Июль ойи охирида Беларусда ҳибсга олинган «Вагнер» хусусий ҳарбий компаниясининг 32 нафар аъзоси, Россия фуқаролари мамлакатга қайтди. Бу ҳақда Россия Бош прокуратураси хабар берган.
Яна бир нафар россиялик Беларусда қолган, сабаби у ушбу мамлакатнинг ҳам фуқароси ҳисобланади.
«Интерфакс» агентлигининг ўз манбасига таяниб ёзишича, Россияга қайтган фуқароларга нисбатан жиноий ёки процессуал чоралар кўрилмайди. Агентликнинг суҳбатдоши ортга қайтган россияликлар коронавирус туфайли икки ҳафта карантинда бўлишини билдирган.
Беларусь ҳукумати қўлга олинганларни «Вагнер» хусусий ҳарбий компаниясининг жангарилари эканини қайд этганди. Россиялик дипломатлар уларнинг Беларусга трансит билан шартнома асосида бориб қолган қўриқлаш фирмасининг ходимлари эканини таъкидлаган.
Ҳибсга олинганларни топширишни Украина ҳукумати ҳам сўраганди. Украина хавфсизлик кенгашининг маълумотига кўра «вагнерчиларнинг» айримлари Донбассдаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган.
Изоҳ (0)