«Дарё»ни Telegram’да ўқинг! Join!
10:32, 25.07.2020 35336

Муносабатларни мустаҳкамловчи оддий, лекин аҳамиятли жумлалар

Қуйидаги жумлалар исталган муносабатларнинг мустаҳкам бўлиши ва суҳбатдошда яхши таассурот қолишига сабабчи бўлади.

Фото: Getty Images

Ёрдам керакми?

Турли тушунмовчилик ва баҳсларга иккинчи томоннинг мавжуд муаммога ечим топмаслиги ва топишни истамаслиги сабаб бўлади. Қарс икки қўлдан чиқиши кераклигини инобатга олган ҳолда қаршингиздаги инсонга нима қилиш кераклигини ўргатгунча унга ёрдам таклиф қилинг. Ёрдам беришга шайлик мард инсонларга хос. Фақат бир нарсани унутманг, ёрдам бериш истаги ёки хоҳишни ҳис қилмай, шунчаки айтилиши керак бўлгани учун аравани қуруқ очиб қочиш ярамайди, бу эса муносабатларнинг самимий эмаслигидан далолат беради

Бу ҳақда сизнинг фикрингиз қандай?

Қаршингиздаги инсон сизнинг жуфтингиз, оила аъзонгиз, дўстингиз ёки ҳамкасбингиз бўлишидан қатъи назар, умумий мавзу ҳақида гап кетганда унинг фикри билан қизиқинг. Сизга кераклиги, фикри муҳимлигини билган инсонда ўзига ишонч пайдо бўлади ва сиз билан алоқалари яхшиланишига олиб келади.

Узр сўрайман

Исталган муносабатда ҳам хатосини билиш ва тан олиш муҳим саналади. Ҳақиқатан ҳам айб сиздан ўтдими, узрингизни сўранг.

Келинг, бу ҳақда унутамиз

Кечиримли бўлиш ҳам бир фазилат, айниқса, шахсий муносабатларда. Лекин кечирилиши мумкин бўлган ва бўлмаган вазиятларни фарқланг ва вақтида қадрингизни билган ҳолда иш тутинг. Асосийси эса кечиргандек туйилиб, ўзингизни алдаб яшамасдан чин дилдан афв этинг.

Сизсиз нима ҳам қилолган бўлардим?

Ҳар бир инсон учун уни қадрлашлари ва ҳурмат қилишларини эшитиш, асосийси эса ҳис қилиш ёқимли. Қаршингиздаги инсоннинг сиз учун аҳамиятли эканини билдиринг, лекин кўпиртирманг ва тилёғламалик қилманг. Ростан ҳам ҳис қилган туйғуларингизни англатинг, ўзингизни ҳам, бошқа инсонни ҳам алдаманг.

Исмини айтиб чақириш

Инсон исмини айтиб мурожаат қилиниши ва суҳбат давомида қайта-қайта такрорланиши, суҳбатдошда ишонч, симпатия ва бошқа ижтимоий эмоцияларни ҳис қилишга сабабчи бўлиши психологик жиҳатдан исботланган. Фақат шарт бўлмаган жойда қайта-қайта исм айтилиши асаббузарликни келтириб чиқариши мумкин.

Изоҳ қолдиришдан аввал, қоидалар билан танишиб олинг: http://dy.uz/sBU7c