АҚШнинг Жоржия штати шимолида кичик самолёт қулаши оқибатида 5 киши ҳалок бўлди, деб хабар бермоқда WGXA маҳаллий полиция шерифи Говард Силлсга таяниб.
Қайд этилишича, ҳодиса оқибатида самолёт эгаси ва учувчиси бўлган 67 ёшли Ларри Приутт, қизи Жоди Рей Ламонт ва унинг турмуш ўртоғи Шон ҳамда 5 ва 4 ёшли неваралари ҳалок бўлган. Улар дафн маросимига бориш учун Флорида штатидан Индиана штатига кетаётган бўлган.
Икки моторли хусусий самолёт қуюқ ўрмонли ҳудудга қулаган. Шерифнинг сўзларига кўра, двигателлардан бири ҳалокат содир бўлган жойдан бир неча километр нарида топилган. Воқеа жойига тез ёрдам бригадалари етиб келиб ёнғинни ўчирган, аммо йўловчиларни қутқара олмаган.
Ҳодиса сабаблари аниқланмоқда. Федерал авиация бошқармаси ва Миллий хавфсизлик кенгаши ишни ўз назоратига олган.
Аввалроқ Покистонда бортида 107 киши бўлган самолёт қулагани, йўловчиларнинг 2 нафари омон қолгани хабар берилган эди.