Бугунги кунда Оқ Уй атамаси бутун жаҳонга машҳур. Ҳаттоки дунёнинг энг чет ҳудудларида ҳам кундалик ҳаётимизда тез-тез қулоққа чалинадиган ёки ўқиладиган «Оқ уйдан келаётган маълумотларга кўра…, Оқ уй хабарни рад этди…, Оқ уй якуний қарорни маълум қилди…» каби иборалар таниш. «Дарё» колумнисти Жаҳонгир Эргашев халқаро сиёсатнинг ва таъсирнинг марказига айланган Американинг энг асосий тарихий рамзларидан бири Оқ уй билан яқиндан таништиради.
Оқ уй АҚШ президентларининг расмий қароргоҳи бўлган бино. Мазкур бино Колумбия округининг Вашингтон шаҳридаги Пенсильвания авеню 1 600 кўчасида жойлашган қизиқарли афсоналарга бой бўлган тарих билан яна бетакрор. Оқ уй рамзи америка пул бирлиги – 20 долларлик банкнотада ҳам тасвирланаган ва АҚШнинг гўзал гўшалари рейтингида Нью-Йоркдаги Empayr Steyt Bilding’дан сўнг иккинчи ўринда туради.
1776 йил мустақиллик учун кураш ниҳоясига етгач АҚШ давлатчиларига давлат хизматини ташкил қилиш учун муқим жой керак эди. Одатда, пойтахт сифатида конгресс тўпланиб қарор қабул қиладиган аҳоли пункти танланар, шу сабабли ҳам аввалида Балтимор, Ланкастер, Йорк, Нью-Йорк, Принстон, Трентон ва Аннаполис каби шаҳарлар мамлакатнинг бош шаҳри вазифасини бажарди. Филадельфия шаҳри эса беш марта бош шаҳар бўлиш мақомига эришди. 1788 йилдан бошлаб эса конгресс қайси штатдан бўлишидан қатъи назар, пойтахт сифатида янги шаҳарни тиклаш борасида мунозаралар кўтарила бошланди.
1789 йилда сайланган АҚШнинг биринчи президенти Жорж Вашингтон мавжуд шаҳарлардан ҳеч қайси бирини пойтахт деб эълон қилмаслик таклифини берди. Жорж Вашингтон назарида федератив давлатда у ёки бу штатнинг шаҳрини пойтахт қилиш штатга алоҳида мақом бериши ва биринчилик учун даъво қилиши каби мулоҳазаларни ўртага чиқариши мумкин эди. Шу сабабли 16 июль 1790 йил санасида Конгресс шахсан Вашингтонга пойтахт танлаш топшириғини беради. Вашингтон танлаган жой эса Мериленд ва Виргиния штатлари орасида Потомак дарёси бўйида жойлашган эди. 1791 йилнинг 9 сентябрь санасида пойтахтга Вашингтон номи берилишини Конгресс маъқуллайди Конгрессга бўйсунадиган округни эса Колумбия деб номлашади.
Оқ уй биносининг қурилиши ҳам Жорж Вашингтоннинг ғояси билан юзага келади. Конгресс қароридан сўнг Жорж Вашингтон Потомак дарёсидан 10 милдан узоқ бўлмаган жойни танлайди. Президент қароргоҳини қуриш учун танлов эълон қилинади. Танловда ҳаттоки президентнинг ўз ҳам исмини яширган ҳолда қатнашади. Танлов якунларига кўра, президент қароргоҳини қуриш учун келиб чиқиши ирланд бўлган Дублинда таҳсил олган Жеймс Хобан ғолиб бўлади. Хобан президент қароргоҳини Ирландия парламенти йиғиладиган Leynster Haus услубида тақдим этади, бироқ Жорж Вашингтон Хобаннинг эскизига ҳам ўзгартириш киритиш зарурлигини айтади. Шу тариқа 1792 йилнинг 13 октябрь санасида Оқ уйнинг фундаментига биринчи ғишт қўйилади.
Оқ уй қурилишида оқ танлилар билан бир қаторда ижарага олинган қора танли қуллар ҳам иштирок этади. Хориждан таклиф қилинган европалик усталар тошларни кесиб, силлиқлаб гул ясашса, италян усталари Оқ уй устунларини безаш ишларини олиб боради. Саккиз йилдан кўпроқ давом этган Оқ уйнинг қурилиши 1800 йилнинг 4 июнида ниҳоясига етади. Таассуфки, Оқ уйнинг биринчи президенти бўлиш Жорж Вашингтонга насиб этмайди. Мамлакатни бир неча йилдан бери иккинчи президент Жон Адамс бошқариб келар ва муҳташам бинога рафиқаси Абигайл билан кўчиб ўтганди. Президент Жефферсон даврида Оқ уйнинг шарқий ва ғарбий террасалари битказилади. Айнан Жефферсон даврида Оқ уйни томоша қилишга келганларнинг унинг дарвозаларини очиб қўйиш одати пайдо бўлади.
Орадан ўн йил ўтиб 1812 йилда уч йил давом этган Англия-Америка уруши бошланади. 1814 йилнинг ёзида инглиз эскадраси Потомак дарёсига кириб боради. Ёрк учун қасос оламиз деб пойтахтнинг машҳур бинолари – Капитолий, Оқ уй, Ғазначилк уйини талон-тарож қилишади ва ёқиб юборишади. Урушдан сўнг Оқ уйни таъмирлаш учун яна Хобанни таклиф қилишади ва Хобан ўз «фарзанди» – Оқ уйни таъмирлаш ишларини 1817 йилда президент Ҳеймс Монро қасамёди куни тугаллаб битиради.
1833 йилда Оқ уйга сув қувури туширилади ва ювиниш хонаси қўшилади. 1848 йилда эса газли лампа ўрнатилади. Франклин Пирс президентлиги даврида иситиш тизими туширилади. Иккинчи қаватда ҳам ювиниш хоналари қурилади.
1901 йилда Оқ уйга АҚШнинг 26-президенти Теодор Рузвельт кўчиб киради. Теодор Рузвельт даврида бинога ғарбий қанот ва кичикроқ бўлган шарқий қанот қўшилади. Айнан Рузвельт даврида бино расмий тарзда Оқ уй дея номлана бошлайди ва бутун дунёга танилади. Маълумотларга кўра, Оқ уйга ишлатилган оҳак кул ранг бўлиб, 1814 йилги ёнғиндан сўнг сарғайган деворларни оқлаш ишлари олиб борилган. Яна бир маълумотда эса XIX асрнинг охирларида Оқ уй деган ном тез-тез ишлатилгани, маҳаллий аҳоли бино атрофдаги уйлардан рангги билан ажралиб тургани учун ҳам бинони Оқ уй деб аташган дейилади.
1909 йилда президент Уильям Тафт Оқ уйнинг ғарбий қанотини кенгайтиради ва биринчи Овал кабинетни қуради. 1927 йилда президент Калвин Кулиж даврида Оқ уйнинг асосий биносидаги омборхона турар жойга айлантирилади. 1929 йилнинг декабридаги ёнғин натижасида бинонинг ҳаво қувурлари ва канализациясига сезиларли зиён етади. Омборда чиққан ёнғинни сезиб қолган Оқ уй ходими ёнғин ҳақида президентни тезда хабардор қилади ва ёнғин ўчирилади. Бироқ Рождество байрами шарафига уюштирилган рақс сабаб келиб чиққан ёнғин бинонинг матбуот марказига, президентнинг шахсий ёзишмаларига жиддий зарар етказиб бўлган эди.
1942 йилда президент Франклин Рузвельт Иккинчи жаҳон уруши кетаётган бир вазиятда Оқ уйнинг шарқий қанотини таъмирлаш ишларини олиб боради. 1945 йилда президент Гарри Трумэн Оқ уйга кўчиб ўтган даврда Оқ уй шу даражага бориб етгандики, юрганда поллар ғичирлар, бино деворлари нураб борар эди. Ўзининг 145 йиллик тарихи давомида иккита ёнғинни кўрган бино шу даражага бориб етган эдики, бинода яшаш хавф туғдириб борарди. 1948 йилнинг июнида президент Трумэннинг қизи Маргаретга тегишли фортепиано оёғи полни тешиб қўяди ва президент бинонинг олди кўринишини сақлаган ҳолда радикал таъмирлаш ишлари олиб борилиши ҳақида буйруқ беради ва Трумэн ўз оиласи билан Оқ уйни 22 ойга тарк этишга мажбур бўлади.
Айнан шу даврдаги Оқ уй таъмири ҳозирги кунда ҳам ўз қиёфасини сақлаб қолган. Ҳозирда Оқ уй ҳудуди 7.2 гектар ерда ястаниб ётади. Оқ уй 6 қават бўлиб, унда 132 хона, 35 та ваннахона, 412 та эшик, 147 та дераза, 28 та камин печи, 8 та зина, 3 та лифт, теннис корти, гольф майдони, югуриш йўлакчаси, бассейн, боулинг йўлкаси ва кинотеатр мавжуд.
Ҳар тўрт йилда АҚШ конгресси Оқ уйни яхши ҳолатда сақлаб туриш учун давлат бюджетидан 100 минг доллар маблағ ажратади. Оқ уйнинг юқори қисмидаги икки қават биринчи хоним хизматида бўлиб, мамлакатнинг биринчи хонимлари мазкур қаватларни ўзлари истаганча безашлари, деворларини бўятишлари, дидларига мос парда осишлари ҳуқуқига эга. Мабодо президент ва биринчи хоним Оқ уй меҳмонхонасида бирор нарсани ўзгартиришни истаб қолсалар, улар албатта Оқ уйни сақлаш қўмитаси билан маслаҳатлашиши жоиз.
Оқ уйнинг давлат қаватларини тамирлаш учун Оқ уйнинг тарихий уюшмаси маблағларида ҳар ўн йилда бир марта маблағ ажратилади. Умуман олганда, Оқ уйга келган ҳар қандай президент ўз оиласи билан ўзига хос ўзгариш олиб келади. Кеннедилар Оқ уйда боғ барпо қилган, Никсонлар оиласи боулинг учун йўлак қурди, Картерлар даврида Оқ уйга қуёш батареялари ўрнатилди, Обамалар даврида эса теннис кортида баскетбол ўйнаш имконияти пайдо бўлди.
Оқ уйни безатишда ёки ўзгартиришда мамлакат биринчи хонимларининг ўрни ҳам беқиёс. Грэйс Кулиж қароргоҳ ландшафтини ўзгартириш учун Оқ уйдан унча узоқ бўлмаган жойда лилия гуллари ўсадиган ҳовуз қурдиради. 1909–1913 йилларда АҚШнинг биринчи хоними бўлган Хелен Тафт Оқ уй боғида 3 минг дона япон олча дарахти экишнинг уддасидан чиқади. Бу олчалар ҳозирга қадар президент қароргоҳига ўзгача гўзаллик бериб келмоқда. Мишель Обама эса Оқ уйнинг жанубий қисмидаги дала майдонида ўз қўллари билан сабзавот етиштиришни жуда хушлар эди. Элеонора Рузвельт ҳам боғда ишлаб, турли хил гуллар ва сабзавотлар етиштиришни жуда хуш кўрган. Президент Вудро Вильсоннинг иккинчи хотини Эдит Вильсон эса Оқ уйда чорва етиштиришни маъқул кўриб, унинг бир қанча қўйлари ҳам бор эди.
Оқ уйнинг хоналари
Шарқий қанотдаги икки этажлик хонада АҚШнинг биринчи хоними офиси жой олган. Унинг хизматида эса жамоат ва шахсий байрамларни ўтказишга ёрдам берадиган ходимлар: матбуот котиби, дизайнер флорист, бош каллиграф, бош ошпаз ва бошқа ходимлар иш олиб боради. Уларнинг барча ишини Оқ уйнинг ижтимоий котибияти назорат қилади. Унинг деворларига эса АҚШ президентлари ва уларнинг биринчи хонимлари портретлари осиб ташланган. Оқ уйнинг шарқий қаноти ерости қаватида ядро ҳужумидан ҳимояланиш пайтида фавқулодда операцияларни ўтказиш учун мўлжалланган хона мавжуд.
Ғарбий қанотдаги уч қаватли бинода эса Оқ уйнинг сиёсий ҳаёти қайнайди. Овал хона айнан шу қисмда жойлашган. Президент хонаси, вице-президент хонаси, Оқ уйнинг канцелярияси раҳбарияти айнан шу қисмда иш юритади. Шунингдек, бу қисмда матбуот анжуманлари учун журналистлар хонаси ҳамда ерости қаватида инқирозли пайтлар учун махсус қурилган хона мавжуд бўлиб, бу ерда махфий хизмат, ошхона, сузиш ҳавзаси жойлашган. Бу қисм сайёҳлар учун ёпиқ.
Юқорида Оқ уй олти қаватдан иборат дедик, шу қаватлардан иккитаси ерости қаватлар ҳисобланади. Биринчи қаватда асосан кирхона, ошхона ва Оқ уй хизматчиларининг ҳаракатланиш хоналари жой олган. ХХ асрнинг бошларида хусусан АҚШнинг 33 президенти Гарри Трумэн даврида Оқ уйнинг биринчи қавати марказий қисми тўлиқ реконструкция қилинган. Биринчи қаватда 10 хона мавжуд бўлиб, бу қават асосан Оқ уйнинг шарқий қисмини ғарбий қисм билан боғлаш учун хизмат қилади. Ҳозирда бу қаватда кутубхона, дипломатик корпус вакилларини қабул қилиш хонаси, Хариталар хонаси, Хитой хона ёки Чинни хона, Тилло хона ва бошқа хоналар жой олган. Бундан ташқари, биринчи қаватда боулинг хонаси, шифокор хонаси ҳам мавжуд.
Diplomatic Reception Room – Дипломатик қабуллар хонасида асосан хориж давлатлари дипломатлари ўзларининг ишонч ёрлиқларини топширадиган маросим ўтказиладиган хонадир. Бу хона Федерализм руҳидаги мебеллар билан жиҳозланган бўлиб, хона гиламларида 50 штатнинг рамзлари акс эттирилган. Хона деворларидаги гул қоғозлар 1834 йилда Франциядан келтирилган бўлиб, уларда Ниагара шаршараси, Бостон порти, Вест Пойнт (АҚШ ҳарбий академияси биноси), Виржиния табиат мости ва Нью-Йоркка киришдаги денгиз йўлаги акс этган. Айнан шу хонадан президент Рузвельтнинг камин олдидаги суҳбатлари намойиш қилинган.
Map Room - Хариталар хонаси олдин билярдхона бўлган. Президент Франклин Рузвельт бу хонадан ҳарбий амалиётлар пайти хариталардан фойдаланиш хонаси сифатида фойдаланган. Президент Кеннеди даврида мазкур хона иш офиси хонаси сифатида хизмат қилган бўлса, ҳозирда бу хона президент интервью бериши учун хизмат қилади ҳамда президент ва биринчи хонимнинг Оқ уй меҳмонлари билан учрашувларида фойдаланилади. Айнан шу хонада 2010 йилнинг 18 февралида президент Барак Обама 14 Далай Лама билан мулоқот қилганди. Хонадаги икки қизил ёғочдан ясалган кресло филадельфиялик машҳур қизил ёғоч устаси Томас Аффлеком меҳнати маҳсулидир.
China Room- Хитой ёки Чинни хона бир вақтлар омборхона, ўт ёқувчи ва гардеробхона бўлиб хизмат қилган. 1917 йилдан буён бу хонада АҚШ президентлари фойдаланган чинни ва ойнали идишлар коллекцияси намойиши ўтказиб келинади. Бу хонада АҚШнинг биринчи президенти Жорж Вашингтоннинг севимли чинни буюмларидан то Билл Клинтоннинг фил суягидан ясалган ноёб идишлари коллекцияси, заргарлик буюмлари сақлаб келинади. Буюмларни тўплаш ишларини XIX асрда АҚШнинг 23-президенти рафиқаси Керолайн Ҳаррисон бошлаб бергани диққатга молик.
1917 йилда эса Вудро Вильсоннинг рафиқаси Эдит Вильсон президентлар ишлатган чинни буюмларни намойиш қилиш ишларига бош қош бўлган. Хонанинг жанубий қисмидаги девордаги портретда президент Калвин Кулижнинг рафиқаси Грэйс Кулиж қиёфаси акс этган бўлиб, мазкур портрет 1924 йилда рассом Говард Чандлер Кристи томонидан чизилган. Шу боисдан хона фонларида қизил ранглар устунлик қилади, сабаби эса портретдаги қизил либосда тасвирланган Грэйс Кулиж тасвиридир. Бу хона сўнгги марта Ричард Никсоннинг рафиқаси Пет Никсон даврида таъмирланган. Кўпинча Оқ уйнинг бирнчи хонимлари бу хонада тор доирадаги чой маросимини ўтказади ва хоналардаги чинни буюмлардан фойдаланади.
Vermeil Room - тилла суви юритилган хона бир вақтлар билярд хона вазифасини ўтаган. Кейинчалик мазкур хонадан тилла билан ишлов берилган 1956 йилдан бошлаб Оқ уйга турли эҳтиёжлар учун олиб келинган буюмлар жой олган. Бу хона, шунингдек, «Алвонранг хона» ёки «Биринчи хонимлар хонаси» деб ҳам аталади. Сабаби мазкур хонада бир нечта АҚШ президентларининг рафиқалари портретлари ҳам жой олган. Жаклин Кеннеди Онассиснинг Аарон Шиклер томонидан чизилган портрети ҳам шу хонада жойлашган.
White House Library – Кутубхона. 1935 йилгача мазкур хонадан кирхона сифатида фойдаланишган. Ўзининг бугунги қиёфасига киришида Кичик Жорж Бушнинг хизматлари беқиёс. Хонада зангори ранглар устунлик қилиб, америкалик муаллифларнинг тарихий, илмий ва бадиий адабиёт жанридаги асарлари сақланади. Хонадаги XVII асрнинг охири ва XIX асрнинг бошларидаги мебеллар ва қандиллар бир вақтлар америкалик ёзувчи Жеймс Фенимор Купернинг оиласига тегишли бўлган. Хонадаги деворларда беш ҳинду сардорларининг президент Жеймс Монро билан учрашгани келгани акс этган бўлиб, мазкур портрет Чарльз Бёрд Кинг мўйқаламига мансуб. Бу хонани таъмирлашда 1817 йилдаги ёғочлардан фойдаланилган.
«Давлат қавати» деб номланадиган иккинчи қаватда асосан турли даражадаги расмий тадбирлар ўтказилиши урф. Бу расмий тадбирлар сирасига қабуллар, тушликлар, матбуот конференциялари киради. Бу қаватда саккизта хона мавжуд бўлиб, улар Шарқий зал, Зангори зал, Мовий зал, Қизил зал, оилавий овқатланиш хонасидир.
Blue Room – Мовий зал Оқ уйдаги энг беназир хоналардан бири ҳисобланади. Бу хонада АҚШ президенти асосан меҳмонларни қабул қилиш ва кичик тушликлар учун фойдаланади. Унинг пастки қисмида сариқ овал хона ва дипломатик қабуллар хонаси жойлашган. Бу хонадаги мебель жиҳозлари 1814 йилги ёнғиндан сўнг преидент Жеймс Монро томонидан жиҳозланган. Жорж Вашингтон, Жон Адамс, Жеймс Медисон, ва Жон Куинси портретлари ва камин устига Ганнибал ҳайкали ишланган француз соатлари 1817 йилда сотиб олинган.
1971 йилга келиб хонадан Томас Жефферсон, Жеймс Монро ва Эндрю Жексон портретлари ҳам жой олган. Хона марказида эса француз империяси даврига оид чироқлар ва қандил осилган. Мазкур хонани мовий кўриниши Мартин ван Бюрен даврида пайдо бўлган. Жаклин Кеннеди даврида Оқ уйнинг мазкур хонаси ўз рангларини ўзгартирган. Хиллари Клинтон биринчи хонимлиги пайтида мазкур хона яна ўзининг аввалги ҳолига қайтган. Айнан шу хонада 1886 йилнинг 2 июнь санасида АҚШ тарихидаги энг биринчи президентлик тўйи ўтказилган– Гровер Кливленд уйланган эди. Анъанага кўра, айнан шу хонада Рождество байрами учун махсус арча ҳам ўрнатилади.
Red Room – Қизил хона. Жеймс Медисоннинг президентлик даврида унинг қизи Долли бу хонага фортепиано жойлаштиради ва бу хона Оқ уйнинг мусиқий салони сифатида ишлатила бошланади. Қизил хонадаги аксар мебель жиҳозлари ва антиквариатлар Трумэн, Кеннеди ва Никсон даврида харид қилинган. 1775–1780 йилларга оид камен соатлари президент Трумэнга Франция президенти Венсан Ориоль томонидан 1954 йилда совға қилинган. Элеанора Рузвельт эса мазкур хонадан матбуот вакиллари билан учрашиш учун фойдаланган. Жаклин Кеннеди эса мазкур хонадан турмуш ўртоғи Жон Кеннедининг таъзиясига келганларни қабул қилган. Ҳозирда мазкур хона мусиқа салони сифатида ишлатилади.
Family Dining Room – Оилавий ошхона. Оилавий ошхона меҳмонлар учун қурилган ошхона билан туташиб кетади. 1800 йилларда мазкур хона президент оиласи билан овқатланадиган хона сифатида ишлатилган.
Green Room – Зангори хона. Мазкур хонадан учрашувлар ва кичик қабулларни ўтказиш учун ишлатишади. Қачонлардир бу хона Томас Жефферсоннинг ошхонаси бўлган бўлса, ҳозир бу хона мебель билан жиҳозланган кабинет. Хонадаги барча мебель 1810 йилда Нью-Йоркдаги мебелчи уста Дункан Файф тарафидан ясалган. Хона деворлари зангор тўлқинли ипак билан безатилган. 2007 йилда АҚШнинг биринчи хоними Лора Буш мазкур хонанинг интерьерини янгилаган.
East Room – Шарқий зал. Оқ уйдаги энг катта залдир. Бу зал ҳам матбуот анжуманлари, қабуллар, учрашувлар учун хизмат қилади. Бу хонада бир қатор эсда қоларли тўй маросимлари ҳам бўлиб ўтган. Президент қизлари Нелли Грант, Элис Рузвельт, Линда Бёрд Жонсонларнинг тўй маросимлари шу хонада ўтказилган. Мазкур хонада, шунингдек, кўплаб тарихий шартнома ва воқеаларга гувоҳ. 1973 йилнинг 21 июнь санасида АҚШ президенти Ричард Никсон ва Совет Иттифоқи раҳбари Леонид Брежнев атом энергетикасидан тинч мақсадларда фойдаланиш борасида икки давлат раҳбарлари битим имзолаган; 1978 йилнинг 17 сентябрида эса президент Картер ва Миср раҳбари Анвар Саодат ҳамда Исроил бош вазири Менамех Бегин ўртасида Кэмп Дэвид битими имзоланади; 1987 йилнинг 8 декабрида Рональд Рейган ва Михаил Горбачёвнинг ўрта масофага учувчи ракеталар борасидаги битим ва 2011 йил 8 майда дунёнинг номер биринчи террорчиси деб ном олган Усома бен Лоденнинг ўлими ҳақида Барак Обама маълумот беради.
Yellow Oval Room – Сариқ овал хона. Бу хона асосан хориж мамлакатларининг раҳбарлари билан учрашувлар ўтказиладиган жой. 1801 йилнинг 1 январь санасида президент Жон Адамс ўзининг президентликдаги илк қабулини шу хонада ўтказган. 1889 йилда эса бу хонада Оқ уй тарихидаги биринчи Рождество арчаси ўрнатилиб безатилган. Франклин Рузвельт айнан шу хонада ўтирганида японларнинг Пёрл Харборга ҳужум қилганидан хабар топган.
Ва ниҳоят сўнггида Oval Office – Овал хона ҳақида бир икки оғиз сўз. Овал хона АҚШ президентларининг иш хонаси. Бу хона Оқ уйнинг ғарбий қанотида жойлашган. Овал хонада учта катта ром мавжуд бўлиб, ромдан Капитолий биноси намоён бўлади. Оқ уйда бир нечта овал хоналар мавжуд бўлиб, айнан шу хона ўз шаклига монанд. Мазкур хона 1909 йилда президент Уильям Тафт даврида қурилган ва шу даврдан бери президентларнинг офиси бўлиб хизмат қилиб келмоқда. Франклин Рузвельт ногиронлик аравачасига ўтириб қолганидан сўнг, хона аравачада юришга мос қилиб таъмирланган.
Ҳар бир президент ўз иш хонасини ўзининг дидига мослаб безаб олиши одат тузига кирган. Овал хона тарихи мобайнида бу ердаги иш столи фақатгина олти маротаба ўзгартирилган. Ҳозирда ҳам мавжуд бўлиб, хизмат қилиб келаётган иш столи «Резолют» ҳисобланади. «Резолют» 1853 йилда Арктикада қолдириб кетилган ҳарбий денгиз кемасидан тайёрланган. Кейинроқ америкаликларга тегишли кит овловчи кема мазкур ҳарбийлар кемасини топиб олади ва Нью-Йоркка таъмирлаш учун олиб келишади. Сўнг кема Буюк Британияга қайтариб берилади ва 1879 йилда инглизлар кемани бўлаклаб ташлайди. Британия қироличаси Виктория мазкур кема ёғочларидан уч дона стол ясаттиради ва бирини «Резолют»ни Буюк Британияга қайтаргани учун АҚШ ҳукуматига совға қилади.
XVIII асрда дунёга келган ва XIX асрда оёққа туриб олган қарийб уч юз йиллик тарихга эга мамлакатнинг раҳбарлари қароргоҳи айнан бир мақсад учун – барқарорлик учун хизмат қилиш умидида қурилгандек. Оқ уй АҚШ президентларига мамлакатнинг иккинчи президенти бўлган Жон Адамснинг насиҳатларини эслатиб туради. Насиҳат Оқ уйнинг меҳмонлар учун ошхонаси деворлари пештоқига илиб қўйилган бўлиб, ёзувда қуйидаги сўзларни ўқиш мумкин: «Мен бу уйнинг келажакдаги эгалари ҳақиқатпарварлик ва донишмандлик билан шу уй томи остида мамлакатни бошқаришларини сўраб дуо қиламан».
Бу бино бугунда тарихнинг алғовли ва шонли даврлари тўфонидан ўтиб, бутун америкаликларга барқарорлик ва тинчликни эслатувчи ўзига хос рамзга айлангани ҳам бежиз эмас.
Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.
Изоҳ (0)