АОКА ҳузуридаги штабда ташкил этилган брифингда Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бош инспектори Нурмат Отабеков инсоният коронавирус инфекциясини қачон енгиши борасидаги саволларга изоҳ бериб ўтди.

«Албатта, инсоният ҳозир бу саволни кўндаланг қўйишга ожизлик қиляпти. Ҳозир биз касалланиш ҳолатларини камайтирганимизнинг ўзида қандайдир натижага эришамиз. Лекин зинҳор касалланиш кўрсаткичининг пасайиши пандемия тугади, тамом дегани эмас. Шундай экан, коронавирус касаллигининг балки яна қайтадан авж олиш эҳтимоллари ҳам йўқ эмас. Буни келгусида вақт кўрсатади. Энг асосийси, биз мана шу карантин ва чеклов тадбирлари орқали касаллик кўрсаткичига таъсир қила олишимизни англаб етдик. Ҳаётимизда бу ҳолатни бир марта исботладик. Шундай экан, бизнинг асосий мақсадимиз касаллик манбасини жиловлаш орқали эпидемик вазиятни барқарорлаштириш. Касалликни тўлиқ енгиб олиш энди бирмунча қийин. Балки биз коронавирус касаллиги билан бирга яшашга мажбур бўлармиз. Айнан мана шундай ҳолатда касалликка чалинмасдан ўзимизни соғлом сақлаб қола билиш имкониятларини ишга соладиган ҳолат айнан ҳозирги давр ҳисобланади. Шундай экан, биз касалликни тўлиқ енгиб юборишдан кўра кўпроқ касаллик жуда бир жиддий асоратларини чақирмасдан биз билан бирга яшашига ўрганиши кўпроқ эҳтимолдан ҳоли эмас.

Битта нарсани аниқ билайлик, касаллик қўзғатувчилари ҳеч қачон ўзига боши берк кўчани қидирмайди. Вируслар ҳам ҳозир изланишда. Уларни қувиб ёки ўлдиришга уринишимизга йўл қўймаслик учун ўзгаришни давом эттиради ва биз сезмайдиган даражада келиб олиб, бир умрлик хўжайинга эга бўлиш имконияти бор. Вируслар шунақа тез ўзгариб, тез мослашувчи жонзотлар. Шундай экан, бундай имкониятлар борлигини унутмаслигимиз керак».