Нукус шаҳри 30 июндан бошлаб «қизил» тоифага кирган ҳудудлар қаторига кириши мумкин. Бу ҳақда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг ахборот хизмати хабар қилди.

Фото: «Дарё»

Қорақалпоғистон Республикасининг маъмурий марказида бир қатор чекловлар қайта жорий қилиниб, карантин чоралари кучайтирилади.

Хусусан, жамоат транспорти, буюм бозорлари, кафе ва ресторанлар, сартарошхоналар, автомактаблар фаолияти вақтинча тўхтатилади.

28 июнь куни Қорақалпоғистонда аҳоли орасида янги касалланиш ҳолатлари аниқланганди. Эпидемия бошланганидан бери Қорақалпоғистонда жами 151 та ҳолат қайд этилган, 141 нафар бемор коронавирус инфекциясидан тузалганди. Айни вақтда 10 нафар бемор касалхоналарда даволанишни давом эттирмоқда.

Ўзбекистондаги туман ва шаҳарлар эпидемиологик тоифаларининг янгиланган рўйхатида Нукус шаҳри «сариқ» ҳудуд сифатида белгиланган.