Бухорода Т.С. исмли қизни алдаб, уни машҳур фотомодель қилишига ишонтириб, пулларини олиб қўйган ва фирибгарлик жиноятини содир этган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Бухоро вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар қилган.
Хабарга кўра 2020 йил 27 август куни Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманида яшовчи, 1989 йилда туғилган Н.Ф. Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрида яшовчи Т.С.нинг ишончига кириб, ўзини таниқли журнал сураткаши сифатида таништирган.
Н.Ф. қизни қадимий обидалар олдида суратга тушириш мақсадида Бухоро шаҳрига олиб келиб, фотосуратларини журналнинг бош саҳифасига чиқариб, уни фотомодель сифатида машҳур қилишини айтган. Шунингдек, сураткаш журналнинг ҳар бир саҳифаси учун қизга 850 минг сўмдан тўлов тўлашга келишиб, жабрланувчидан меҳмонхона харажатлари учун 650 минг сўм нақд пулини алдов йўли билан олиб, фирибгарлик жиноятини содир этган.
Ҳолат юзасидан Бухоро шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси, 2-сонли Ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан муқаддам худди шу каби жиноятни содир этганлиги учун судланиб, жавобгарликка тортилган Ф.Н.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввал Бухорода 500 доллар пора билан қўлга тушган Соғлиқни сақлаш бошқармаси ходимига жиноят иши қўзғатилгани, Бухорода коронавирусга чалинган фуқарога компенсация пули тўғрилаб бериш эвазига 200 доллар талаб қилган шахс ушлангани, Қоракўл туманида фуқароларнинг салкам 500 миллион сўмлик қорамолларини алдов йўли билан қўлга киритиб, сотиб юборган фуқаро ҳибсга олингани ҳақида хабарлар берилган.