Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманидаги «Оқтош» МФЙ Қувват қишлоғи аҳолиси 80 ўринли мактаб филиали қурилиши лозим бўлган ер учун тортишиб, бир неча ташкилотларга мурожаат қилган. Можаро туман ҳокими ва вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи аралашуви билан ҳал этилган. Бу ҳақда «Дарё»га туман ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилди.

Фото: Деҳқонобод туман ҳокимлиги

Муаммога ечим топиш мақсадида вилоят ҳокими Зоир Мирзаев топшириғи билан воқеа жойига етиб борган туман ҳокими Зоир Алиқулов ва вилоят халқ таълими бошлиғи Абдуғани Ҳимматов қишлоқ оқсоқоллари билан суҳбатлашган.

Фото: Деҳқонобод туман ҳокимлиги

Маълум бўлишича, қишлоқ аҳолиси кўпайиши оқибатида ҳудуддаги 82-мактаб учун филиал қурилишига эҳтиёж сезилган. Филиал биноси учун маблағ ҳам ажратилган. Бироқ қишлоқ аҳолиси филиал қурилиши лозим бўлган жой хусусида тортишиб, иккига ажралиб қолган. Бир томон «филиал бизга яқин қурилсин» деса, яна бир томон «филиал бизнинг ҳудудда қурилсин» деган. Ва ўртада можаро келиб чиққан.

Фото: Деҳқонобод туман ҳокимлиги

Деҳқонобод ҳокими Зоир Алиқулов ва вилоят ХТБ бошлиғи Абдуғани Ҳимматов воқеани обдон ўрганиб, ҳар икки томон учун ҳам маъқул ҳудудни танлаган. Ва мазкур масала сабаб тортишиб қолган қишлоқ кайвонилари яраштирилган.

Фото: Деҳқонобод туман ҳокимлиги

«Муҳими, мактаб филиали ҳар икки томон учун ҳам қулай жойда қуриладиган бўлди. Қурилиш ишлари тез орада бошланиши таъкидланди», — дейилади ҳокимлик ахборот хизмати хабарида.