«Реал Мадрид» ҳимоячиси Ашраф Ҳакими фаолиятини «Интер»да давом эттирадиган бўлди.

Фото: «Интер» ФК

«Интер» матбуот хизмати хабарига кўра, марокашлик 21 ёшли ҳимоячи «Интер» билан 5 йиллик битим имзолаган.

Қайд этилишича, Ҳакими учун Милан клуби «Реал»га 40 миллион евро тўлайди. Бундан ташқари футболчининг иштирокига қараб, мадридликлар турли хил бонусларга ҳам эга бўлади.

Ашраф «Интер»да йилига 5 миллион евро маош олади.

Маълумот учун, Ҳакими «Реал» тарбияланувчиси ҳисобланади. У клуб тизимида 2006 йилдан бери ҳаракат қилиб келарди. Бош жамоа сафида эса 9 та ўйин ўтказиб, 2 та гол урган.

Сўнгги икки мавсумни бўлса, ҳимоячи ижара асосида Дортмунднинг «Боруссия» клубида ўтказди. Ҳакими 2019/20 йилги мавсумда Бундеслиганинг 32 та ўйинида қатнашиб, 5 та гол урди ва 10 та голли узатмани амалга оширди.

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!