шу каби аёллардан бирининг машинасини пачоқлашга уринди.
Аёл ўзини қандайдир Бутунроссия конгресси вакили сифатида таништирган ва Самара расмийлари айнан унга ўз ватанига кетувчилар рўйхатини тузишни топширганини таъкидлаган. Аёлнинг уйдирмаси ўхшамаган кўринади, у лагердан қочиб кетишга мажбур бўлди.
«Аслида рўйхатни консуллик шакллантирилиши керак (Ўзбекистоннинг Волга федерал округидаги бош консуллиги). Бироқ улардан ҳеч ким келмаяпти, шу сабабли лагер администрацияси бу иш билан шуғулланишга мажбур бўляпти. Албатта, бу каби масъулиятни ҳеч ким зиммасига олишни истамайди ва юридик жиҳатдан ҳам бу нотўғри. Гап бошқа паспортга эга хориж фуқаролари ҳақида кетмоқда ахир. Шу сабабли биз мутлақо қарши эдик. Бу консулликнинг иши», — дейди вилоят администрацияда ишловчи манбалардан бири.
Ёдгор Усмонов эса рўйхатдан жой сотаётган фирибгарлар ва ваколатсиз вакиллардан қутулиш лозимлиги ҳақида гапиради. «Мен консуллик билан гаплашдим ва гап айнан олибсотарларга бориб тақалди. Лагерда ўзбеклар орасида уларнинг фирибгарлар билан алоқада эканликлари тўғрисида гап-сўзлар тарқалганини айтдим. Менга қуйидагича жавоб қайтаришди: йўқ, бизнинг олибсотарларга ҳеч қандай алоқамиз йўқ. Бу ерда ҳаммасини маҳаллий ҳукумат ҳал қилади. Бироқ лагердагилар Ўзбекистон фуқароси-ку, томонлар ўз фуқаролари ҳақида қайғуриши керак-ку — юридик ва инсонийлик жиҳатдан. Ўзбеклар сабрли халқ, фақат фирибгарлар ва навбатлар сабаб жанжал қилмоқда», — дейди Усмонов.
Лагерга келган кунимиз 4,5 мингга яқин одам бор эди. Муҳожирларнинг айтишича эса улар 6 мингга яқин. Вилоят администрациясидан бўлган амалдор тезкор режимда биз билан гаплашишни истамай, губерния раҳбариятининг матбуот марказига мурожаат қилишимизни айтди. Лагерда меҳнатга лаёқатли эркаклардан ташқари, касаллар ва қариялар, ҳомиладор аёллар бор — уларнинг сони кам эмас. Аввалига уларни биринчи навбатда уйларига жўнатишаётган эди, энди эса одамларга бу ёқмаяпти — кутишдан чарчашган.
Лагердаги болалар сонини сўрайман.
—Ана болалар, кўряпсизми?
Эркак палаткани кўрсатиб, унинг ичидагиларга тушунтиряпти: булар Москвадан келган журналистлар, кўришсин. Палаткада эмизикли боласини кўтарган аёл бор экан, бола бир ёшда. Атрофда эса ўтириш учун кўрпалар, бурчакда буюмлар солинган сафар халталари, кириш олдида оёқ кийимларнинг узун қатори. Палатка шунча одамни сиғдира олишига ишониш қийин.
—Бу ерда неча киши яшаяпсизлар?
—10 киши, бувим 68 ёшдалар. Дафн маросимига келган эди, қолиб кетди. У Ўзбекистон фуқароси. Раиса эса (кампирнинг исми) бизга негадир миннатдорлик билдирди: «Раҳмат сизларга, биз кетсак бўлгани, шуни ёзинглар, раҳмат сизларга». Бу гапларни эшитиб турган 30 ёшлардаги эркак суҳбатга аралашади: «Ойнинг 1-санасида келгандик, аёлимнинг тоби қочиб қолди — умуртқа чурраси, фақат ётибди. Уйга боришимиз, касалхонага учрашимиз керак. Қачон кетамиз?», дейди.
Бунга жавоб беришга ожизмиз. Миллий либосдаги аёлининг қўлидан тутган курткадаги ёш эркак ўзини Давлат дея таништиради. У русчани яхши гапираркан ва тез-тез шерикларининг гапини таржима қилиб бериб турди.
—Бир ҳафтадан буён шу ердамиз, яхшиям болалар йўқ. Қолганлар эса бир ойдан бери ўтирибди.
—Нима дейишяпти, қачон олиб кетишар экан?
—Номаълум. Айтишларича, эртага поезд бўларкан, аммо бу аниқ эмас. Барибир биз унга илинмаймиз. Биз ҳали анча кутамиз. Навбат бўйича қараладиган бўлса, яна бир ҳафта. Бу ерда олти минг одам бор.
Лагер ҳақида Давлатга бу ерга эртароқ келган танишлари айтган экан. Уни чақириб, жой ҳам банд қилиб қўйишган. Бу ердаги кўпчилик шундай қилади. Лагернинг ўзида улар вилояти, шеваси ва қариндошлигига қараб бирлашган. «Айнан ҳозир кетиш шартми?» деб сўрайман. Шу пайт одамлар атрофимизда тўпланиб, ҳаммаси ўзининг сабабини айтишга киришади:
- —Ҳамманинг ўзига яраша муаммоси бор. Кўпчилик эртароқ кетмоқчи эди, карантин бошланиб қолди. Фарзандларимга уй қуриб бериш учун пул олиб кетаётгандим. Энди нима обораман, қачон етиб бораман…
- —Туғишган акам оламдан ўтганига бир ой бўлди, уйда ҳеч ким йўқ, кетишим керак. Ёрдам беришим зарур.
- —Совуқ тушса, бу ерда қандай яшаймиз? Музлаб қоламиз-ку. Москва вилоятида ишлар эдим, вирус бошлангач, мени бўшатиб юборишди. Нега қайтишим керак? У ерда яшашга ҳам жойим йўқ.
- —Балки, яна Москвага қайтарман, бу ерда кутиб нима қилдим. 12 йилдан буён Москвада ишлайман, у ёқдан бу ёққа қатнаганман, ҳеч қачон бунақаси бўлмаган. Бошпанасизлар каби палаткаларда ўтирибмиз. Бу ерда ҳомиладорлар ҳам бор, улар қаерда туғади? Ердами?
- —Тезроқ уйга қайтсак, яна битта поезд керак. Одамлар қай аҳволда яшаётганини кўриб турибсиз-ку. Бу ерда яшаш қийин — қийналиб кетдик. Одамлар касал бўлишни бошлади.
- —Бизга поезд беришларининг сўранг, яна қанча вақт бу ерда ўтирамиз?
- —Қолишга қўрқаман, вазиятни кўриб турибсиз, билиб бўладими… оила билан бўлиш керак. Уч йил бўлибди бормаганимга.
«Ташрифингиздан олдин Тошкент—Самара йўналиши бўйича қатнов қайта йўлга қўйилди. ‘Ўзбекистон ҳаво йўллари’ ҳозирча ҳафтасига бир маротаба қатнамоқда. Чипталар сотилаётганини эшитган одамлар унинг офисига бориб, 24 мингдан сотиб олишди. Кейин эса одамлар ёғилиб кела бошлади: навбат, жанжал. Эртаси куни чипталар 45 мингга чиқиб кетибди. Балки, бу олибсотарларнинг ишидир: лагерда кетиш иштиёқида бўлганларнинг кўплигини кўриб, нархларни кўтариб юборишган бўлса керак», — дейди ўзбек жамоат ташкилоти вакилларидан бири.
Бундан ташқари, лагерда турли миш-мишлар урчиган. Улардан энг машҳури — депортация ҳақида: Кинелда поездга ўтирганлар ноқонуний равишда кетган ҳисобланар экан. Ва улар беш йил Россия ҳудудига кира олмас эмиш. Одамлар бир-биридан бунинг рост ёки ёлғонлигини сўрамоқда.
Сентябрь охирига қадар Ўзбекистонга тўртта поезд жўнаши маълум. Уларнинг ҳар бирига 860 нафардан 920 кишигача сиғади. Ой охиригача ҳаммани олиб кетиб бўлмаслигини ҳисоблаш қийин эмас.
Шунингдек, лагерга мунтазам равишда янги одамлар келмоқда. Бу эса совуқ тушиши билан уларни кўчириш кераклигини англатади. Қаерга?
Мавзуга доир: Бийдек далада: ўзбекистонлик минглаб мигрантлар Россия—Қозоғистон чегарасида қолиб кетаётгани ҳақида
Бунга қадар Россиянинг Шимолий Кавказ ва Жанубий федерал округларидан 927 нафар, Самара вилоятидан 918 нафар ўзбекистонлик поезд орқали мамлакатга олиб келинган. 9 августда Россиядан поездда олиб келинган 918 нафар ўзбекистонлик Намангандаги карантин зонасига жойлаштирилган. Шунингдек, шу куни бошқа бир поезд Самарадан Самарқандга ўзбекистонликларни олиб келган.
Изоҳ (0)