10 июнь куни «Ўзбекконцерт» давлат муассасасида навбатдан ташқари йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишни маданият вазири Озодбек Назарбеков олиб борди.

Фото: «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси матбуот хизмати

Йиғилишда ташкилий масала кўрилди. 2017 йилдан буён муассасага раҳбарлик қилиб келган Одилжон Абдуқаҳҳоров бошқа ишга ўтганлиги муносабати билан муассаса директорининг ижодий масалалар бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келган Алишер Жамолдинов вақтинча директор вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Фото: «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси матбуот хизмати

Алишер Жамолдинов 1975 йилда туғилган. Маълумоти олий. 1999 йилда Мухтор Ашрафий номидаги Тошкент давлат консерваториясининг шарқ мусиқаси факультетини тамомлаган.

Меҳнат фаолияти давомида 2013—2018 йилларда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигида бир қанча масъул лавозимларида фаолият юритган, хусусан, Концерт-томоша муассасаларини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи вазифасида меҳнат қилган.

Алишер Жамолдинов 2018 йилдан бошлаб «Ўзбекконцерт» давлат муассасасида ижодий масалалар бўйича директор ўринбосари лавозимида меҳнат қилиб келмоқда.

«‘Ўзбекконцерт’ давлат муассасаси жамоаси Одилжон Абдуқаҳҳоровнинг муассасадаги самарали фаолияти учун миннатдорлик билдиради ҳамда келгусидаги ишларига ҳам муваффақиятлар тилайди.

Ўз навбатида Алишер Жамолдиновга ҳам бундан кейинги фаолиятида муваффақият ва самарадорлик ҳамроҳ бўлишига тилак билдиради», — дейилади ахборотда.