Бундан 246 йил йил олдин, 1 август санасида британиялик Жозеф Пристли симоб оксидини қиздириш орқали қилган тажрибаларидан сўнг моҳиятан кислородни кашф қилган эди. Бу сана кашфиёт учун илмий жиҳатдан расмий тасдиқланган ҳисобланади. «Дарё» кислород борасидаги қизиқарли фактлар ҳақида маълумот беради.

Oxygen атамасини фаранг кимёгари Антуан Лавуазье ўйлаб топган. У кислоталар таркибида албатта кислород бўлади деб ўйлаган ва кислотани айнан ушбу элемент туғдиради деб ишонган. Шу жиҳатдан мазкур атаманинг айнан маъноси француз тилида «кислота туғдирувчи» дегани бўлиб, у ҳам ўз навбатида юнон тилида «нордон» деган маънони берувчи oxys ҳамда «таваллуд» маъносини берувчи genos сўзларидан ясалган. Кейинчалик бу атамани неологизм тарзида Михаил Ломоносов рус тилига ўзлаштирган ва «кислота» ҳамда «рождаюшчий» сўзларининг тегишли бўғинларидан сўз ясаб қўя қолган.

Фото: Google Photos

Инглиз кимёгари Ҳамфри Дэви бу мавзуда алоҳида чиқиш қилиб, Лавуазьени ҳам, бошқаларни ҳам қаттиқ танқид қилган эди. Элементга худди шу мантиқнинг ўзи билан «ишқор туғдирувчи» деб ҳам ном бериш мумкин эди. Ва бу адолатдан ҳам бўлур эди. Чунки кислород кислоталар таркибида бўлмаслиги мумкин, лекин у барча ишқорлар таркибида албатта мавжуд бўлади. Лекин бўлар иш бўлиб бўлган: ушбу номлар аллақачон кимё илми илдизларига сингиб, мана учинчи асрдирки, ҳамманинг онгида оммалашди.

Бугун, 1 август ушбу номи янглиш, лекин ўзи ҳаёт учун жуда муҳим бўлган элементнинг илмий жиҳатдан расмий кашф этилган куни ҳисобланади. Бундан нақ 246 йил муқаддам, яъни 1774 йилнинг 1 август санасида британиялик серқирра шахс Жозеф Пристли (1733–1804) симоб оксидини қиздириш орқали қилган тажрибаларидан сўнг моҳиятан кислородни кашф қилган эди. Унинг кашфиёти қандайдир мукаммал кимёвий тажрибаларга асосланган бўлган дейиш қийин. Қолаверса, у аслида нафас олиш учун муҳим бўлган ушбу элементни кашф этганини аввалбошда ўзи яхши англамаган ҳам.

У шунчаки пробиркадаги симобли кукунни линза воситасида қиздирган ва қизиган кукундан ажралиб чиқаётган тутун-газ яқинида ёнаётган шамнинг олови ёрқинроқ тус олаётганига эътибор берган. Ўша пайтларда Эрнст Шталь исмли кимёгарнинг илмий ишлари туфайли фанда марказий саҳнада бўлган «флогистон назарияси» моддалар таркибида қандайдир «ёнувчанлик муқаддимаси» бўлади, деб таъкидлар эди. Яъни флогистон модданинг ёниш хоссаси деб қаралган ва ёнган (қизиган) нарсалар ўзидаги флогистонни йўқотади деб тахмин қилинган. Ҳеч қандай тайинли илмий асосга эга бўлмаган ушбу назария тарафдорлари орасида қаҳрамонимиз Пристли ҳам бор эди.

Лекин у ўзининг симоб оксиди билан қилган тажрибаларидан кейин пробиркадан чиқаётган тутун шамни ёрқинроқ ёнишига сабаб бўлаётганини фаҳмлади. «Демак, бу тутун-газ туфайли шамнинг флогистони кўпайиб қолмоқдами?» деб ўйлади у. Мулоҳаза қилиб кўриб, шамнинг ёнишига ёрдам бераётган нарса айнан шу газ эканини англаб етди ва аслида, ҳеч қандай флогистон деган нарса йўқ эканини тушунди. Юқорида ҳам айтганимиздек, Пристлининг ўзи ўша пайт янги газни кашф этгани ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлмаган. У кейинчалик шундай ёзади: «Мен очиқ тан оламанки, тажрибаларимнинг аввалида ўзим қилган ишларнинг кашфиёт эканини фаҳмлаш учун улар борасида бирор бир гипотеза ҳақида ўйлашдан ҳам шунчалик йироқ эдимки, агар менга бундай фаразни бошқа биров айтганида ҳам мен уларга ишонмаган бўлардим…».

Фото: Google Photos

Пристли 1775 йилда ўзининг ушбу газ билан олиб борган барча тажрибаларини баён қилувчи илмий ишини ёзиб тугатади ва бир нусхасини Парижга, ўша замоннинг энг кўзга кўринган кимёгарларидан бўлган олим Антуан Лавуазьега етиб боришини таъминлайди. Кашфиёт моҳиятини айнан Лавуазье биринчи бўлиб англаб етган ва ундан флогистон назариясини барбод қилиш учун фойдалана бошлаган. Шу орқали Пристлининг илмий нуфузи бутун Европада кескин ортиб кетди. У Эдинбург университети фахрий доктори ҳамда Париж ва Петербург фанлар академияларининг хорижий аъзоси сифатида сайланади. Шунингдек, олим Қироллик жамиятининг ҳам тўлақонли аъзосига айланади.

Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, Пристли ўзи Йоркшир графлигида, камбағал мовутфуруш оиласида туғилиб ўсган. Асосан англикан черковига зид бўлган протестант диний қарашлари туфайли кўпинча инглиз жамиятида ва айниқса, черков амалдорлари орасида таъқибда бўлган. Шунга қарамай, у Девентри академиясида илоҳиёт бўйича мукаммал таълим кўрган ва оз эмас, кўп эмас, нақ 9 тилни мукаммал биладиган, зиёли киши бўлиб етишган. У даставвал черковда ваъз айтиш билан шуғулланган. Лекин кейинчалик тазйиқлар туфайли диний фаолиятдан четланишга мажбур бўлган ва Уоррингтон университетида хорижий тиллар ўқитувчиси бўлиб ишлай бошлаган. У айнан шу университетда физика, математика ва кимё фанидан дарс берувчи ҳамкасблари билан суҳбатлар асносида, илм-фанга, айниқса, кимёвий тажрибаларга қаттиқ қизиқиб қолади ва ўзи ҳам керакли жиҳозларни харид қилиб, қизиқиш юзасидан турли экспериментлар қилиб кўра бошлайди.

У ўз даври учун жуда илғор ижтимоий-сиёсий қарашлари билан ҳам ажралиб турадиган шахс бўлган ва фаранг инқилобини ёқловчи фикрлари билан танилган. У инглизлар ва французлар орасида ҳозирда ҳам учраб турадиган ва ўша пайтда авжида бўлган ўзаро жиддий рақобат муҳитида яшаган, фаранг жамиятига нисбатан ижобий фикрларини очиқ эътироф этгани, кўпинча французларни мақтаб гапиргани учун анъанавий консерватив руҳдаги инглиз жамиятида доимо зиддиятлар остида бўлган.

Илғор фикрли, илмли киши сифатида Пристли ўзи сингари бўлган маслакдошлари билан «Тўлин Ой жамияти» йиғилишларида доимий фикр алмашиниб, долзарб илмий масалаларни муҳокама қилиб борар эди. Бу жамият ой тўлишига энг яқин душанба кунида, ҳар ойда бир марта йиғиларди ва айнан шу нарса ўзи илмдан бехабар, хурофотга ва бидъатга берилувчан кишилар тасаввурида Пристли ва унинг ҳамфикрларини «ойпараст», «яширин секта» аъзолари деб ўйлашга асос бўлар эди. Бироқ «Тўлин Ой жамияти» соф илмий муҳокамалар майдони бўлиб, унининг аъзолари ёши, дини ва сиёсий қарашларидан қатъий назар, фақат долзарб ва илғор илм ҳақида баҳслашишар эди.

Фото: Google Photos

Бу ҳақда Пристли шундай ёзган: «Бизларда бир-биримизнинг сиёсий ва диний қарашларимиз билан ишимиз йўқ. Бизни илм-фанга бўлган улкан муҳаббат бирлаштириб туради ва менинг фикримча, айнан илм барча-барчани – насронийни ҳам, яҳудийни ҳам, мусулмон ва мажусийни ҳам, монархия тарафдори ва республикачини ҳам бирлаштиришга кифоядир».

Таъкидлаш жоизки, Пристлининг айнан шу илғор фикрлилиги ва айниқса, черков ваъзларидан кўра илм-фанни устун билгани, француз инқилобини очиқчасига қўллаб-қувватлаши, ўша замоннинг руҳонийлари ва уларга кўр-кўрона эргашадиган мутаассиб одамлари томонидан қаттиқ таъқибга олинган. Унга қарши кучли тазйиқлар қилинган ва охир-оқибат 1791 йилнинг 14 июлида Пристли Бирмингемдаги ҳовлисида маслакдош дўстлари билан бирга Бастилиянинг ишғол қилиниши санасини нишонлаётган пайтда, шаҳар англикан черкови томонидан уюштирилган хуруж туфайли ўлиб кетишига бир бахя қолган. Радикал мутаассиблар тўдаси олимнинг уйига бостириб кириб, аввалига унинг барча лаборатория жиҳозларини ва кутубхонасини йўқ қилган. Кейин эса уйига ўт қўйиб юборишган. Пристли ўз оиласи билан аранг қочиб қутилган.

Ушбу ҳодиса Англиянинг ўзида ва Францияда катта ижтимоий акс-садо берди. Одамларнинг кўз ўнгида черков обрўси янада баттар тушиб кетиши билан бирга, олимларга қилинган ҳужум қаттиқ қораланади. Пристлини қўллаб-қувватлаш учун Францияда асосан зиёлилар томонидан махсус хайрия акцияси ўтказилиб, унинг уйини ва лабораториясини тиклашга етадиган маблағ йиғилган. Унга ҳатто Франция фахрий фуқароси мақоми ҳам берилган ва мамлакатдан сиёсий бошпана ҳам таклиф қилинган. Шунга қарамай, олимнинг жамиятдаги илдиз отган бундай хурофотдан қаттиқ кўнгли қолган бўлса керакки, у Англияда ҳам, нотинч Францияда ҳам қолмасликка қарор қилган ва 1794 йилда Америкага бутунлай кўчиб кетган. У умрининг охиригача Пенсилванияда яшаб ўтди ва асосан бадиий адабиёт билан шуғулланди.

Ўрни келганда таъкидлаб ўтиш жоизки, илм-фанда кислородни кашф қилиниши борасида ҳозиргача тинмаган катта баҳс мавжуд. Тўғри, илмий адабиётларда расман Пристли бу борада биринчи бўлгани эътироф этилади. Унинг симоб оксиди билан қилган тажрибалари тафсилоти 1775 йилда нашрдан чиққани бунга асос деб ҳисобланади. Лекин швед кимёгари Вилгелм Шееле ҳам Пристлидан аввалроқ кислород олишга муваффақ бўлгани ҳақида тарихий фактлар бор. Фақат Шееленинг илмий иши Пристлиникидан икки йил кечроқ нашр қилинган.

Фото: Google Photos

Боз устига, кислородни ҳаво таркибидан нафас олиш учун қабул қилинадиган алоҳида газ модда эканини ва у ҳавода атиги тахминан 1/5 улушда бўлишини Шееле ва Пристлидан ҳам аввал голландиялик Дреббель исмли шахс аниқлаган эди. У моҳир конструктор уста ва муҳандис бўлган. Дреббель тарихда илк бора сувости кемасини лойиҳалаган ва синаб кўрган.

Сув ости кемаси сувга шўнғигач, нафас олиш учун ҳаво захираси керак бўлишини тушунган Дреббель, агар сув ости кемасига шунчаки оддий ҳаво ғамлаб олинса, барибир унинг 4/5 қисми нафас олишга яроқсиз, яъни «ўлик юк» бўлишини ҳисоб-китоблари орқали аниқлайди ва яхшиси, фойдали юк миқдорини ошириш учун фақат нафас олишга ярайдиган ҳаво (кислородни) ғамлаш кераклигини кўрсатиб беради. Фақат Дреббель олим эмас, муҳандис бўлгани сабабли, бу борада чуқур тадқиқотларга киришмаган ва муҳим кимёвий элементни аниқлаганини ўзи фаҳмламаган ҳам. Дреббелнинг ўша сувости кемаси 1620 йилда, Пристли ва Шееледан нақ 150 йил аввал синаб кўрилган эди!

Музаффар Қосимов тайёрлади.