Югославия уруши Европанинг яқин тарихидаги энг мудҳиш воқеалардан бири ҳисобланади. Бир пайтлар ягона давлатда яшаган хорватлар, серблар, бошноқлар, албанлар ўзаро қонли курашга киришди. Бу урушнинг энг диққатга сазовор саҳифаларидан бири 1995 йил 4–9 августда Хорватия кучлари ўтказган «Тўфон» операциясидир. «Дарё» ушбу воқеага 25 йил тўлиши муносабати билан тарихни эслайди.
« ‘Тўфон’ ҳарбий амалиёти Слободан Милошевичнинг миллатчилик сиёсатининг инқирозини англатади», – Озрен Жунетс, хорват жамиятшуноси.
«Вақт бомбаси» яриморолидаги этник муносабатлар тарихи
Болқон ярим оролидаги инқироз – бу бутун Европанинг тарихи ҳисобланади. Болқон яримороли харитасининг турли даврларда ўзгаришида XIX ва ХХ асрларда манфаатлари тўқнаш келган йирик империя ва монархияларнинг тўқнашуви билан уйғунликда юз берди. Ҳали Югославия атамаси мавжуд бўлмаган XIX асрнинг охирлари ва ХХ аср бошларида Болқон яримороли аҳолиси Болқон урушларида, кейинчалик Биринчи ва Иккинчи жаҳон урушларини бошидан кечирди.1878 йилнинг 13 июль санасида Берлин тинчилик сулҳи натижасида Сербия ва Черногория Усмонийлар империяси вассалидан мустақил давлатга айланди. Болқон яримороли аҳолисининг катта қисми Усмонийлар султонлиги ва Австрия Венгриянинг Габсбурглар сулоласи қўл остида қолаверди. Жанубий славянлар бир жоғрофий ҳудудда яшар ва турли ташқи ҳужумлардан ҳимояланиш учун Югославия ғояси билан яшар, лекин бу ҳам юксак, ҳам сохта ғоя учун болқонликлар кўп марта товон тўлашига тўғри келди.
Чунки тили, маданияти қариндош, бироқ дини фарқ қилаган ҳудудда «бир ҳудуд, бир миллат, бир давлат, бир тил» ғояси сароб эди. Биринчи жаҳон урушида Антанта ғолиб бўлди, Версал тинчлик битимига кўра, Болқонда биродарлик алоқаларига асосан боғланган давлат қуришга келишиб олинди-ю, дарҳол хорватлар, словенларнинг эътирозларига сабаб бўлди. Болқон яриморолидаги сиёсий вазият вақтга қўйилган портловчи бомбани эслатар эди. Уруш чиқиши аниқ, лекин қачон деган савол минтақа аҳолисини доим ҳавотирга соларди.
Коммунизмнинг инқирози ва Югославия Иттифоқининг парчаланиши
Европадаги коммунизм инқирози Югославияни ҳам четлаб ўтмади. 1989 йилда Югославияда сиёсий партиялар тузишга рухсат берилди ва 1990 -илнинг апрель–май ойларида Югославияда кўппартияли сайловлар ўтказилади. Хорватия, Босния ва Герцоговина, Словения ва Македонияда мустақилликни ёқлаб чиқаётган кучлар ҳокимият тепасига келишди. Сербияда эса «Буюк серблар» ғояларини дастак қилиб олган Слободан Милошевич ҳокимият тизгинларини қўл остига олди.Словения биринчи бўлиб мустақилликни қўлга киритиб олди. Хорватия ва Босниядаги сиёсий воқеалар ҳам Словения сценарийси бўйича ривожлана бошлади. 1991 йилнинг 19 май санасида Хорватиядаги сайловларда 94 фоиз хорватлар мустақилликни ёқлаб овоз берди. 25 май санасида Хорватия мустақиллик декларацияси қабул қилинди. Бироқ «Буюк Сербия» ғояларига ўралашиб қолган Милошевич хорватларга қарши армия юборди. Хорватияда эндигина сиёсий институтлар пайдо бўлаётган, Европадаги энг кучли армиялардан бири бўлган сербларга қарши туришга хорватларнинг халқ қўшинигина мавжуд эди.
1992 йилга келиб жаҳон ҳамжамияти Хорватиянинг мустақиллигини тан олди ва серб қўшинлари секин-аста мамлакатни тарк эта бошлади. Шунга қарамасдан, серблар истиқомат қиладиган ҳудудларда пойтахти Книн бўлган Серб Краинаси республикаси тузилади.
Хорватия мустақилликни қўлга киритгач мамлакатда туб бозор иқтисодиёти ислоҳотлари ўтказади. Мамлакат қисқа вақт давомида самарали бошқарув тизими ва қуролли кучларини ташкил қилади. 1994 йил хорватлар учун нисбатан осуда давр бўлди. Бу давр урушдан олдинги сукунат даври эди. 1995 йилда БМТ Серб Краинасини мухторият мақомида хорватияга бирлашувини амалга ошириш учун «Загреб-4» режасини ишлаб чиқади. Лекин серблар тинчликка элтувчи мазкур режага қўшилмасликларини билдиради. Бу эса уруш бўлишидан дарак эди. 1995 йил май ойида серб ва хорватлар ўртасида уруш бошланиб кетади.
«Тўфон» операцияси
Хорватия президенти Тужман мамлакат яхлитлигини бир умрга таъминлашга қарор қилади. 1995 йилнинг июль ойида мамлакат миқёсида умумий ҳарбий чақириқ эълон қилинади. Умумий ҳарбий чақириқ натижасида 50 минг нафар Хорватия мудофаа қўшинлари 150 минг нафарга етади. Ҳарбий соҳадаги ислоҳотлар натижасида армия қайтадан ташкил қилинган, тартиб интизом ва бошқарув тизими янгиланган эди. Керакли миқдорда ҳарбий қурол яроғлар ҳам уруш олиб бориш ҳолатига тайёрланганди.1995 йилнинг 4 август санасида Хорватия ҳукумати вакили Хрвое Шаринич француз тинчликпарвар кучлари қўмондони Жанверни мамлакат яхлитлигини таъминлаш учун ҳарбий амалиёт бошлнаётганидан хабардор қилади. Мазкур хабар тез орада минтақадаги бошқа тинчликпарвар кучлар ҳарбийларига ҳам етказилади.
4 август тонги соат 5:00 да хорват қуролли кучлари артилерия ва ҳаво ҳужумлари ёрдамида Серб Краинаси Республикасининг аҳоли пунктларини ўққа тутади. 630 километрга чўзилган жанг майдонида Хорватия армиясининг қурукликдаги қўшинлари 30 та йўналишда жангга киради. Ҳарбий амалиётларнинг биринчи кунида хорват қўшинлари жанговар вазифани бажариб ва серблар эгаллаб турган ҳудудларни қуршаб олишга эришади. Шу куни Констайница, Петрина, Глина, Слун, Грачатс, Оборватс, Дрниш каби шаҳарлар серблар қўлидан тортиб олинади.
Хорват ҳарбийларининг шиддатли ҳужумлари натижасида пойтахт Книндаги серб ҳарбий бўлинмалари шаҳарни ташлаб чиқиб кета бошлайди. 6–7 август кунлари давом этган ҳарбий амалиётлар хорват қўшинларига мамлакатни деярли конституцияга зид тарзда тузилган серб ҳарбий бўлинмаларидан озод қилинишига олиб келади. Аксар серб ҳарбий бўлинмалари Босния ва Герцоговина ҳудудига чекинишга мажбур бўлади.
7 август куни соат 18:00 да Хорватия мудофаа вазири Гойко Шушак «Тўфон» ҳарбий операцияси муваффақиятли якунланганини эълон қилади. 8–9 август кунлари эса омон қолган серб айирмачиларининг қаршилик гуруҳлари тор-мор қилинади ва қўлга олинади. Орадан бир ҳафта ўтгач эса Хорватия ҳукумати мамлакат миқёсида демобилизация жараёни бошланганини эълон қилади. Хорватиянинг конституциявий тузуми, республика бир бутунлиги сақлаб қолинади.
Сўнг сўз ўрнида
«Тўфон» ҳарбий амалиёти Хорватия тарихида энг яхши ташкилланган ҳарбий амалиёт сифатида қолди. Уч кун давом этган жанглар мамлакатнинг учдан бир қисмини эгаллаб олган серб айирмачиларининг мағлубияти билан тугади. Серб айирмачиларини қўллаб-қувватлаётган ташқи душман бўлишига қарамасдан, хорватлар миллий мустақиллигини сақлаб қола олди. Бу ғалаба эса мамлакатда тоғри танланган сиёсат, тўғри амалга оширилиган ислоҳотлар натижасида қўлга киритилди.
Ҳукумат тепасида қўлидан ҳақиқий иш келадиган етакчилар турди. Хорватлар ҳар йили 4 август санасини ғалаба куни сифатида нишонласа, серблар бу куни хорватлар сербларга қарши жиноятга – геноцидга қўл урди, дея ёдга олади. Уруш натижасида 200 мингга яқин серблар Хорватияни ташлаб, қўшни Сербияга, Косовага, Босния ва Герцоговинага қочиб ўтади.
2005 йилда Гаагадаги Халқаро трибунал «Тўфон» операциясида қатнашган хорват генералларини ва ҳаттоки президент Франо Тужманни ҳарбий жиноятлар содир этганликда айблайди. Хорватиянинг Европа Иттифоқига аъзо бўлишига тақиқ қўйилади.
2011 йилга келиб Ҳалқаро Суд Анте Готовина, Иван Чермак ва Младен Маркач – хорват генералларига нисбатан айбловларни бекор қилади. 2015 йилнинг февраль ойида Халқаро суд Белград Хорватиянинг бир-бирига нисбатан сурган геноциддаги айбловларини эътиборсиз қолдиради. Загреб ва Белградга уруш натижасида бедарак кетганларни аниқлаш борасида тавсиялар беради.
Жаҳонгир Эргашев тайёрлади.
Изоҳ (0)