Тошкентнинг «Локомотив» клуби жамоа устози Андрей Фёдоров истеъфога чиқарилганини эълон қилди.
Қайд этилишича, «Локо»нинг Суперлига доирасида кетма-кет иккита ўйиндаги мағлубиятидан сўнг клуб раҳбарияти футболчилар билан учрашув ўтказган ва унда Андрей Фёдоровнинг энди бош мураббий сифатида фаолият олиб бормаслиги билдирилган.
Таъкидлаш жоиз, «Локомотив» Суперлиганинг ортда қолган 10 та турида 12 очко жамғарди, холос. «Темирйўлчилар» 4 та ўйинда ғалаба қозонган бўлса, 6 та ўйинда мағлубиятга учради. «Локомотив» 11-тур баҳсида «Қўқон-1912» жамоасига қарши майдонга тушади. Учрашув 21 август куни Олмалиқда бўлиб ўтади.
Маълумот учун, Фёдоров мураббийлик фаолиятини Фарғонанинг «Нефтчи» клубида бошлаган. Шундан сўнг 2018 йил апрелида Андрей Микляев ўрнига «Локомотив» бош мураббийи вазифасини вақтинчалик бажарувчи этиб тайинланган. 2019 йилги Суперлига 1-давраси якунида Фёдоров истеъфога чиқарилиб, унинг ўрнига Самвел Бабаян бош мураббий этиб тайинланади. 2019 йил декабрида эса Самвел Бабаян Тошкент клубини тарк этиб, Хитой чемпионатига йўл олади. Унинг ўрнини эса Андрей Фёдоров эгаллаганди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)