2020 йилда ОТМга кириш имтиҳонлари 20 июлдан 20 августга қадар ўтказилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Давлат тест маркази раҳбари Мажид Каримов 4 июнь, пайшанба куни ўтказилган онлайн брифингда маълум қилди.

Фото: «Дарё»

Унга кўра, олий таълим муассасаларига ҳужжатларни қабул қилиш 15 июндан 15 июлга қадар давом этади.

«15 июль куни соат 00:00 да ҳужжатлар қабули тўхтатилади. Сўнгра ҳужжатларни гуруҳлаш, абитуриентларга имтиҳонга кириш учун рухсатнома тайёрлаш жараёнлари амалга оширилади. Абитуриентлар рухсатномани Давлат тест марказининг расмий сайтидан олишлари мумкин бўлади. Рухсатномани олиш тартиби бўйича роликлар орқали маълумот бериш йўлга қўйилади.

Давлат қабул комиссиясига кўра, кириш имтиҳонларини 25 июлдан бошлаш ва 20 августгача давом эттириш режалаштирилмоқда. Аниқ саналар ҳақида яна қўшимча маълумот берилади», — деган у.

Шунингдек, брифингда маълум қилинишича, кириш имтиҳонлари 3 сменада бўлиб ўтади. Бунинг учун 64 та бино танлаб олинган. Ҳар бир гуруҳ учун алоҳида камералар ўрнатилади. Шунингдек, умумий имтиҳон жараёнини кузатиш имконини берадиган, 360 градусга айланадиган камералардан ҳам фойдаланиш режалаштирилган.

Маълумотларга кўра, 2020 йилда 3 та мажбурий фандан, яъни она тили, Ўзбекистон тарихи ва математикадан тест бўлмайди. Фақат 2 та мутахассислик фанидан тест олинади.

Баллар қуйидаги тартибда белгиланади:

  • 1-блок  — 30 та савол, ҳар бир тўғри жавобга 3,2 балл берилади, жами 96 балл;
  • 2-блок — 30 та савол, ҳар бир тўғри жавобга 3,1 балл берилади, жами 93 балл берилади.

Тест саволларини ишлаш ва жавобларни белгилаш учун жами 3 соат вақт берилади.