Киночилик тарихида алоҳида из қолдирган «Терминатор 2: Қиёмат куни» фильми 1991 йилда TriStar Pictures киностудияси томонидан тақдим этилган. У Жеймс Кемерон режиссёрлигидаги Америка илмий-фантастика фильми, «Терминатор»нинг давомидир.
Ўз даврида улкан шов-шувга сабаб бўлган ва ўн миллионлаб мухлисларга эга бўлган бу фильм Ўзбекистонда ҳам анча машҳур. Айниқса 1990 йилларда VHS кассеталарда уни қайта-қайта кўриш урфга айланган эди. Арнольд Шварценеггерни бутун жаҳонга, хусусан, Ўзбекистонга машҳур қилган фильмлар ҳам айнан «Терминатор»нинг дастлабки икки қисми ҳисобланади. Халқ орасида Шварценеггерни «Терминатор» деб аташ одатини бугунги кунга қадар учратиш мумкин. «Терминатор 2» салкам 30 йил муқаддам катта экранга чиққанига қарамай, бугунги кунга қадар эсланадиган ва қайта-қайта томоша қилинадиган шедевр ҳисобланади.
Бугун, 3 июль –«Терминатор 2»нинг халқаро премьераси бўлиб ўтган кун. «Дарё» сана муносабат билан қизиқарли фактлар ва фотосуратларни тақдим этади.
Фильм 1990 йил июндан ноябргача Лос-Анжелесда суратга олинган. Асосий ролни Арнольд Шварценеггер ижро этган. Тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, фильм кино тарихида биринчи бўлиб компьютер анимациясига катта эътибор қаратди, бу эса фильмнинг янада қизиқишларга сабаб бўлишига олиб келди.
«Терминатор 2» 2017 ва 2019 йилларда фильм 3D форматида қайтадан томошабинларга тақдим этилди. Биринчи қисм билан таққослаганда фильмни ишлаб чиқариш бюджети 16 бараварга, яъни 6,4 миллион доллардан 100 миллион долларга кўпайди.
Фильм 20 га яқин нуфузли мукофотларга сазовор бўлди: тўртта «Оскар» (энг яхши овоз, пардоз, овозли ва визуал эффектлар учун), Америка илмий ва даҳшатли фильмлар академиясининг бешта мукофоти («энг яхши илмий-фантастик фильм» ва «энг яхши режиссёрлик» номинацияси бўйича) каби мукофотлар шулар жумласидандир.
Изоҳ (0)