Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 2020 йил 4 август куни ЎзХДП фракциясининг видеомулоқот шаклидаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда партия дастурий мақсадларидан келиб чиқиб, бир қатор қонун лойиҳалари, жумладан, Жиноят кодексига баданга қасддан қурол ва қурол сифатида фойдаланиш мумкин бўлган бошқа нарсаларни ишлатиб, оғир ёки ўрта оғир даражада шикаст етказиш ҳам жавобгарликка асос бўлиши ҳақидаги нормани киритиш кўриб чиқилди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар қилган.
Фракция аъзолари «Жамоат хавфсизлигини таъминлаш чоралари янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини муҳокама қилган.
Лойиҳага кўра, баданга қасддан қурол ва қурол сифатида фойдаланиш мумкин бўлган бошқа нарсаларни ишлатиб, оғир ёки ўрта оғир даражада шикаст етказиш ҳам жавобгарликка асос бўлиши белгиланмоқда. Жиноят кодекси совуқ қурол ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни олиб юриш, улардан фойдаланишни тақиқловчи янги моддалар билан тўлдирилади.
Фракция аъзолари жамоат тартиби ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашда кейинги вақтларда бот-бот кузатилаётган танага турли даражада тан жароҳати етказиш билан боғлиқ кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олишда, бу борада жавобгарликни белгилаш муҳим масала эканини таъкидлаган.
Депутатлар қонун лойиҳасининг айрим меъёрлари бўйича қатъий саволлар қўйди. Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни касбий фаолият, спорт фаолияти ёки хўжалик-маиший мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ ҳолда жамоат жойларида, шу жумладан, барча турдаги жамоат транспортларида очиқ ҳолда (ғилофсиз) олиб юриш жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақида киритилаётган меъёр эътироз келтириб чиқарган.
Бу меъёр кодексга киритилиши кўнгилсизликларнинг олдини олиш билан бирга, турли англашилмовчиликларни келтириб чиқариши, ўринсиз жарималар белгиланишига олиб келиши мумкин. Масалан, ҳуқуқ-тартибот идораси ходими фуқарони қандай қилиб бўлса-да, жавобгарликка, жаримага тортиш учунгина бу моддадан фойдаланиши ҳам мумкин.
Йиғилишда кун тартибидаги масалалар юзасидан фракциянинг тегишли қарори қабул қилинди.
Аввал «Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида»ги ЎРҚ-627-сон қонун 2020 йил 8 июль куни эълон қилингани ва ҳужжат 2020 йил 10 октябрдан кучга кириши хабар қилинганди.