Ўзбекистонда 10 июлдан бошлаб жорий этиладиган кучайтирилган карантин даврида Тошкент вилоятида истиқомат қилувчи, бироқ Тошкент шаҳрида меҳнат қилувчи ишчи-ходимларнинг пойтахтга кириб-чиқишига ҳам рухсат берилмайди.

Шоҳрух Ғиёсов.

Фото: Мадина Нурман / «Дарё»

Бу ҳақда карантин талаблари қайта кучайтирилиши муносабати билан 8 июль куни АОКАда ташкил этилган матбуот анжуманида Ички ишлар вазирлиги матбуот котииб Шоҳрух Ғиёсов маълум қилди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири.

Матбуот анжумани давомида Ғиёсов стикерли автотранспорт воситалари билан боғлиқ вазият юзасидан берилган саволга ҳам жавоб берди.

«Стикерли автотранспорт воситалари ҳаракатланишига рухсат этилади. Бироқ ушбу масалани бугун яхшилаб ўрганиб, эртага ўтказиладиган брифингда аниқ жавобни айтишим мумкин», — деди ИИВ матбуот котиби.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 10 июлдан 1 августга қадар карантин тартиби кескин кучайтирилмоқда. Жумладан, тўйлар тақиқланмоқда, болалар боғчалари ёпилмоқда, вилоятлараро автотранспорт қатнови тўхтатилмоқда, автомобилдан фойдаланиш яна чекланмоқда.