«Ўрикзор» бозори 17 июнь куни дезинфекция ишлари учун ёпилди. Бу ҳақда ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолар гувоҳлик бермоқда.

Ўзбекистонда 15 июндан бошлаб «яшил» ва «сариқ» ҳудудларда буюм бозорлари фаолиятига рухсат берилган эди. Тошкентда 16 июндан бошлаб кўплаб бозорлар, жумладан, «Абу Сахий» буюм бозори («Тошкент савдо маркази») ва Сергелидаги машина бозори («Истеъмолда бўлган транспорт воситалари ва эҳтиёт қисмлар Сергели бозори» компанияси) ишга тушди.

Шу билан бирга, аҳоли орасида карантин даврида буюм бозорлари фаолиятига рухсат берилиши хавфли эмасми, деган савол пайдо бўлди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Ботир Қурбонов бу саволга жавоб бериб, буюм бозорларида эпидемиологик барқарорликни таъминлаш ва касаллик кенг тарқалишининг олдини олиш учун барча зарурий профилактик чоралар кўрилишини таъкидлаганди.

Эслатиб ўтамиз, Соғлиқни сақлаш вазирлиги 23 май куни бозорлар ходимларини оммавий тестдан ўтказиш жараёнида Тошкентдаги «Ўрикзор» бозоридаги сотувчиларнинг бирида коронавирус аниқланиб, бозор вақтинчалик ёпилганди, 30 май куни сотувчининг ўғли ва қизида ҳам коронавирус инфекцияси аниқланганди. 1 июнь куни эса «Ўрикзор»даги яна бир сотувчида ва Юнусободдаги дўкон сотувчисида коронавирус аниқланди.