Наманган вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 2020 йилда умумий қиймати 13,1 тириллион сўм бўлган 2 минг 148 та лойиҳа ишлаб чиқилган. Улар доирасида 55,1 мингта иш ўрни яратилиши кўзда тутилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 26—27 июнь кунлари вилоятга ташрифи давомида маълум қилинди.

«Дарё» мухбири мазкур лойиҳаларни амалга ошириш жараёнидаги муҳим йўналишлар тўғрисида инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Азиз Воитов билан интервью уюштирди.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ахборот хизмати

Ҳар бир ҳудуднинг «драйверлари» белгилаб олинди

Вилоятни янада ривожлантириш ва камбағалликка қарши кураш бўйича ишлар бир нечта йўналишда олиб борилади. Наманганда 55 мингдан зиёд ишчи ўрни яратиладиган дастур тузилди. Лойиҳаларни ишлаб чиқишда ишчи гуруҳ томонидан ҳар бир туманнинг кучли ва заиф жиҳатлари чуқур таҳлил қилинди. Шу тариқа ҳар бир ҳудуднинг иқтисодий ўсиш нуқталари, яъни «драйверлари» белгилаб олинди. Туман-шаҳарларнинг кучли томонини янада кучайтириш, заиф томонларини эса бартараф қилишга катта аҳамият қаратилади ва бу бўйича 3 йилга мўлжалланган чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди.

Андижон вилояти тажрибаси қўлланилади

Биринчи йўналиш кооперация тамойили асосида тадбиркорлик ва касаначиликни ривожлантириш бўлиб, 157 та янги лойиҳа орқали 18,4 минг нафар аҳолини иш билан таъминлаш кўзда тутилган. Бунда Андижон вилояти тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, йирик тадбиркорлар молиялаштирилади ва улар касаначиларни иш билан таъминлайди.

Масалан, чарм соҳасини олсак, тадбиркор 100-200 та хонадонни хом ашё билан таъминлайди, буюртма беради ва қайта ишланган маҳсулотни ўзи яна сотиб олади. Ёки чорвачилик билан шуғулланувчи йирик тадбиркорга кредит берилади. У юзлаб хонадонга соғин сигир етказиб беради ҳамда сут ишбилармон томонидан сотиб олинади ва қайта ишланади. Қисқаси, йирик саноат тармоқлари орқали аҳоли даромадини ошириш, фуқаролар хонадонига кириб бориш мақсад қилинган.

Мазкур лойиҳалар тўқув-трикотаж, ҳунармандлик, иссиқхона хўжаликлари, мева-сабзавотчилик, чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик, боғдорчилик, заргарлик, эчкичилик, ёғочсозлик каби йўналишларда амалга оширилади.

Тадбиркорларга «хизматлар пакети» тақдим этилади

Наманганда йирик ишлаб чиқариш объектлари йўқ, асосан, кичик бизнес ривожланган. Шу боис инвестиция комплексидаги 3 та банк – Миллий банк, «Асака банк» ва «Саноатқурилишбанк» билан ҳамкорликда кичик бизнесни ривожлантириш учун тадбиркорларга «хизматлар пакети» тақдим этилади. Яъни, тадбиркорга шунчаки кредит берилмайди. Унга бизнес режа тузиш бўйича ёрдам кўрсатилади, махсус ўқитилади ва йўл-йўриқ кўрсатилади. Тадбиркор танлаган соҳа диагностика қилиниб, кучли ва кучсиз томонлари ўргатилгач, сўнгра кредит берилади.

Маълумки, Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг тадбиркорларни ўқитишга мўлжалланган дастури мавжуд. Мазкур лойиҳа водийда ҳам иш бошлаган. Шунга наманганлик бўлажак тадбиркорларни ҳам жалб қилган ҳолда уларга бизнесни бошқариш кўникмалари ўргатилади.

«Лойиҳалар фабрикаси» — бўлажак тадбиркорлар кўмакчиси

Ҳар бир вилоятда ташкил этилиши режалаштирилган «Лойиҳалар фабрикаси» Наманганда ҳам йўлга қўйилади. «Саноатқурилишбанк»нинг вилоятдаги филиали қошида очиладиган ушбу янги ташкилотда Ёшлар иттифоқи ва банк раҳбарияти тавсияси билан сараланган салоҳиятли ёшлар фаолият юритади. Улар мижозларнинг ҳар бирига индивидуал тарзда ёндашиб, бўлажак тадбиркорларни янги инвестицион ғоя ва лойиҳалар билан таъминлайди, ўқитиш керак бўлса, янги билим ва кўникмалар беради, лойиҳасини амалга ошириши учун маблағ зарур бўлса, етарли миқдордаги ресурслар билан таъминлашда кўмаклашади.

Исталган киши «лойиҳалар фабрикаси»га мурожаат қилиши мумкин. Асосий мақсад, оддий аҳолини – тадбиркорга, тадбиркорни – кичик ёки ўрта бизнес субъектига, ўрта бизнес субъектини – йирик корхона ёки кластер даражасига олиб чиқиш ҳисобланади.

Боғдорчилик ҳам кластер тизимида ривожлантирилади

Ўсиш нуқталаридан яна бири боғдорчилик соҳаси саналади. Наманганда иссиқхоналар кам, лекин боғлар кўп. Жами 16 минг 100 гектар боғнинг 3 минг 300 гектари эскирган, самарасиз боғлар. Мана шу боғлар қайта ташкил этилади ва қўшимча 1 минг 200 гектар адирликдаги ерлар ўзлаштирилиб, томчилаб суғориш тизими жорий қилинади. Бу ўринда шунчаки боғ яратилмайди, балки мева-сабзавотни териб олиш, қуритиш ва қайта ишлаш бўйича экспорт-кластер яратилади.

Ҳозир вилоятда 670 га яқин боғдорчилик корхоналари мавжуд. Аммо уларнинг барчаси кичик-кичик бўлгани туфайли чет элдаги йирик супермаркетларга тўғриданб тўғри мол етказиб бера олмайди. Бу муаммони бартараф этиш учун махсус тизим ташкил этилмоқда. Унга кўра 13 та йирик экспортёрлар танлаб олинди. Улар боғбонлардан ҳосилни йиғиб олади ва қайта ишлаб, хорижга етказиб беради. Вазирлик қошида экспортни рағбатлантириш агентлиги бор. Бу агентлик тадбиркорларга сертификатлар сотиб олишга кўмаклашади. Тадбиркор сертификатга эга бўлгач, супермаркетлар тармоғига тўғридан-тўғри маҳсулот этказиш имконига эга бўлади.

Ушбу лойиҳаларни молиялаштириш мақсадида Жаҳон банкининг 50 миллион доллар, IFAD ташкилотининг 10 миллион доллар, Осиё тараққиёт банки ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг 40 миллион доллар миқдоридаги кредит маблағлари жалб қилинади. Натижада мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти ҳажми 55 млн доллардан 232 млн долларга етказилади.

Эчкичилик кенг йўлга қўйилади

Азалдан Поп ва Чуст туманларида эчкичилик яхши йўлга қўйилганлигини инобатга олиб, бу соҳа ҳам ривожлантирилади. Бунда эчкилар кластер усулида парвариш қилиниб, ҳар бир эчкидан ўртача 4-5 кг атрофида жун маҳсулотлари олинади, қайта ишланади, касаначилик асосида ип йигириш, тўқув ишлари амалга оширилиб, тайёр маҳсулотлар (жемпер, рўмол, пайпоқ ва бошқалар) ишлаб чиқарилади.

Дастур бўйича юнги қайта ишланадиган 50 минг бош Ангор эчкиси Наманганга олиб келинади ва тадбиркорларга берилади. Шу билан бирга 3 минг 500 та оилага ҳам эчки тарқатиш кўзда тутилган. Улар ишлаб чиқарадиган юнг кластер томонидан сотиб олинади ва хом ашё сифатида фойдаланилади.

Тўқимачилик тармоғи брендлаштирилади

Вилоятда тўқимачилик соҳаси жуда яхши ривожланган. Бироқ уларнинг барчасини брендлаштириш зарур ва бунга кўпроқ аҳамият қаратамиз. Бу борада иккита йўл бор — миллий брендни ривожлантириш ёки дунё брендлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш.

Эндиликда экспортгача бўлган барча жараёнларни бир ҳудуднинг ўзида ташкил этиш ҳисобига этакчи бозорлар талабларига мос бўлган, юқори сифатли арзон маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Натижада маҳсулотларни ривожланган давлатлар, шу жумладан, Европа иттифоқининг етакчи бренд корхоналарига тўғридан-тўғри етказиб бериш платформаси яратилади.

Чет элдаги ўзбекларга сармоядор сифатида қаралмайди

Хориждаги ватандошлар салоҳиятидан самарали фойдаланиш ҳам режалаштирилган. Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда хориждаги диломатик ваколатхоналар билан биргаликда «олтин дафтар» реестри ишлаб чиқилмоқда. Ватандошлар билан мулоқот олиб бориш натижасида вилоятни ривожлантириш масалалари бўйича келишиш кўзда тутилган. Уларга шунчаки пули бор сармоядор сифатида қаралмайди, балки интеллектуал билим олиш ва ҳамкорлик қилиш таклиф қилинади.

Наманган вилоятида хориждаги ватандошлар иштирокида умумий қиймати 247 миллион доллар бўлган 17 та лойиҳа амалга оширилиб, 1,9 мингта иш ўрни яратилиши кутилмоқда.

Миролим Исажонов суҳбатлашди.