Москва 2020 йилнинг кузида коронавирус инфекциясининг қайта авж олишига дуч келиши мумкин. Бу ҳақда Москва мэри Сергей Собянинга таяниб, Meduza хабар қилди.

Фото: Ftimes.ru

«Пандемия ҳали тугамаган. Бундан ташқари, кузда биз вазиятнинг бир қанча мураккаблигига дуч келишимиз мумкин. Болалар мактабларга, талабалар университетларга боришди, одамлар дала ҳовлилардан уйларига қайтишди.

Буларнинг барчаси беморлар сонининг кўпайишига замин яратади. Касалликнинг бундай авж олиши вақтида маълум бир корхона, офис ва мактаблар вақтинча ёпилиши ёки масофавий режимга ўтказилиши мумкин», — дейилади шаҳар ҳокимининг веб-сайтидаги шахсий блогида.

Собяниннинг сўзларига кўра, Россия пойтахти бошқа дунё шаҳарларига қараганда камроқ йўқотиш билан пандемиянинг энг қийин босқичини ўтказди.

Ҳокимият веб-сайтида келтирилган амалдаги статистик маълумотларга кўра, Москвада ҳар куни 600 дан ортиқ кишида коронавирусга топширилган тест мусбат натижа бермоқда ва тўрт мингга яқин бемор касалхоналарда даволаняпти. Уларнинг ҳар ўндан бири касалликнинг оғир шаклини ўтказмоқда.

Аввалроқ Собянин коронавирусни яқин олти ой ичида тўлиқ мағлуб этиш мумкинлигини эълон қилганди.

Россия Коронавирус бўйича тезкор штабининг 4 сентябрь куни берган маълумотларига кўра, мамлакатда COVID-19 инфекциясининг жами 1 015 105 та ҳолати аниқланган. Пандемия бошланганидан бери 17 649 киши коронавирусдан вафот этган, 832 747 киши эса касалликдан фориғ бўлган.