2020 йил 20 август куни «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ томонидан Тошкентда Электр энергиясини ҳисобга олишни автоматлаштириш маркази фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги ахборот хизмати хабар қилди.

Фото: Энергетика вазирлиги ахборот хизмати

Шу муносабат билан ташкил қилинган маросимда нуфузли халқаро ташкилотлар ва энергетика соҳаси вакиллари, маҳаллий давлат идоралари, вазирлик ва соҳа ходимлари иштирок этган. «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ, Жанубий Кореянинг КТ Corporation компанияси ҳамда Осиё тараққиёт банки (ОТБ) ҳамкорлигида амалга оширилган мазкур лойиҳа Ўзбекистонда энергетика соҳасини янада ривожлантиришга, электр энергия таъминотида инновацион технология ва ечимлардан фойдаланишга қаратилган.

Фото: Энергетика вазирлиги ахборот хизмати

2018 йил 23 октябрдаги «Электр энергетикаси тармоғини жадал ривожлантириш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарорига асосан, 2021 йил июль ойига қадар республика бўйлаб 7,4 миллиондан ортиқ истеъмолчиларнинг барчаси электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига уланиши кўзда тутилган.

«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ томонидан «Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (АSKUE)ни жорий этиш ишлари изчиллик билан олиб борилмоқда, дейилади вазирлик хабарида.

Қайд этилишича айни кунларда Ўзбекистоннинг 70 дан ортиқ туман ва шаҳарларида 3,6 миллиондан зиёд истеъмолчи хонадонларига замонавий электр ҳисоблагичлар ўрнатилган. Таҳлил натижалари ушбу тизимнинг синов лойиҳасини амалга ошириш давомида истеъмолчилардан фойдаланилган электр энергияси учун ҳақ тўлаш даражаси 99 фоизгача ўсганлигини кўрсатган.

Электр энергиясини ҳисобга олишни автоматлаштириш марказида республика, вилоят, туман (шаҳар) ва маҳаллалар кесимида электр энергияси истеъмолчиларининг маълумотлари сақланади. Дастурий таъминот орқали электр энергиясининг соатлик, суткалик, ойлик ва йиллик балансларини шакллантириш, кўп тарифлик тизимида ҳисоб-китобларни амалга ошириш имкони мавжуд.

Қарздор истеъмолчиларни тўлиқ автоматик равишда ўчириш ва сарф қилинган электр энергияси учун тўлов амалга оширилгандан сўнг қайта ёқиш, масофадан туриб электр ҳисоблагичларни қайта дастурлаш, истеъмолчилар ҳисоблагичларидан олинган маълумотларни қайта ишлаш ҳамда энергетика тизимини назорат қилиш каби вазифаларни амалга оширади.

Жанубий Кореянинг КТ Corporation компанияси томонидан ушбу марказга Корея, Хитой, Сингапур ва АҚШ каби дунёнинг етакчи давлатларида ишлаб чиқарилган сервер қурилмалари билан таъминланган.

Фото: Энергетика вазирлиги ахборот хизмати

«Марказда ўрнатиладиган дастурий таъминот 8 миллион истеъмолчини улашга мўлжалланган, келгусида истеъмолчилар сонини 20 миллионга етказиш имконияти мавжуд.

Шунингдек, аввалги дастурдан фарқли равишда ушбу дастурий таъминотга энергообъектларни (нимстанциялар, электр станциялар) ҳам улаш имкони яратилади. Бугунги кунда Бухоро, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида кичик марказлар қурилган бўлиб, Самарқанд вилоятидаги сервер захира (Back-up) сифатида фойдаланишга топширилди», – дейилган Энергетика вазирлигининг хабарида.

2019 йил 17 январда Электр энергиясини ҳисобга олишни автоматлаштириш маркази ташкил этиш бўйича КТ Corporation компанияси ҳамда «Ўзбекэнерго» АЖ ўртасида қўшимча келишув имзоланган. 2019 йил 6 ноябрида «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ, КТ Corporation ҳамда молиявий ҳамкор Осиё тараққиёт банки вакиллари иштирокида марказ биносининг ички қисмини тўлиқ реконструкция қилиш ва сервер қурилмаларини ўрнатиш ҳамда ҳудудларда ўрнатилаётган электр энергияси ҳисоблагичларини маълумотларини қайта ишлаш республика ягона марказига интеграция қилиш ишларига старт берилган.

Аввал Энергетика вазирлиги «Электр энергетика соҳасидаги ислоҳотларни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси бюджетини қўллаб-қувватлаш учун Осиё тараққиёт банкининг 200 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредитини жалб қилиш тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасини муҳокамага қўйгани ҳақида хабар берилганди.