Сирдарё вилояти назорат-ўтказиш пунктида судья ИИБ ходимлари томонидан калтакланди. Бу ҳақда журналист Зафарбек Солижонов ўзининг Telegram’даги саҳифасида маълум қилди. Бош прокуратура «Дарё»га бу хабарни тасдиқлади.

Фото: «Дарё»

Маълум бўлишича, 13 июль куни Гулистон шаҳрига кириш қисмда узундан узун сунъий тирбандлик юзага келган. Жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилоят судининг судьяси А.Э. (1977 йилда туғилган) 1 соатдан ортиқ вақт кутган. Соат 09:40 ларда кириш умуман тўхтатилган.

Ишга шошилаётган судья ИИБ ходимларидан блок-постни очишини сўраган. Аммо орада тортишув юзага келиб, ИИБ ходимлари уни машинасидан тушириб дўппослаган. Кейинроқ ИИБ ходими судьянинг машинасини ҳайдаб, уни воқеа жойидан 300 метр узоқликда ташлаб кетган.

Судьянинг калтак еган ҳолати тез тиббий ёрдам дафтарига соат 10:20 да қайд этилган. Унга бош мия чайқалиши ташхиси қўйилган.

Айрим гувоҳларининг сўзларига кўра, ИИБ ходимлари унинг судья эканлигини дастлаб билмаган, у фуқаролик кийимида бўлган. Ундан тез ёрдам машинасини ўтказиб юборишни сўрашган, судья эса бунга унчалик эътибор бермаган. Бу эса жанжалга олиб келган. Шу вақтда ходимлар унинг судья эканлигини билган.

Бошқа бир гувоҳнинг айтишича, ходимлар унинг судья эканлигини аввалдан билган. Айрим гувоҳлар воқеа ҳолатини тўлиқ видеога олган бўлиб, у прокуратурага тақдим этилган. Воқеа жойида тез ёрдам машинаси бўлмагани айтилмоқда.

Айни пайтда воқеа юзасидан тергов ишлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Республика махсус комиссиясининг 8 июлдаги қарори билан Ўзбекистонда 10 июлдан 1 августга қадар карантин чекловлари қайтадан кучайтирилган. Шунингдек, автотранспорт ҳаракати ҳам чекланган. Автотранспорт воситалари ҳаракатланишига махсус рухсатномалар талаб этилмайдиган ҳолатлар рўйхати тасдиқланган бўлиб, улар орасида суд органлари хизмат автотранспорт воситалари ҳам киритилган.

«Судлар тўғрисида»ги қонуннинг 70-моддасига кўра, судьяларнинг шахси дахлсиз. Судья дахлсизлиги унинг турар жойига, хизмат хонасига, фойдаланадиган транспорт ва алоқа воситаларига, унинг хат-хабарларига, унга тегишли мулклар ва ҳужжатларга ҳам тааллуқлидир.

Аввалроқ Сурхондарё Жарқўрғонда суд ходими ва унинг ҳайдовчисига милиция ходимлари томонидан жароҳат етказилгани хабар берилган эди. Ушбу ҳолатга қонуний баҳо берилиши сенаторлик назоратига олинган.