Халқ банки ахборот хизмати муассасанинг вилоятлардаги учта филиали карантинга олинганини маълум қилди.

Фото: «Дарё»

Хабарга кўра, Халқ банкининг учта филиали ҳозирда карантинга олинган ва ушбу банк муассасаларида хизмат кўрсатиш вақтинча тўхтатилган.

Жумладан, Андижон вилояти Куйганёр филиалида 59 киши карантинга олинган, 1 нафар ходимда коронавирус инфекцияси аниқланган.

Навоий вилояти Нурота филиалида барча ходимлар тест топширган, 8 нафарида COVID-19 аниқланган. Филиал вақтинча фаолиятини тўхтатган.

Навоий шаҳар филиалида ҳам барча ходимлар тест топширган ва натижасини кутмоқда. 1 нафар ходимда инфекция аниқланган.

Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ тумани филиалида ҳам ходимлар коронавирусга тест топширган. Ҳеч бир ходимда инфекция аниқланмаган. Карантин қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда фаолиятини давом эттирмоқда.

Банк ахборот хизмати пенсионерларнинг ҳаётини асраш мақсадида улар учун пенсия ва нафақа пуллари уйма-уй юриб тарқатилаётганини эслатган.

Эслатиб ўтамиз, 10 июль куни коронавирусга чалинган Навоий вилояти Зарафшон шаҳрида яшовчи 55 ёшли Ж.Ў исмли эркак ўткир юрак-қон томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этганди. Ундан аввал 8 июлда Навоий шаҳрида яшовчи 52 ёшли Б.А.нинг ўткир юрак-қон томир ва нафас етишмовчилиги, ўткир бош мия ва ўпка шиши оқибатида ҳаётдан кўз юмгани хабар қилинганди.