Ўзбекистон ҳукумати 1 июлдан бошлаб Душанбе билан мунтазам авиақатновларни қайта йўлга қўйиш борасида Тожикистонни огоҳлантирди. Ҳукуматнинг бу борадаги расмий мактуби Тожикистон Транспорт вазирлигига тақдим этилган, деб хабар беради Asia-Plus.
Тошкент ва Душанбе ўртасидаги авиақатновлар коронавирус тарқалиши хавфининг олдини олиш мақсадида 16 март куни тўхтатилган ва бошқа қўшни давлатлар каби Тожикистон билан ҳам чегаралар ёпилганди.
Маълумот учун, Ўзбекистонда 1 июндан «сариқ» ва «яшил» ҳудудларда спорт тўгараклари, фитнес клублар ва спорт заллари фаолиятига рухсат берилган, 2020 йил 4 июнь куни 8 июндан масжидлар, 15 июндан ресторан ва боғчалар очилиши ҳақида республика махсус комиссиясининг қарори қабул қилинган. Шунингдек, 1 июндан бошлаб «сариқ» ва «яшил» ҳудудларда ички туризм ўз ишини қайта бошлади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусга чалиниш бўйича биринчи ҳолат 15 март куни аниқланган эди. Ҳозирда мамлакатда коронавирус билан касалланганлар сони 4022 кишини ташкил этмоқда, 3247 бемор коронавирусдан бутунлай соғайган, 16 нафар бемор эса касаллик асоратлари оқибатида вафот этган.