4 август куни Ливан пойтахти Байрутдаги порт ҳудудида иккита кучли портлаш содир бўлди. Портлаш содир бўлган портда омборлар жойлашган бўлган.

Фото: «РИА Новости»

Портлаш видеолари ижтимоий тармоқларда эълон қилинди.

Видеоларда ҳодиса жойида қўзиқорин шаклидаги улкан булутлар ҳавога кўтарилаётганини кўриш мумкин. Юз берган ҳодиса туфайли бир неча километр узоқликдаги биноларнинг ҳам ойнаси синган.

Соғлиқни сақлаш вазири Ҳамад Ҳассан портлаш пиротехникалар ортилган кемада содир бўлганини маълум қилди. Ливан хавфсизлик хизмати раҳбари генерал Аббос Иброҳим портлаш пиротехникалар билан боғлиқлигини рад этди. Унинг сўзларига кўра, порт ҳудудида узоқ вақт сақланган бошқа портловчи моддалар портлаган.

Байрут губернатори Марван Аббуд юз берган ҳодисани 1945 йилда Япониянинг Хиросима ва Нагасаки шаҳарларига атом бомбалари ташланганига қиёслади. Унинг сўзларига кўра, портлаш оқибатида шаҳарнинг ярмига зарар етган.

«Al-Arabiya» телеканали ливанлик журналистларга таянган ҳолда 6 кишининг жасади ҳодиса жойидан топилганини хабар берди. Reuters агентлиги Ливан соғлиқни сақлаш тизими ва хавфсизлик кучлари ходимларига таянган ҳолда камида 10 киши ҳалок бўлганини ёзмоқда.

Юзлаб одамлар яраланган. Байрут тез ёрдам хизмати кўнгиллиларни яраланганлар учун қон топширишга чақирди.