GM Uzbekistan монополияси остидаги нархлар тўғрисида тортишувлар бу ҳафта яна давом этди. Президент Шавкат Мирзиёев «Автомобиллар таннархини камайтириб, бозорда рақобатбардошлигини ошириш зарур», дея тавсия берди. Ассалому алайкум. Дайжестимизни бошлаймиз.
Гарчи коронавирус ҳақидаги хабарлар энди сайтларнинг энг юқорисида турмаётган бўлса-да, ҳамон диққат билан кузатилмоқда. Дарҳақиқат, коронавирус юқиш ҳолатлари камаяётганлигини қувонч билан урғуласак бўлади. Масалан, 21 август куни юртимизда 381 кишида коронавирус аниқланди. Бу 1,5 ой ичидаги энг паст кўрсаткичдир. Кунлик ўлим ҳолатлари 5-7 нафарни ташкил қиляпти.
Ўзбекистонда коронавирус беморларини даволаётган шифокорлар 20 августдан бошлаб кунбай иш тартибига ўтказилди. Улар беш ойдан бери 14 кунлик «вахта» усулида ишлаётган эди.
Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов уч ҳафта давомида Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказида даволаниб ишга қайтди ва германиялик мутахассислар билан вирусга қарши курашиш масаласида мулоқот ўтказди. Бу орада Навоий вилояти ҳокими Қобул Турсунов ҳам тузалди. Аммо 25 июлдан бери коронавирусдан даволанаётган Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Карим Камолов вафот этди.
* * *
Журналист Бобомурод Абдуллаев озод қилинди. У 8 август куни Қирғизистонда қўлга олиниб, кейинроқ Ўзбекистонга юборилган эди. Бобомурод Абдуллаев 22 август куни хулқ-атвор қоидаларига риоя қилиши тўғрисидаги тилхатга асосан қўйиб юборилди. Журналист президентга видеомурожаат йўллаб, миннатдорлик билдирди ва ватан ҳамда халқ хизматида бўлиш учун бор билим ва тажрибасини сафарбар этишга тайёрлигини айтди. Аввалги ҳибсдагидан фарқли ҳолда бу сафар ДХХ ходимлари унга яхши муносабатда бўлганлигини ҳам айтди.
* * *
UzAutoMotors монополияси остида эзилган мижозлар бу ҳафта кун кўришдан сал-пал умид қилган эди. Бироқ депутатлар пуфлаб ялтиратган чўғ юзига ҳам зумда кул тортилди. Олий Мажлис депутати Дониёр Ғаниев Ўзбекистонда автомобиллар нархи 3 миллион сўмдан 19 миллион сўмгача тушириш учун анча-мунча жонбозлик кўрсатиб, мақсадга эришай, деб турган эди. Шундан кейин Монополияга қарши курашиш қўмитасининг махсус комиссияси томонидан UzAuto Motors АЖга қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш тўғрисида бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди. Аммо UzAutoMotors автомобиллар нархи асосли эканини ва ҳозирги вазиятда нархни пасайтириш имконсизлигини маълум қилди. Шундай қилиб, «бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма» шундайлигича қолиб кетди.
* * *
«Ўзавтосаноат» АЖ қанча фойда олишини биласизми? Корпоратив ахборот ягона портали маълумотига кўра, «Ўзавтосаноат» акциядорлик жамияти 2019 йил якуни бўйича 431 миллиард 202 миллион сўм миқдорда соф фойда олган. Бундан 215,6 миллиард сўм тақсимланмаган ҳолда қолдирилади. 21,6 миллиард сўми захира фондига йўналтирилади. Яна шунча пул ҳомийлик ва хайрия жамғармаси фондига кетади. 43,1 миллиард сўми Инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш жамғармасига ажратилади. 129,4 миллиард сўм дивиденд тўловига, бюджетга йўналтирилади. Бунда дивидендлар тўлаш муддати пеня ва фоизлар ҳисобламасдан 2020 йил 31 декабргача белгиланади.
* * *
Афғонистонлик жангариларнинг отган ўқи ўзбекистонликка тегди. 20 август куни Афғонистоннинг Балх вилоятида «Сўғдиёна транс» шўъба корхонаси вакилларига қуролли ҳужум содир этилди. Корхона «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ таркибига киради. Ҳужум оқибатида корхона координация бўлими бошлиғи ўринбосари жароҳат олди, икки нафар Афғонистон фуқароси (Ички ишлар вазирлигининг темир йўлни қўриқлаш баталёни аскари ва бир нафар ҳужум қилган номаълум шахс) ҳалок бўлди. Жароҳат олган корхона координация бўлими бошлиғи ўринбосари корхонага тегишли автомашинада Термиз шаҳридаги касалхонага етказилди.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Афғонистон ташқи ишлар вазири Ҳаниф Атмар билан телефон орқали гаплашиб, Афғонистонда фаолият юритаётган Ўзбекистон компаниялари ва корхоналари ходимлари учун хавфсизлик чоралари кучайтирилишини сўради.
* * *
Ўзбекистонда коррупция жиноятлари ҳақида хабар қилганларга бир марталик пул мукофоти берилади.
Биринчидан, коррупцияга оид маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақида берилган хабар учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари.
Иккинчидан, пора суммаси ёки етказилган зарар ёхуд ўзлаштирилаётган (ўзлаштирилган) мулкнинг қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваригача бўлса, базавий ҳисоблашнинг қуйидаги миқдорида: ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят учун ‒ беш баравар; унча оғир бўлмаган жиноят учун ‒ етти баравар; оғир жиноят учун ‒ ўн баравар; ўта оғир жиноят учун ‒ ўн беш баравар.
Учинчидан, пора суммаси ёки етказилган зарар ёхуд ўзлаштирилаётган (ўзлаштирилган) мулкнинг қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваридан юз бараваригача бўлса, базавий ҳисоблашнинг қуйидаги миқдорида: ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят учун ‒ ўн баравар; унча оғир бўлмаган жиноят учун ‒ ўн беш баравар; оғир жиноят учун ‒ йигирма баравар; ўта оғир жиноят учун ‒ йигирма беш баравар.
Тўртинчидан, пора суммаси ёки етказилган зарар ёхуд ўзлаштирилаётган (ўзлаштирилган) мулкнинг қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан кўп бўлса, қуйидаги фоиз ҳисобида ҳисобланади: анча миқдор (БҲМнинг 100 бараваридан 300 бараваригача) учун ‒ ўн беш фоизи; кўп ёки жуда кўп миқдор (БҲМнинг 300—500 бараваригача ҳамда 500 баравар ва ундан кўп) учун ‒ ўн фоизи.
Дайжестимиз ўқувчиларига «Коррупцияни фош этинг ва бой бўлинг», деб қоламиз.
* * *
Ҳафтанинг энг шов-шувли видеоси Андижон ҳокими қизининг туғилган кунини нишонлаши бўлди. Хонанда Муниса Ризаева Андижон ҳокимнинг кичик қизи 19 ёшга тўлиши муносабати билан ташкил этилган оилавий маросимда хизматда бўлди. Шуҳратбек Абдураҳмонов каттакон тортни кесди, севимли қизига Gentra автомобили совға қилди. Ижтимоий тармоқлар эса маросимда 30 киши қатнашганми, йўқми, деб муҳокама қилди.
* * *
Август бошларидан Facebook ижтимоий тармоғига кириш қийинлаша бориши билан интернет фойдаланувчиларимиз ёппасига VPN-иловаларни ўрнатишни бошлаганди. Аммо бу ҳафта «буюк девор» йўқ бўлиб, Facebook ва Instagram рисоладагидек очила бошлади. Бироқ юрак олдириб қўйган тармоқ фойдаланувчилари VPN-иловаларни ўчиришга шошилмаяпти. Шу муносабати билан Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов қуйидаги твитини ёзди.
Шу позитив нуқтада дайжестимизни якунлаймиз. Энг сўнгги янгиликларни «Дарё»да ўқинг. Карантин қоидаларига риоя қилинг.
Изоҳ (0)