АҚШ президенти Дональд Трамп бошқа давлатлар, жумладан, Россия билан тил топишишни тўғри йўл деб ҳисоблашини билдирди. Бу ҳақда у Пенсильваниядаги чиқишлар вақтида маълум қилган, деб ёзади The New York Times.
«Улар доим ‘Трамп ўзида эмас, у жуда ҳам радикал, бизни урушга олиб боради’ дейишади. Мен сизларни урушдан узоқроқ тутдим. Шимолий Кореяда нима бўлди? Ким Чен Ин билан келишиб олдим. Улар бунинг жуда ёмонлигини айтди. Ахир бу яхши-ку. Россия билан тил топишсам, бу яхшими ёки ёмон? Ўйлашимча, бу яхши», — дейди Трамп.
Трамп доимо Россия ҳақида гапирадиган АҚШ Демократлар партияси вакилларини танқид қилган. «Бу маняклар доим Россия ҳақида гапиради. Ҳеч қачон Хитой ҳақида оғиз очмайди. Фақат Россия. Эшитишимча, улар яна бошлабди… Ҳақиқий маняклар», — дейди Америка президенти.
Трампнинг қўшимча қилишича, у телевизордаги янгиликларда «Россия» сўзини эшитиши билан ўчириб ташлайди.
3 сентябрь куни АҚШ Ички хавфсизлик вазирлиги Россия АҚШда ўтказиладиган президентлик сайловларида америкаликларнинг почта орқали овоз беришга бўлган ишончини йўққа чиқаришга уринишини маълум қилганди.
Эслатиб ўтамиз, февраль ойида америкаликларнинг қарийб ярмидан кўпи Трамп 2020 йилги сайловларда ғолиб бўлишига ишониши, Оқ уй Трампга қарши бўлганларнинг рўйхатини тузмоқчи эканлиги ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)