Жиззахда шаҳар ҳокимлиги биноси карантинга олинди, деб хабар бермоқда ҳокимлик матбуот хизмати.
Қайд этилишича, сўнгги кунларда Жиззахда коронавирус инфекциясининг кўпайганлиги туфайли ҳудудда вирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида йўлланма асосида шаҳар ҳокими Акбар Шукуров топшириғи билан ҳокимлик ходимлари COVID-19 тестидан ўтказилган.
Ўтказилган тест натижаларига кўра, Жиззах шаҳар ҳокимлиги ходимлари ва раҳбариятидан коронавирус инфекцияси аниқланмаган.
Аммо «Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш маркази» Жиззах шаҳар бўлимининг 1 нафар ходимида COVID-19 инфекцияси аниқланганлиги сабабли «Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш маркази» Жиззах шаҳар бўлими ва шаҳар ҳокимлиги биноси карантинга олинган.
Айни пайтда ҳокимлик ходимлари ўз ишларини масофадан туриб давом эттирмоқда.
Маълумот учун, Ўзбекистонда 7 июль соат 10:00 ҳолатига кўра, коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 10 459 нафарга етди. Шундан 6690 нафари соғайган, 38 киши вирус оқибатларидан вафот этган, вирус қурбонларининг икки нафари 29 ва 30 июнда Жиззах вилоятида қайд этилган.