АҚШ кино саноатининг маркази Голливудни орзулар фабрикаси дейишади. У жойлашган Лос-Анжелесдаги тепаликка ўрнатилган улуғвор Hollywood ёзувини билмайдиган бўлмаса керак. Ушбу ёзув 1923 йилнинг 13 июлида ўрнатилган. «Дарё» сана муносабати билан ёзувнинг пайдо бўлиш тарихи, маъноси, инсталляциянинг ўрнатилиш сабаблари ҳақида маълумот беради.
Hollywood ёзуви деярлик киномухлислардан тортиб тез-тез АҚШнинг кино марказига саёҳат қилишни хуш кўрадиган саёҳатчилар орасида маълум-у машҳур. Шунга қарамасдан, Hollywood ёзувининг пайдо бўлиши тарихи ҳақида фақат саноқли инсонларгина билса керак, деган фикрдаман. Тинч уммонининг соҳилларига ташриф буюрувчи сайёҳлар киноларда кўрган машҳур ёзувнинг олдига келишни ва у ерда расмга тушишни исташлари айни ҳақиқат.
Сайёҳ зоти қизиқувчан бўлмайдими, ҳар бир кўздан кечираётган буюмига синчковлик билан қарайди, унинг тарихини билишга бор диққат-эътиборини қаратади. Hollywood ёзуви ҳам ана шундай тарихга эга бўлган инсталляциялардан бири саналади.
1923 йилнинг 13 июль санасида Лос Анжелес – Фаришталар шаҳридаги Маунт Ли тоғининг ён бағирларида кейинчалик кино ихлосмандлари орасида машҳур бўлиб кетган Hollywoodland ёзуви пайдо бўлади. Инглиз тилида «holly» – найза барглилар оиласига мансуб бўлган дарахт номи бўлгани боис, Hollywoodland ёзуви муаллифлари бу ерни «Найза баргли дарахтлар макони» – инглизча қилиб айтганда эса Hollywoodland дея аташни исташганди.
Тоғ ён бағридаги мазкур ёзув ўзининг 90 йиллик тарихи мобайнида бир қатор сезиларли ўзгаришларга учради, ёзув Hollywoodland’дан Hollywood’га қадар қисқарди ва кино саноатнинг ва кино сайёҳликнинг ўзига хос Маккасига айланди. Голливуд минглаб ёшларнинг орзулари ушаладиган ёки пучга чиқадиган маконга айланди. Кимлардир оддий қашшоқ оилада туғилиб, Ҳоливудда пул, нуфуз, ҳурматга эга бўлди, кимлардир Голливуд йўлакларида хор-зор бўлиб,умргузаронлик қилди. Аммо мақола бу ҳақида эмас.
Hollywood ёзуви пайдо бўлган 1923 йилда унинг кино саноатига ҳеч қандай алоқаси йўқ эди. Мазкур ёзув кўчмас мулк билан шуғулланадиган бир-иккита хусусий уй-жой ширкатларининг ўзига хос рекламаси эди. Пулдор мижозлар учун уй-жой ширкати «Тоғ ён бағирларидан қулай имкониятга эга бўлган қулай нархдаги уй-жойни харид қилинг!», дея барпо қилинган уй-жойларни реклама қилиш учун мазкур ёзувни ўрнатишган эди.
Ёзувни эса 1920 йилда Лондондан Лос Анжелесга кўчиб келган миллати инглиз бўлган Томас Фиск Гоффга буюртма қилишади. Томас Гофф Лос Анжелесга келиши билан ўзининг реклама ёзувларини ўрнатиб берадиган хизматини таклиф қилиши орқали хусусий фирма ташкил қиганди. Гофф ўзининг жамоаси билан баландлиги 15 метр, кенглиги 9 метр бўлган 13 ҳарфдан иборат 40 километр масофадан кўриш мумкин бўлган, жойнинг хусусиятларини ўзида акс эттирган ёзув инсталляциясини ўрнатади.
Ўз даврининг энг шуҳратпараст лойиҳаси учун бизнесманлар 21 минг (ҳозирги даврдаги 269 220 доллар) АҚШ доллари сарф қилади. Бу эса ҳозирги даврдаги реклама берувчиларни ҳайратга соладиган сумма бўлса, ажаб эмас.
Афсонанинг салбий жиҳати
Hollywood ёзувининг ҳар бир ҳарфи тўрт қаватли бино баландлигига тенг, бошқача қилиб айтганда, ёзув баландлиги 14 метрни ташкил қилади. Айнан ҳарфларнинг улканлиги, айниқса, америкалик ўз жонига қасд қилувчилар орасида машҳур бўлиб кетди. 1932 йилда актриса Пег Энтуисл «H» ҳарфи устига чиқиб ўзини пастга ташлайди. Актрисанинг ўз жонига қасд қилиши сабаби режиссёрнинг унга истаган ролини бермагани эди. 24 ёшли актриса ўлимидан сўнг машҳур бўлиб кетиш билан бирга, Hollywood ёзувини ҳам машҳурлигига сабабчи бўлади.Биз билган Голливуд
1944 йилда Hollywood ёзуви ўзининг дастлабки маъносини йўқотди. Бошқача қилиб айтганда, уй-жой мулкдорлари машҳур ёзув сабаб ўзлари тиклаган биноларни аллақачон сотиб юборишга эришган, ёзувдан эндиликда фойда йўқдек эди. Бироқ маҳаллий аҳоли ёзувни сақлаб қолишга муваффақ бўлади. Ёзув аллақачон Тинч уммони ғарбий соҳилининг рамзига айланганди. Аҳоли фақат Hollywood ёзувидаги сўнгги land сўзини олиб ташлашга розилик беради. Шу тариқа Hollywoodland Hollywood’га айланади.1970 йилга келиб Hollywood ёзуви анча эскирган ёзувдаги О ва U ҳарфлари шамол, ёмғир таъсирида йўқ бўлиб кетганди. Бироқ Playboy журнали асосчиси ҳамда рок мусиқачиси Хью Хефнер ёзувни қутқариб қолиш учун акция уюштиради. Акция доирасида ёзувнинг ҳар бир ҳарфи сотиб юборилади ва сотувдан келиб тушган пулларга Playboy асосчиси янги Hollywood ёзувини тиклашга эришади. Ёзувни мунтазам равишда таъмирламаслик учун ҳомийлар Австралия темиридан фойдаланишга қарор қилади. Таъмирлашга 250 минг АҚШ доллари керак эди.
Шу сабаб ҳар бир ҳарфни таъмирлаш учун маданият ҳомийси топилади ва улар ҳар бир ҳарфни аввалги ҳолатига қайтариш учун 27 минг 777 доллардан маблағ сарф қилади. «H» ҳарфини таъмирлаш учун Терренс Доннелли , «О» ҳарфига италиялик кинопродюсер Жованни Матса, биринчи «L» ҳарфи учун тадбиркор Лес Келли, иккинчисига эса қўшиқчи ва актёр Жин Отри, «Y» ҳарфига Хью Хефнер, W ҳарфига қўшиқчи Энди Уильямс, дастлабки «О» ҳарфига эса Warner Bros кино компанияси, кейинги «O»га эса бизнесмен Элис Купер, «D» ҳарфига бизнесман Томас Пули сармоя ажратади. Натижада, янги Hollywood ёзуви бугунги кўринишга келади.
Баландликка ҳарфларни олиб чиқиш борасида Хью Хефнер бош-қош бўлади ва шахсий учоқ ажратади. Янги ёзув аввалгисидан ҳажми билан кичикроқ эди: ҳар бир ҳарфнинг баландлиги 13,7 метрни, кенглиги эса 9-11 метрни ташкил қиларди. Таъмирдан чиққан ёзувнинг очилиш маросими 1978 йилнинг 14 ноябрида – Голливуднинг 75 йиллик юбилейига тўғри келади. Ёзув очилиш маросимини 60 миллиондан ортиқ инсонлар телевизор орқали томоша қилади. Бугунги кунда мазкур ёзув полиция томонидан муҳофазага олинган. Унга яқинлашишга йўл қўйилмайди.
Бугун мазкур ёзув Калифорниянинг ўзига хос ташриф қоғози. Кино саноатига элтувчи дарвоза. Ҳью Хефнер айтганидек, «Hollywood ёзуви миллионлаб одамларнинг орзулари. Париждаги Эйфель минораси каби – рамз. Бу рамз кинонинг рамзи».
Жаҳонгир Эргашев тайёрлади.
Изоҳ (0)