Навоий вилоятида яшовчи шахслар ижтимоий тармоққа Алишер Навоий ҳайкалига нисбатан ҳурматсизлик қилган видеосини жойлаган. Бу ҳақда «Замон» информацион дастурида маълум қилинди.

Қайд этилишича, Навоий вилоятида яшовчи 2000 йилда туғилган ёшлар янги оёқ кийим сотиб олиб Алишер Навоий ҳайкали яқинида рақсга тушган ва шоирга нисбатан таҳқирловчи масхараомуз гаплар билан ҳурматсизлик қилган.

Видеода тасвирга олаётган шахс Навоий ҳайкалига юзланиб «Маска қани, бобой» дея ҳайкалга ҳурматсизлик қилади. Унинг «раққос» шериги эса бу гапга мириқиб кулади.

Видео ижтимоий тармоқларда тарқалиб, турли муҳокамаларга сабаб бўлди.

Ҳолат Навоий шаҳри маъмурий судида муҳокама қилинди. Аниқланишича, видео 25 март куни суратга олинган. Видео муаллифлари бўлган Суҳроб Самандаров ва Жамшид Якубов ўз қилмишидан афсусда эканини таъкидлаган.

«Бу видеони олишдан мақсад Алишер Навоий бобомизни таҳқирлаш ва карантин қоидаларини атайин бузиш эмас. Шунчаки ўйламай ёшлик қилиб, қизиқиб олинган видео», – дейди Жамшид Якубов суд залида.

Суднинг қарорига кўра, уларга Маъмурий жавобгарлик кодексининг 54-моддаси 1-қисмига (Карантинли шароитида ваколатли органнинг махсус талабларига зид равишда жамоат жойларида ниқобсиз бўлиш) асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробарида жарима жазоси ҳамда 183-моддага (Майда безорилик) асосан 5 сутка миқдорида маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.