Тошкент шаҳрида коронавирусга гумон қилинган беморларни тақсимлаш ва даволаш учун ташкил қилинган тақсимлаш марказлари Мудофаа, Ички ишлар вазирликлари ва Давлат хавфсизлик хизмати госпиталларига бириктирилди. Бу ҳақда Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Беҳзод Мусаев «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюда маълум қилди.

Кадр: «Ўзбекистон 24»

Бош вазири ўринбосарининг билдиришича, «Ўзэкспомарказ»нинг 1 ва 2-павильонида ташкил қилинаётган 814 ўринли госпитални бошқариш Мудофаа вазирлиги зиммасига юкланган. «Ёшлик» спорт мажмуасида ташкил қилинаётган 520 ўринли тақсимлаш маркази Давлат хавфсизлик хизмати бошқаруви остида фаолият олиб боради. Гимнастика саройида 750 ўринли марказ ишга туширилади ва Ички ишлар вазирлигига бириктирилади.

Ташкил қилинаётган марказлар тегишли органларнинг госпиталларига бириктирилган ва марказларда госпиталларнинг тиббий ходимлари, шунингдек, Соғлиқни сақлаш тизими шифокорлари фаолият олиб боради.

Мазкур марказларни 3 кун ичида ишга тушириш режалаштирилмоқда. Шунингдек, «Ўзэкспомарказ»да аввалроқ ташкил қилинган 1000 ўринли тақсимлаш маркази Тошкент шаҳар ҳокимлиги бошқарувида фаолият олиб бормоқда.

Бундан ташқари, Тошкент шаҳрининг ҳар бир туманида коронавирус бўйича ишлайдиган биттадан махсус поликлиника фаолияти ташкил қилинган.

Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев 27 июль куни Тошкент шаҳрида коронавирус пандемиясига қарши курашиш, бу борадаги ишларнинг самарадорлигини, аҳолига сифатли ва ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатиш қамровини ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳисоботини тинглаш чоғида коронавирус билан хасталанган шахсларни самарали даволашга мамлакат ҳарбийлари, ҳарбий-тиббий муассасаларнинг хизматчилари ва тиббиёт мутахассисларини жалб қилиш кераклигини айтганди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

Аввалроқ «Ёшлик» спорт мажмуасида ташкил қилинган тақсимлаш марказига тиббиёт ходимлари ишга қабул қилиш бошлангани ҳақида хабар берилганди.

Бундан ташқари, Сергели туманидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ҳудудида коронавирусга гумон қилинганларга ташхис қўйиш, заруратга кўра даволаш учун шароит яратилган.