13 июнь куни Наманган шаҳри «Янги Замин» маҳалласида яшовчи 44 ёшли У.Х. исмли фуқаро турмуш ўртоғи билан жанжаллашиб қолиб, уни болта билан ўлдирди. Бу ҳақда Бош прокуратура «Дарё»га маълум қилди.

Маълумотларга кўра, жанжал оқибатида У.Х. 36 ёшли турмуш ўртоғининг бош ва бўйин соҳасига болта билан бир неча маротаба уриб, уни қасддан ўлдирган. Шундан сўнг у вояга етмаган фарзандлари — 10 ва 8 ёшли қизлари, шунингдек, 4 ойлик чақалоғини болта билан уриб, тан жароҳати етказган.

Оқибатда 4 ойлик чақалоқ воқеа жойида вафот этган. Қолган икки нафар қиз эса эса тан жароҳати олиб, қўшниси А.Д. нинг яшаш хонадонига қочиб чиқишга улгурган.

Содир бўлган воқеалардан сўнг, У.Х. яшаш уйининг ошхонасида ўзини ёқиб юбориб, ҳодиса жойида вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан шу куни вилоят прокуратураси томонидан У.Х.га нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.