Ўзбекистонда коронавирус эпидемияси расман 15 март куни бошланган бўлса, Соғлиқни сақлаш вазирлиги (ССВ) ҳозиргача (20 июль соат 21:50 ҳолатига кўра) COVID-19 сабаб 90 киши вафот этганини эълон қилди. Бундан ташқари, Давлат хизматлари агентлиги ва Маданият вазирлигида ишлаган яна икки фуқаро коронавирусга чалиниб, вафот этгани ҳақида шу ташкилотларнинг ўзи расман ахборот берган, бироқ бу ҳолатлар ССВ томонидан тасдиқланганича йўқ. Катта эҳтимол билан, бу ССВ ҳозирча тасдиқламаган (ёки ҳисобга олмаётган) ягона ўлим ҳолатлари эмас.

20 июль куни Олмалиқ ҳокимлиги матбуот хизмати Эпидемияга қарши кураш бўйича шаҳар фавқулодда комиссиясининг 19 июль ҳолати бўйича эпидемиологик вазиятга доир ахборотини эълон қилди. Унда таъкидланишича, эпидемия бошидан бери шаҳарда жами 28 кишида коронавирус инфекцияси тасдиқланган, касаллик асоратлари оқибатида иккита ўлим ҳолати юз берган. Қайд этиш жоиз, шу вақтгача Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида COVID-19 сабаб ўлим ҳолатлари қайд этилгани ҳақида бирор марта ахборот бермаган эди.

Шаҳар ҳокимлигидан «Дарё»га маълум қилишларича, Олмалиқ ҳокими Усмон Раҳимов 12 июль куни аҳолига йўллаган мурожаатида шаҳарда коронавирус инфекцияси оқибатида битта ўлим ҳолати қайд этилганини алоҳида қайд этиб ўтган. Ҳокимлик расмийлари ушбу ўлим ҳолатлари ССВ томонидан нима учун маълум қилинмаётгани уларнинг ўзи учун ҳам тушунарсиз эканини таъкидлади. Шаҳар Санитария-эпидемиология осойишталик маркази (СЭОМ) раҳбари Фаррухбек Мусаев Олмалиқда коронавирус сабаб юз берган ўлимлар ҳақида «Дарё»га маълумот берди.

Маълум қилишларича, Олмалиқда коронавирус инфекцияси асоратлари оқибатидаги биринчи ўлим 9 июль куни қайд этилган. «1969 йилда туғилган аёл 6 июль куни икки томонлама бронхопневмония ташхиси билан шифохонага ётқизилган. Бемордаги клиник белгилар коронавирусга ўхшаш бўлгани, жумладан, тана ҳарорати кўтарилгани сабаб 8 июль куни ундан коронавирусга тест олинган. Бемор 9 июль куни Олмалиқ шаҳар юқумли касалликлар шифохонасида вафот этган, тест натижаси (мусбат) ўлимидан сўнг чиққан», — дея маълум қилди СЭОМ раҳбари.

15 июль куни иккинчи ўлим қайд этилган. «1957 йилда туғилган аёлда 13 июль куни икки томонлама бронхопневмония тасдиқланган, унга умумий амалиёт шифокори томонидан шифохонада даволаниш учун йўлланма берилган, бироқ бемор йўлланмани рад этган ва уй назоратида даволанишни давом эттирган. Аҳволи оғирлашгач, 15 июль куни Олмалиқ шаҳар тиббиёт бирлашмасининг реанимация бўлимига ётқизилган, бироқ кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай, шу куни вафот этган. Ундан олинган тест натижаси (мусбат) ҳам ўлимидан сўнг чиққан», — деди Фаррух Мусаев.

Қўшимча қилишларича, «ҳар иккала бемор ўрнатилган тартиб бўйича, барча дезинфекция чоралари кўрилган ҳолда дафн этилган», улар билан бирламчи мулоқотда бўлганларнинг барчасидан, оила аъзоларидан анализлар олинган, улар кузатув остида бўлиб турибди.

Шу тариқа «Дарё» ҳисоби бўйича 20 июль соат 21:50 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси асоратлари оқибатида вафот этганлар сони 94 нафарга етди — 90 та ҳолат Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган, қолган ҳолатлар эса Давлат хизматлари агентлиги (битта ҳолат), Маданият вазирлиги (битта ҳолат) ва Олмалиқ шаҳри расмийлари (иккита ҳолат) томонидан маълум қилинган (ва ҳозирча ССВ томонидан тасдиқланмаган).