Беларусда президентликка номзод ҳисобланган ва ҳисбда сақланаётган Виктор Бабарикога нисбатан мамлакат Жиноят кодексининг учта моддаси: пул ювиш, солиқларни четлаб ўтиш ва пора олиш жиноятлари бўйича айбловлар эълон қилинган. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар қилди.

Фото: Reuters

Минск шаҳар судида 2 июль куни Бабарикони ҳимоя қилаётган томоннинг унинг ҳибсда сақланишининг қонунийлиги бўйича апелляция шикояти кўриб чиқилган.

Собиқ банк раҳбарига нисбатан апелляцион тартибда учта модда бўйича айблов эълон қилингани ҳақида суд қарори қабул қилинган.

Айбловга кўра, президентликка номзоднинг ўғли ва унинг сайлов штаби раҳбари Эдуард Бабарико Беларусь Жиноят кодексининг «Катта миқдордаги солиқларни тўлашдан бош тортиш» моддаси бўйича айбланмоқда.

30 июнда Минск марказий туман суди Бабариконинг шикоятини кўриб чиқиб, уни гаров эвазига озод қилишни рад этганди. Ҳимоя томони ушбу қарорни Минск шаҳар судига апелляция бериб ўзгартирмоқчи эканини маълум қилган.

Бабарико ва унинг ўғли Эдуард 18 июнда ҳибсга олинган. Беларусь давлат назорати қўмитаси президентликка номзодини қўйган собиқ банк раҳбарини жиноий гуруҳ ташкилотчиси ва раҳбари бўлганини қайд этган. Бабарико ва унинг ўғли ҳисбга олингач, адвокатларнинг улар ёнига киришига йўл қўйилмаган.

19 июнда бош прокурор Александр Конюк «Белгазпромбанк» иши қатнашчилари мамлакат миллий хавфсизлиги манфаатларига иқтисодий ҳамда бошқа соҳалар бўйича ҳам зарар етказганини таъкидлаган.

Шунингдек, шу куни Беларусдаги инсон ҳуқуқлари ҳимоячлари Бабарикони сиёсий маҳбус деб топган. Евроиттифоқ Беларусь ҳукуматидан Бабарикони озод қилишни сўраган.

Аввал Бабарико адвокати ахборотда айблов эълон қилингани, бироқ мижозининг қайси модда бўйича айбланаётгани ошкор этилмаганини билдирган. Кейинроқ кичик Бабарикога ҳам айблов эълон қилинганди.