Тошкент шаҳар ҳокимлиги Юнусободдаги «Ўзекспомарказ» павилонларида коронавирувсга чалинган беморларни жойлаштириш учун койка-ўринлар ҳозирламоқда. Бу ҳақда воқеа жойида иш олиб бораётган манба «Дарё»га маълум қилди.

Ижтимоий тармоқларда «Ўзекспомарказ»да койка-ўринлар тайёрланаётгани ҳақида гап-сўзлар тарқалган. Хабарларга илова қилинган фотосуратларда кўргазма маркази павилонларига бир-биридан пардеворлар билан ажратилган ётоқлар жойлаштириб чиқилаётганини кўриш мумкин.

Манба айнан қанча ётоқ-ўрин тайёрланаётганини очиқламади, бироқ бу шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан амалга оширилаётгани, эҳтимолий энг оғир вазиятга тайёргарлик сифатида тайёрланаётганини таъкидлади. «Эҳтимол, бу койка-ўринларга зарурат ҳам бўлмас», — деди манба.

Фото: Telegram

Фото: Telegram

Фото: Telegram

Фото: Telegram

Маълумот учун, 19 июль соат 10:00 ҳолатига кўра касаллик тасдиқланган ва даволанишни давом эттираётган беморлар сони Тошкент шаҳрида 5051 нафарни, Тошкент вилоятида эса 851 нафарни ташкил этмоқда. Ушбу 5902 нафар беморнинг қанчаси Тошкент шаҳрида ва қанчаси Тошкент вилоятида даволанаётгани, қанчасида касаллик аломатларсиз (симптомларсиз) кечаётгани ҳақида аниқ маълумот йўқ.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази раҳбари Обид Ҳакимовнинг 13 июль куни эълон қилинган интервьюсида Тошкентда жами 16 та касалхонада коронавирус билан касалланган беморлар учун 3580 та койка-ўрин ажратилганини таъкидлаган эди. 18 июль куни Тошкент шаҳар ҳокимлиги коронавирусга чалинган беморларни жойлаштириш учун яна 2358 та койка захираси шакллантирилганини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев 15 июль куни бўлиб ўтган видеоселекторда коронавирусга қарши курашни самарали ташкил қилмагани учун Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев (ва соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов)га ҳайфсан берган эди. Шундан сўнг ҳоким шаҳардаги касалхоналарда бўлиб, вазият билан бевосита танишгани маълум қилинди.