Ливан ҳукумати сўнгги кунларда бўлиб ўтган оммавий намойишлар сабабли истеъфога чиқишга қарор қилди. Бу ҳақда мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Ҳамад Ҳасанга таяниб, «Интерфакс» хабар берди.

Фото: Reuters

Вазирнинг сўзларига кўра, мамлакат бош вазири Ҳасан Диаб 10 август куни мамлакат президенти Мишель Аунни бу қарор ҳақида расман хабардор қилади.

Шунингдек, 10 август куни Ливаннинг 4 нафар вазири намойишлар ортидан истеъфога чиққан.

Ливан пойтахти Байрут шаҳридаги портда 4 август куни кучли портлашлар юз берди. Мазкур ҳодисадан кейин Байрутда оммавий намойишлар бошланди ва намойишчилар мамлакат ҳукуматини истеъфога чиқишга чақирди. Уларнинг фикрича, айнан мамлакат расмийлари портда аммоний нитрати сақланиши шароитларини таъминламагани сабабли юз берган портлашлар учун жавобгар ҳисобланади.

Сўнгги маълумотларга кўра, портлаш оқибатида тахминан 200 киши ҳалок бўлган, 6 минг киши жароҳат олган.

Портлаш тўлқини кўплаб биноларни вайрон қилган, халқаро аэропорт бинолари зарарланган. Портлаш тўлқини ҳатто Кипрда ҳам сезилган.