Ерга энг яқин сайёра бўлган Марс космик эранинг энг аввалиданоқ дастлабки сайёралараро космик станцияларнинг бирламчи парвоз манзили сифатида қарала бошланган. Марс томон учирилиши режалаштирилган «Марс-6» миссиясига 1973 йил 5 август куни старт берилган эди. «Дарё» сана муносабати билан қизиқарли фактлар ҳақида маълумот беради.

Фото: Google Photos

Яқиндагина Марс сари БААнинг «ал-Амал» автомат космик станцияси йўл олганини хабар қилган эдик. Бу билан эндиликда араблар ҳам космик пойгага қўшилди. Умуман олганда, шу кунларда кетма-кет равишда аввал Хитой, кейинроқ эса АҚШ ҳам қўшни сайёрага ўз космик аппаратларини йўллади. Ушбу кетма-кет стартлардан мазкур мамлакатларнинг ҳар бири ўзига хос мақсадларни кўзлаган, шунга қарамай, Қизил сайёрани тадқиқ қилиш борасида мазкур ҳаракатларни янгилик деб бўлмайди.

Сайёрага космик зондлар йўллаш ва унинг орбитасидан ва сиртидан туриб тадқиқ қилиш борасидаги илк лойиҳани СССР бошлаб берган. Совет Иттифоқининг «Марс» номли космик дастури 1962 йилда бошланган эди ва унга кўра, олимлар Марсга орбитадан туриб ишлайдиган аппарат билан бирга унинг сиртига оҳиста қўниб, кейин эса ўзи ҳаракатланиб ишлайдиган ровер – марскезар ҳам тушириш режа қилинган. Шу мақсадда советлар 1962–1973 йиллар мобайнида Марс томон етти бора аппарат учирган бўлиб, улардан бири – «Марс-6» миссияси 1973 йилнинг 5 август санасида стартга чиққан эди.

СССРнинг «Марс» дастури доирасидаги уринишларини унчалик ҳам муваффақиятли деб бўлмайди. Миссияларда кўзда тутилган жиҳатлардан бири (балки асосийси) – сайёра сиртига ўзиюрар аппарат қўндириш режаси фақат бир марта – «Марс-3» миссияси давомида қисқа муддатга уддаланган холос. Ўшанда ҳам марскезар сайёра сиртида 14 сония давомида ишлаб, бир неча суратни Ерга юборган (айрим манбаларда у 20 сония ишлаган дейилади).

Шунга қарамай, ўша Марс миссиялари тарихда энг биринчи сайёралараро миссия сифатида қайд этилган ва Марс сиртига илк бора одам қўли билан ясалган нарсаларни элтиб қўйган. Миссиянинг «Марс-4», «Марс-5», «Марс-6» ва «Марс-7» лойиҳалари деярли бир пайтда, кетма-кет (1973 йилнинг 21 июли ва 9 августи оралиғида) Бойқўнғир космодромидан парвозга чиққан бўлиб, шу сабабли ҳам улар манзилга деярли бир вақтда етиб борган. Улардан «Марс-4» ва «Марс-5» аппаратлари сайёра орбитасидан туриб алоқани таъминлаши керак, «Марс-6» ва «Марс-7» аппаратлари эса унинг сиртига марскезар тушириши кўзда тутилган эди.

Фото: Google Photos

Бироқ «Марс-4» двигателидаги носозлик туфайли тормозланиш системасини ишга тушира олмай, сайёра яқинидан катта тезликда учиб ўтиб кетган ва атиги битта сурат жўнатиш билан кифояланган; «Марс-5» ҳам шунга ўхшаш қисматга дучор бўлган: унинг энергия захираси тезкор тугаб қолган ва Марснинг жанубий қутбига оид кам сонли суратларни юборган холос.

Қўшни сайёрага яна бир марскезар қўндириши лозим бўлган «Марс-7» ҳам «Марс-4» сингари хатони такрорлаб, ҳатто орбитал барқарорликка ҳам эриша олмасдан сайёра сиртида 1 300 километр наридан шошилинч учиб ўтиб кетган. Шу жиҳатдан қараганда миссия доирасида фақат биз ҳикоя қилаётган «Марс-6» миссияси нисбатан муваффақиятли чиққан дейиш мумкин. Уни «Протон-К» элтувчи ракетаси коинотга олиб чиққан эди.

Старт массаси 3,8 тонна (шундан 589 килограмм ёқилғи) бўлган бу сайёралараро станция бортида ҳам Марсга оҳиста қўниши кутилган ровер бўлган. Аппарат бортига ўрнатилган илмий асбоб ускуналарнинг умумий вазни эса атига 135 килограмм эди холос. Ушбу илмий ускуналарга, жумладан, телевизион камералар, масс-спектрометр, шамол йўналиши ва тезлигини аниқлайдиган асбоб (флюгер), термодатчиклар кирган.

1974 йилнинг март ойи бошида Марсга етиб борган аппарат 12 март куни Марс атрофидаги барқарор орбитани эгаллади ва марскезарни туширишга тайёргарлик бошланди. Аппарат Марс атмосферасига киргач, парашют воситасида шўнъгишни бошлади ва жами беш дақиқа 15 сония давомида шўнғиб, йўл-йўлакай атмосфера таркиби, зичлиги ва ҳароратига алоқадор маълумотларни узатиб борди. Бироқ ҳозиргача номаълум сабабга кўра, «Марс-6» миссиясининг марскезари ҳам сайёра сиртига қўнишда муваффақиятсизликка йўлиқди ва қайтиб алоқага чиқмади.

Фото: Wikipedia

Катта эҳтимол билан у қаттиқ зарб билан урилиши оқибатида пачоқланиб кетган бўлса керак деб қаралади. Ушбу омадсизликдан кейин совет олимлари Марсга аппарат қўндириш борасида бошқа уринишлардан воз кечди ва асосий эътиборни Венерага қаратишди. Марсга қўниш ва бевосита унинг сиртидан панорама суратларни олишни эса кейинчалик Америка марскезарлари уддалади. 1975 йилда учирилган АҚШнинг Viking аппаратлари Марс сиртида муваффақиятли иш олиб борган илк аппаратлар сифатида тарихга кирди.

Шунга қарамай, «Марс-6» миссиясининг ҳам баъзи илмий натижалари тарихан биринчи бўлганини эътироф этиш лозим. Айнан шу миссия илк бора Марс атмосфераси параметрлари ҳақида аниқ ахборотларни жўнатган. Хусусан, атмосфера босими ҳамда ҳарорати кўрсаткичлари қайд этилган. Ўрни келганда бир қизиқ ва шу билан бирга бироз ёқимсиз, ачинарли маълумотни ҳам келтириб ўтиш жоиз. Миссиянинг муваффақиятсизликка учраши омиллари таҳлил қилинганида шу нарса маълум бўлдики, «Марс-6» ва унга ёндош миссияларда қўлланилган микросхемалар учун тайёрланган транзисторлар таркибида техник ҳужжатларда кўрсатилган махсус металл эмас, балки бошқа арзонроқ металл – алюминий қўлланилган экан.

Алюминий эса жуда тез оксидланиб қолиши сабабли транзистор олти ой атрофида ишлагач, ишдан чиқаверган. Кўриб турибсизки, микросхемадаги арзимаган бир деталга қилинган нотўғри муносабат, кўп миллионлик маблағ талаб этадиган улкан космик миссиянинг барбод бўлишига олиб келган. Энг ачинарлиси эса ушбу ҳолат ҳақида конструкторлар ҳам, муҳандислар ҳам бохабар бўлган ва носозликни бартараф этиш ва бунинг учун парвозларни вақтинча кечиктиришни сўраб мурожаат қилишган. Лекин партия раҳнамоларининг тайзиқи туфайли парвоз барибир амалга оширилган ва натижа ҳам шунга яраша бўлган...

Музаффар Қосимов тайёрлади.