8 июль, чоршанба куни Андижон вилояти Избоскан туманида уй шароитида тайёрланган ширинликни истеъмол қилган 8 киши заҳарланди. Бу ҳақда Бош прокуратура «Дарё»га маълум қилди.

Маълумотларга кўра, туманнинг «Бешмирза» маҳалласида яшовчи Н.А.нинг (1987 йилда туғилган) туғилган кунини нишонлаш мақсадида турмуш ўртоғи Г.А. томонидан уй шароитида тайёрланган ширинлик (торт) истеъмол қилиниши натижасида оила аъзолари заҳарланган. Хусусан, 29 ёшли Г.А, 8 ёшли Р.Т, 4 ёшли М.Т., 33 ёшли Ф.А, 11 ёшли С.Т., 7 ёшли Б.Т. ва 31 ёшли Н.А. тиббиёт бирлашмаси шошилинч тиббий ёрдам бўлимига мурожаат қилган.

Ҳозирда улардан 5 нафарининг ҳолати яхшиланиб, яшаш уйига кетишларига рухсат берилган. Н.А. ва Г.А. ҳам яшаш уйга юборилиш арафасида.

Мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда.