Тошкент шаҳрида коронавирусга қарши 10 минг нафар шифокор доимий равишда ишлаши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев Халқаро пресс-клубнинг 20 июль, душанба куни бўлиб ўтган сессиясида айтиб ўтди.

Фото: «Ўзбекистон 24»

Анжуманда бош вазир ўринбосарининг таъкидлашича, пойтахтда коронавирусга қарши курашиш мақсадида 10 минг нафардан ортиқ шифокорнинг доимий асосда ишлашини таъминлаш режалаштирилган.

«Ундан ташқари, ‘Ўзэкспомарказ’да доимий асосда зудлик билан бериладиган биринчи тиббий ёрдамни амалга ошириш учун шу ҳафтанинг ўзида 500 ўринли жой ўрнатилмоқда. Чет эл тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда, шу билан муаммонинг олдини оламиз», — деди Беҳзод Мусаев.

Агар зарурат туғилса, «Ўзэкспомарказ»нинг бошқа павильонлари ҳам коронавирусга чалинган беморларни даволашга мўлжалланган зонага айлантирилади.

«Керак бўлса, яна кенгайтириш имкониятлари ўрганиб чиқилади ва энг асосийси, шу ҳафтада республикамизга яна 2,5 мингта жиҳоз ҳамда концентратор етиб келмоқда. Шу билан оператив тарзда, 24 соат уйқусиз шу нарсани бошқаришга қаратилган фаолиятни амалга оширамиз», — деди у.

Маълумот учун, Тошкентнинг Юнусобод туманида жойлашган «Ўзэкспомарказ» кўргазма маркази майдонларида ташкил этилаётган коронавирусга чалингани гумон қилинган беморларга аниқ ташхис қўйиш ва касаллик даражасини аниқлаш, шунингдек, беморларга биринчи ёрдам кўрсатиш ва уларни клиникаларга тақсимлаш маркази 500 ўринга мўлжалланган.

Бу Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг ташаббуси бўлиб, вазият жуда оғирлашганида «Б» режаси бўлиши учун амалга оширилмоқда. Марказни ташкил этиш ва таъминлаш харажатлари бюджет маблағлари ҳисобидан қопланмайди.