Ўзбекистонда эпидемия бошланганидан буён коронавирусни аниқлаш бўйича қарийб 748,5 мингта тест ўтказилди. Бу ҳақда Санитария-эпидемиология осойишталик агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Ботир Қурбонов 5 июнь куни АОКАда бўлиб ўтган брифингда маълум қилди. Қайд этилишича, шундан 18,6 мингтаси сўнгги кунда ўтказилган.

Охирги икки ҳафта давомида тасдиқланган 937 та касалланиш ҳолатидан 412 нафари (47 фоизи) — аҳоли орасидан, 525 нафари (53 фоизи) — хориждан келган фуқароларда аниқланган.

Айни пайтда эпидемик вазият нохуш бўлган ҳудудлардан келган ва беморлар билан мулоқотда бўлган 49 117 нафар фуқаро тиббий назоратда бўлиб турибди. Уларнинг 26 794 нафари — уй шароитида, 22 323 нафари — стационар шароитда карантинга олинган.

Ботир Қурбоновнинг айтишича, аҳолида коронавирус скринингини ўтказиш учун республика бўйича 45 та ПЗР (полимераз-занжирли реакция) лаборатория комплекси, экспресс усулда ишлайдиган 75 та ПЗР жиҳозлари кун-у тун ишламоқда. Бу жараёнга 137 нафар тажрибали врач-вирусолог жалб қилинган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон бўйича коронавирусга чалинганлар сони 5 июнь соат 10:00 ҳолатига кўра 3 965 нафарни ташкил қилмоқда. Беморларнинг 862 бемор даволанишни давом эттирмоқда, улардан 9 нафари оғир, 1 нафари эса ўта оғир аҳволда. Шунингдек, ҳозиргача 3 087 киши соғайган, беморларнинг 16 нафари эса касаллик асоратлари оқибатида вафот этган.